Пойтахтимизда жойлашган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Энг йирик ислом цивилизацияси музейи” номинацияси бўйича “Guinness World Records”нинг расмий рекордига киритилди.
Тантанали тақдирлаш маросимида ташкилотнинг расмий вакили, судья Шейда Субаси иштирок этиб, Марказ барча халқаро мезон ва стандартларга тўлиқ жавоб беришини тасдиқлади. Судья Шейда Субаси Марказ фаолиятига юқори баҳо бераркан, мазкур мажмуа нафақат ҳажми жиҳатидан, балки концептуал ёндашуви билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканлигини алоҳида эътироф этди.
Ислом цивилизацияси марказига 2018 йил 15 июнь, Рамазон ҳайити куни Президентимиз томонидан тамал тоши қўйилган эди. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилиб, ушбу илмий-маърифий масканда мамлакат тамаддуни ва илмий салоҳияти замонавий технологияларга уйғун шаклда намоён бўлган. У биргина Ўзбекистоннинг эмас, балки бутун Марказий Осиёнинг маънавият жавҳари бўлиб, марказ лойиҳасига катта эзгу мақсад билан — Учинчи Ренессанснинг илмий-маънавий пойдеворини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатнинг ислом цивилизациясини ривожлантириш борасидаги ролини янада ошириш ҳамда буюк алломаларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини миллий ва халқаро миқёсда оммалаштириш борасида алоҳида аҳамиятга эгадир.
Қарийб 7 йил ичида бунёд бўлган марказ ҳам маҳобати, ҳам қуришдан кўзланган туб мақсад-моҳияти билан улуғвордир. Бугун ушбу марказ юртдошларимиз билан бир қаторда, хорижий меҳмонларни ҳам ҳайратга солмоқда.
Марказ биноси уч қаватдан иборат бўлиб, узунлиги 161 метр, эни 118 метрни ташкил этади. Гумбазининг баландлиги 65 метр, умумий фойдаланиш ҳудуди эса 42 минг квадрат метрдан зиёд. Айнан шу ноёб кўрсаткичлар уни “Гиннесснинг рекордлар китоби”га киритиш учун асос бўлди.
Гумбаз остида махсус мэппинг голограммаси яратилган бўлиб, унда аввал коинот тасвири намоён бўлади, осмондаги юлдузлар жилоланади. Гумбаз остидаги юлдузлар композицияси Тошкент осмонида тунда кўринадиган юлдузлар харитаси асосида шакллантирилган. Уларни ифода этиш учун 90 дона “сваровский” тоши ва 650 дан ортиқ чироқлардан фойдаланилгани мазкур залга алоҳида улуғворлик бағишлаган.
Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази стратегик аҳамиятга эга мажмуа бўлиб, уч минг йиллик тарих, маданият ва илмий мероснинг, миллий ғоя ва тараққиёт босқичларининг яққол намунасидир. Келажакда ушбу мажмуанинг дунё бўйлаб янада довруғ қозониши, жаҳон маънавий жавоҳирлари ичидан муносиб ўрин олмоқлигига асло шубҳа йўқ, албатта.
Суғдиёна СОБИРОВА.