Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон қадри ва манфаатларини улуғлаш, айниқса, ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида ҳудудлар қиёфаси тубдан янгиланиб, аҳоли учун қулай ва фаровон турмуш муҳити юзага келмоқда.
Қайд этиш жоизки, кейинги йилларда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри тобора улкан имкониятлар майдонига айланиб бормоқда. Шаҳарда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, ижтимоий инфратузилманинг кенгайиши ва замонавий объектларнинг барпо этилиши аҳоли, айниқса, ёшларнинг мазмунли ҳаёт кечириши учун муҳим омил бўлмоқда.
Ангрен шаҳрининг “Мирзо Улуғбек” маҳалласида барпо этилган “Янги Ангрен” маданият ва спорт мажмуасининг тантанали очилиши бу борадаги ташаббусларнинг амалдаги ёрқин исботидир.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Маданият вазири ўринбосари Муроджон Маджидов, Республика ишчи гуруҳи аъзолари, Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Зойир Мирзаев, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси ўринбосари Шароф Убайдуллаев, Тошкент вилояти прокурори Азамат Мирзаев, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳалла аҳолиси, нуронийлар, турли миллат вакиллари, миллий-маданий марказлар фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Янги мажмуа нафақат замонавий инфратузилма намунаси, балки маҳаллада соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оилалар фаровонлигини мустаҳкамлаш, жамиятда маънавий-маданий муҳитни янада юксалтиришга хизмат қиладиган муҳим маскан сифатида ўзига хос аҳамият касб этади.
Мажмуа Ангрен шаҳридаги 3-сонли “Дукент” маданият маркази негизида бунёд этилган бўлиб, 2025-2026 йилларда ушбу марказда лойиҳа қиймати 31 миллиард сўмлик капитал реконструкция ишлари амалга оширилди.
Тантанали очилиш маросимида мажмуа ҳовлисида амалий санъат ва ҳунармандчилик буюмлари, турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмалари намойиш этилди. Шунингдек, мажмуанинг боғ ҳудудида ташкил этилган “Book kafe” фаолияти тақдимоти ўтказилиб, “Китоблар карвони” доирасида китобхонлик мушоираси ташкил қилинди.
Мажмуа биноси тантанали очилгач, меҳмонлар унда яратилган шароитлар, жумладан, бинонинг кириш қисмида жойлашган спорт зали, гимнастика хонаси, рассомчилик ва доирачилар тўгараклари, иккинчи қаватдан жой олган тасвирий санъат, амалий санъат, рақс, вокал, театр, фольклор ва мусиқа йўналишларидаги тўгараклар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шу билан бирга, мажмуа таркибидаги 32х20 ўлчамли спорт, шейпинг заллари, фитнес хонаси барчага манзур бўлди.
Тадбир давомида мажмуа қурилиши ва реконструкциясида фаол иштирок этган бир гуруҳ фаоллар тақдирландилар. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкиллаштирилган дарахт кўчатлари экиш ишлари ҳам ажойиб ҳашарга айланиб кетди.
Тантана якунида ҳавола этилган концерт дастурида “Замин” халқ театри жамоаси томонидан Ўзбекистон ва қўшни давлатлардан етишиб чиққан буюк алломалар сиймоси гавдалантирилди. Ўз навбатида, санъат ва маданият соҳаси намояндалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди.
Умрзоқ Раҳматов.