Бугунги шиддатли ва самарали ислоҳотлар жараёнида барча соҳалар вакиллари қатори нуронийларнинг фаолияти ҳам ҳал қилувчи масалалардан ҳисобланмоқда. Ҳозирда улар муҳтарам Юртбошимизнинг улкан ишончларини амалда оқлаган ҳолда, оиладан тортиб, маҳаллага қадар зиммаларига юкланган вазифаларни фидойилик билан адо этиб келмоқдалар. Чиндан ҳам, бугун фаол нуронийлар бош қўшмаган соҳа йўқ. Бугун уларнинг шижоати янада жўш урмоқда. Чунки ёши улуғлар маслаҳати, кўмаги ва дуоси билан бошланган иш борки, якуни хайрли ва самарали бўлади, албатта.
Айни кунларда юртимизнинг турли гўшаларида бунёд этилиб, ўзида пири бадавлатларимиз бўлган нуронийларимизни жамлаётган “Нуронийлар масканлари”, чинакам маънода, маҳаллаларимизнинг кўрки ҳамда файзли ошёнларидан бирига айланмоқда.
Наманган вилояти Уйчи тумани ҳокимлиги биноси ёнида қад ростлаган кўркам “Нуронийлар маскани”ни ана шундай лойиҳалардан бири дейиш мумкин.
Уйчи туманида бугунги кунда 232 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, шундан 21 мингга яқинини кекса авлод вакиллари ташкил этади. “Нуроний” жамғармаси туман бўлими томонидан фахрийлар фаолиятини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни муҳофаза қилиш, умрларига умр қўшиш, кексаларнинг улкан ҳаёт тажрибаларидан ислоҳотларни жадаллаштириш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашда оқилона фойдаланишга юқори даражада эътибор қаратилиб, бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Масканнинг тантанали очилиш маросимида “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими масъул ходими Абдурашид Болтабоев, меҳнат фахрийси Абдулҳай Турсунов, жамғарманинг туман бўлими раиси, вилоят Кенгаши депутати Тоҳиржон Исматиллаев, туман ҳокимининг ўринбосари Саидахон Аҳмадалиевалар иштирок этдилар.
Тантанада сўзга чиққанлар иштирокчиларни тадбир муносабати билан табриклаб, ушбу жойнинг келгусида уч авлод учрашувлари ўтказиладиган, ўзаро гурунглашадиган, ибратли оилалар мулоқоти ташкил этиладиган, турли танлов ҳамда тадбирлар уюштириладиган масканга айланишига умид билдирдилар. 
Нуронийлар бундай эътибор ва ғамхўрлик учун, аввало, Президентимиз, вилоят, туман ҳокимликларига ўз миннатдорликларини изҳор этдилар. Бунга жавобан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда янада фаол иштирок этиб, ёшлар таълим-тарбиясига муносиб ҳисса қўшишларини маълум қилдилар.
Тадбир якунида меҳмонлар масканда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Бу ерда кутубхона, соғломлаштириш, тиббиёт хоналари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг барчаси нуроний отахону онахонларимиз учун мунтазир.
Бадиий қисмда туман маданият маркази қошидаги “Тарона” ашула ва рақс ансамбли хонандалари-ю созандалари томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди.
Баҳодир Валиев.