— дейди Олмалиқлик фаол нуроний Абдумажид ота Шодиев

Ҳудудларда қизғин суръатларда давом этаётган “Яшил макон” лойиҳаси бугун умумхалқ ташаббусига айланган. Бу бежиз эмас. Чунки ўлкамиз табиатида яшил маконлар қанчалик кенгайса, атроф-муҳит шунчалик тоза ҳамда мусаффо бўлади.  

Айни амалий саъй-ҳаракатларда юртимиз нуронийлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Улар келажак ворисларини ўз ортларидан эргаштириб, эзгу анъанани муносиб давом эттирмоқдалар.

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида истиқомат қилаётган  “Эл-юрт ҳурмати” ордени ҳамда 2-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Абдумажид ота Шодиев ана шундай фаол нуронийларимиздан бири. Отахон узоқ йиллар ички ишлар тизимларида хизмат қилиб, нафақага чиққан. Маҳаллада фахрий нуроний сифатида кўп йиллардан бери жамоатчилик асосида фаолият олиб борадилар. Ўз ҳудудларида кам таъминланган, ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни ўрганиб, давлат томонидан ажратилган нафақа ва ёрдамларнинг ўз эгаларига етиб боришини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Абдумажид ота аҳолини ўз томорқасидан унумли фойдаланишга доимо даъват этиб, ёш кўчатлар орасига рўзғор учун керак бўладиган сабзавот экинларини экиш, бир қарич ҳам бўш жой қолдирмасдан ердан тўғри фойдаланишни тарғиб қилиб келадилар. 78 ёшни қаршилаган бўлсалар ҳам  қўлларидан кетмон тушмайди. Отахоннинг томорқасида тартиб билан экилган дарахтлар, узум токлари, анор, анжир каби мевали дарахтлар парвариши тўлиқ ўз зиммасида. Бундан ташқари, эрта экилган сабзавотлар — картошка, сабзи ҳосили бошқаларникидан кўра тезроқ етилиш арафасида. Помидор кўчатлари, булғор қалампирлари гулга кирган. Кузда ерга суқиб қўйилган саримсоқпиёз, бош пиёзлар истеъмол қилишга ярайдиган ҳолга келган. Бодринг, ҳандалак палаклари пушталарга чўзилган. Гул, райҳон кўчатлари бўй чўзиб қолган. Хуллас, ҳовли деганлари фирдавсмонанд кўриниш касб этган.

— Президентимиз ташаббуслари билан Орол денгизининг қуриган тубида   яшил қопламаларни барпо этиш учун иссиқ иқлим ва сувсизликка чидамли саксовулга ўхшаш бута кўчатлари экилмоқда, — дея гап бошлайдилар отахон “Яшил макон” лойиҳасига тўхталар эканлар. —  Дашту саҳрода мана шундай мўъжизалар яратилаётган бир вақтда биз нега ўз томорқамизни гуллатиб-яшнатиб қўя олмаймиз?! Нега мамлакатимиз бўйлаб қанот ёзган “Яшил макон” лойиҳасида қатнашиб, ўз ҳудудларимизга дарахтлар экмаймиз?! Шу каби саволларни ўзимга такрор-такрор беришни яхши кўраман. Бу саволнинг жавоби ўлароқ, томорқамга ва ҳокимлик тарафидан ажратиб берилган йигирма сотих майдонга сараланган мевали кўчатлар экиб, боғ яратдим. Мана, ҳовлимда жами юз тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахтлар экканман. Дарвозадан кираверишда экилган япон сакураси жуда чиройли гуллаб, эрта баҳордан кишининг дилини яйратади. Ишкомлардаги олтмиш туп токни атайлаб Самарқанднинг Қўшработидан олиб келганман. Меваси йирик-йирик, майизи бозорнинг олди бўладиган узум навидан. 10 туп бодом ҳар йили шиғил мева беради. 10 туп бобоёнғоқнинг ҳосили оиламиз, қариндош-уруғлар истеъмолидан ортиб, бозорга ҳам чиқади. 20 туп олма дарахтининг меваси ғўралигидан бошлаб, пишгунча невараларимга эрмак бўлади. Дарахт экишда, албатта, кам сув ичадиган, сувсизликка чидамли турларини танлашга ҳаракат қиламан. Чунки бизнинг ҳудудда оқар сув муаммо. Экилган кўчатларни ҳам ўзини тутиб олгунча сув ташиб суғораман, пластик идишлар ёрдамида томчилатиб суғориш орқали асраб қоламан. Боғ қиламан деган одам, албатта, имкон топади. Шунча меҳнат, шунча ҳаракатни ким учун қиляпман, шунча дарахт мевасини бир ўзим ейманми?! Албатта, буни болаларим, невараларим, келажак авлодлар учун қиляпман. Дарахтлар кўпайса, юртимиз ям-яшил маконга айланса, ҳаво тоза, кислородга бой бўлади. Ёзнинг жазирамасида салқинлик беради. Мевасидан беминнат еган авлодларнинг илиги тўқ бўлади, витамин тақчиллиги бўлмайди. Буни яхши англаган ҳар бир ватандошимиз “Яшил макон” лойиҳасида фаол бўлиб, жонбозлик кўрсатиши лозим, деб ўйлайман. Чунки бу ҳаракатларимиздан мақсад, келажак авлодларга осмони мусаффо, тоза ҳаволи, боғ-роғларга бурканган Ватан қолдириш.

Абдумажид ота Шодиевнинг гапларидан хулоса қилган ҳолда, айтиш керакки, барчамиз — касбимиз ва ёшимиздан қатъи назар, юртимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида ўзаро ҳамфикр ва ҳамқадам бўлиб, кўзланган марралар сари борар эканмиз, Янги Ўзбекистонимизнинг гуллаб-яшнаши муқаррардир.

Асолат АҲМАДҚУЛОВА тайёрлади.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan