Энг улуғ, энг азиз байрам — давлат мустақиллигининг 35 йиллик шонли тантаналари олдидан эълон қилинган “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саХоват” ойлиги ҳамда “Долзарб 40 кунлик” тадбирлари мамлакатимиз бўйлаб янгича суръат касб этмоқда.

Аҳамиятлиси, ушбу хайрли ва эзгу жараёнларда нуронийлар, маҳалла фаоллари ва ёшлар бир тану бир жон бўлиб, ҳудудларни ободонлаштириш, яшил майдонларни кенгайтириш ҳамда кам таъминланган ва эҳтиёжманд юртдошларимизга меҳр-оқибат ва мурувват кўрсатишда юксак фаоллик кўрсатмоқдалар.

Аслида байрам ва хурсандчилик кунлари олдидан ўз уйимиз, маҳалламиз ва кўчаларимизни обод қилиш, атрофга гўзаллик улашиш халқимизга хос энг эзгу анъаналардан бири аслида. Чунки хонадон озодалиги ва кўчалар кўрки нафақат дилни яйратади, балки одамлар орасида ўзаро меҳр-оқибат ва аҳиллик муҳитини ҳам мустаҳкамлайди.

Айнан ана шундай хайрли қадриятларни улуғлаган ҳолда, Фарғона туманидаги фаол нуронийлар ташаббуси билан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан,  “Тинчлик” маҳалласида яшовчи Мавлуда Темирова, Барчиной Аҳмедова ва Кимёхон Бекмирзаевалар маҳалла раиси Рустамжон Ғофуров тавсиясига асосан, райҳон кўчатларини маҳалладошларга улашиб, хонадонларга файз ва илиқлик олиб кирмоқда.

Бу каби эзгу ва савобли амаллар ҳудуд чиройига чирой қўшиш билан бирга, маҳалладаги қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари эса туман ҳуснига ҳусн, кўркига кўрк улашмоқда. Бу эса берунийликларнинг кайфиятига ижобий таъсир қилиб, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаяпти.

Президентимизнинг 2025 йил 8 октябрдаги “Алоҳида туман (шаҳар) ва маҳаллаларни аҳолининг яшаши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун намунали ҳудудга айлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги қарорига асосан, Беруний тумани “Саройкўл” маҳалласи “оғир тоифадаги маҳалла” рўйхатига киритилган бўлиб, республика бюджетидан 2 млрд. маҳаллий бюджетдан 1. млрд сўм маблағ ажратилган.

Шунга асосан ҳудуддаги 3 километр йўлда қора қопламали асфальт ётқизиш,  1 дона трансформатор пунктини ўрнатиш ҳамда 1 километр 200 метр масофага ҳаво электр тармоқларини тортиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Ҳозирда ички кўчаларда асфальтлаш ишлари бошланган. Аҳолининг “Ташаббусли бюджет” жараёнидаги фаоллиги сабаб яна 2 километр йўлда асфальтлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Бундай амалий лойиҳалар натижасида ҳудудда тадбиркорлик қилиш истагидаги ишбилармонлар учун қулай инфраструктуранинг яратилиши, доимий даромадга эга бўлиш, янги иш ўринларининг пайдо бўлишига шарт-шароитлар яратмоқда.

Шунингдек, мамлакатимизда байрам шукуҳи кезиб юрган  бугунги кунларда юртимизда табиатга ошно, гулни севиб парваришлайдиган отахону онахонларимиз ҳам маҳаллалар ободлигига ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Юнусобод тумани “Минор” маҳалласида истиқомат қилувчи Трябин Алексей Николаевич ҳамда Трябина Наталья Николаевна ана шундай юртдошларимиздан. Улар ёшларининг улуғлигига қарамай, меҳнатсеварлиги ва табиатга бўлган чексиз меҳрини амалда намоён этиб келишмоқда. Ушбу гулчи нуронийлар ўзлари яшаётган кўп қаватли уй атрофида 400 тупдан ортиқ турфа хил гул кўчатларини экиб, меҳр билан парваришлаб, мўъжазгина  гулзор барпо этган ҳолда, барчага намуна бўлмоқдалар.

Бугунги кунда ушбу гўзал маскан маҳалла аҳлининг энг севимли гўшасига айланган. Бу ерга ташриф буюрувчи  меҳмонлар ўзгача завқ олиб, файзли маскан тароватини алоҳида эътироф этмоқдалар.

Трябинлар оиласининг гулсеварлиги, фидойилиги маҳаллада барчага яхши маълум. Икки нуроний асло бўш ўтирмайди. Қачон қарасангиз, улар ана шу гулзорга ишлов бераётган бўладилар. Айни эзгу амал обод ва файзли маҳалла яратишда ҳар бир инсоннинг ўз ҳиссаси ва ўрни қанчалик муҳимлигини яна бир бор кўрсатиб бермоқда, албатта.

Дарҳақиқат, гўзаллик меҳр билан яратилади, обод маҳалла эса ана шундай фидойи инсонлар билан янада файзли бўлади. Ушбу икки фидойи нуроний меҳнатларининг самарасини кўриб, дил яшнайди, кўз қувонади. Ўз навбатида, бу тажрибани маҳалладаги барча хонадонлар учун тавсия этиш ҳам мумкин.

Шубҳасиз, юқоридаги тадбирларда уюшқоқлик билан қатнашаётган фаол кексаларимиз, уларнинг ташаббуси билан обод бўлаётган ҳудудлар ҳамда бу йўлдан бораётган ўрта ва ёш авлод вакиллари маҳаллаларимиздаги аҳил муҳитнинг мустаҳкам кафолатидир. Бундай умумхалқ ҳаракати юртимизда меҳр-оқибат, оқибатлилик ва яратувчанлик анъаналари бардавом эканини яна бир бор яққол намоён этяпти.

Турсунбой МАДАЛИЕВ,

“Нуроний” жамғармаси Фарғона тумани бўлими раиси,

Майсара Назарова,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan