Қизилқум кечагина поёнсиз туюлган саҳроларга эга чўл эди. Бундан салкам 45 йиллар аввал шу заминни макон тутган инсонлар меҳнати билан барханлар ичида кончилик саноати ва чорвачилик ривожланди. Қизилқум бағрида, Навоий вилояти марказидан 300 километр узоқликда жойлашГан Учқудуқ тумани республикамизнинг энг шимолий минтақаси ҳисобланади.
Туманда 7 та маҳалла ҳамда Коянтли, Бўронбой, Оқбайтал, Оқбўғот, Қуриқудуқ, Ғўрбой, Набиқудуқ, Олимбой, Кўкпатас, Контай, Бўзовбой, Қуланқоқ каби овуллар кесимида ташкил этилган 7 та овул фуқаролар йиғинлари мавжуд. Уларда бугун 40300 дан зиёд аҳоли, жумладан, ўзбек, рус, тожик, қозоқ, қорақалпоқ, татар, туркман ва бошқа миллат вакиллари истиқомат қилиб келмоқда.
Қувонарлиси, туман аҳолисининг 3515 нафари нуронийлар. Улар — элнинг энг ҳурматли инсонлари. Уларнинг дуоси билан ҳудуд тобора ободлик касб этмоқда.
— Кўпчилик яхши билса керак, 1958 йилда геология-қидирув экспедицияси муҳандислари томонидан туманимиз ҳудудида жуда катта миқдорда уран, олтин, олтингугурт, мармар ва бошқа қазилма бойликларининг заҳиралари аниқланган ва уларни очиш, ўзлаштириш, ишлаб чиқариш мақсадида турли давлатлардан мутахассислар келишган. Учқудуқ шаҳри дастлаб уларга ижтимоий шарт-шароитлар яратиш учун посёлка сифатида қад ростлаган, — дейди “Нуроний” жамғармаси Учқудуқ тумани бўлими раиси Икром ака Раҳимов. — Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Учқудуқ ҳам янги қиёфа, янги руҳ ва бунёдкорликлар масканига айланмоқда. Ободлик қайси маънодаки, ҳар бир кекса ёшли фуқаро эътиборда, меҳр оғушида. Нуронийларимиз орасида 45 нафар якка-ёлғиз яшайдиган кексалар, 24 нафар Афғонистон уруши қатнашчилари, 2 нафар Чернобиль фожиасини бартараф этишда иштирок этган фахрийлар бор. 13 нафар учқудуқлик кексалар давлат мукофотлари ва турли даражадаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Таъкидлаганимдек, ёлғиз яшаётган кексалар ҳолидан доим хабардормиз. Туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг маҳаллалардаги комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш ходимлари ҳар куни уларнинг хонадонига ташриф буюриб, ош-овқатини тайёрлашда, уй ишларида кўмак беришади. Патронаж ҳамширалар эса саломатликларини назорат қилиб, зарур дори-дармонлар билан бепул таъминлаб келишяпти.
Дарвоқе, бу фикрлар аниқ амалий натижалардир. Жумладан, “Айтим” маҳалласида 410 нафар нуроний яшайди. Иккинчи жаҳон урушида фронт ортида меҳнат қилган 93 ёшли Крвенюк Анна Ивановна ҳам мана шу маҳалладаги Геологлар кўчаси, 9-уйнинг 3-хонадонида истиқомат қилади.
Онахоннинг икки ўғли Россия Федерациясига кўчиб кетган. Аммо Анна Ивановна: “Мен ёшлик йилларим ўтган, нон-туз бериб ардоқлаган Ўзбекистондан ҳеч қаёққа кетмайман”, дея Учқудуқда қолган. У меҳрли одамлар орасида. Эшитиш қобилияти анча пасайган бўлса-да, бу унга мушкуллик туғдирмайди. Туман “Инсон” ижтимоий хизматлар бўлими вакили Нафиса Саидова унинг кўзу қулоғи. Биз ҳам унинг кўмагида онахон билан суҳбатлашдик.
— Мен 45 йилдан кўпроқ вақт шаҳар коммунал хизматлар бўлимида ишладим, — деди Анна Ивановна. — Бу йиллар давомида ўзбекларнинг инсонийлик фазилатларига жуда кўп марта гувоҳ бўлдим. Бу бегона, менинг нима ишим бор, деган нарса ўзбекларга ёт. Мана, қўшниларим ҳар куни иссиқ овқат қилиб мени кўргани киришади. “Нуроний” жамғармаси ходимлари, маҳалла раислари байрамларда совға-саломлар билан йўқлашади, ёлғизлигимни билдиришмайди. Қизим Нафисахон ҳар куни келади, хабар олади. Умридан барака топсин. Бунақа меҳр-оқибат яна қаерда бор, ўғлим?! Жуда кўп миллатдошларим Ўзбекистондан кетишаётганда мени ҳам шунга ундашди, аммо менинг томирим шу ерга боғланиб бўлган, қабрим ҳам шу тупроқда бўлишини истайман…
Онахоннинг миннатдор бўлганича бор. Анна Ивановнанинг пенсиясини нақд пул ҳисобида уйига келтириб беришар экан. Туман ҳокимлиги томонидан зарурий чақирувлар учун хонадонига симли телефон ҳамда сигнализация мосламалари ўрнатилибди.
Дарҳақиқат, туманда “Камбағалликдан —фаровонлик сари” давлат дастурининг ижроси бўйича маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари раислари билан бамаслаҳат ҳолда 29 нафар энг фаол, катта ҳаётий тажрибага эга нуронийларга 106 та ижтимоий реестрда турувчи оила бириктирилган. Натижада рўйхатда турган оилаларнинг 58 нафар вакили иш билан таъминланган, 12 нафарига ўзини-ўзи иш билан банд этиши учун кредит маблағлари ажратилган, 10 нафари қўшимча касб-ҳунар эгаллаши учун ўқув курсларига жалб этилган ва 17 та оиланинг мактабда ўқийдиган фарзандларига ўқув қуроллари, стол-стул ҳамда спорт кийимлари тақдим этилган.
“Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Астонбил Бараков ҳамда фаол нуронийлар Гулнора Баҳранова ва Гулсара Бараковалар ҳамроҳлигида улар томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлар билан ҳам танишдик.
Гулсара Собировна шу йилнинг биринчи ярмида ўзига бириктирилган 4 та камбағал оила вакиллари — Марина Бандарчукни Шимолий кон бошқармасининг механик таъмирлаш заводига, Гулсанам Эгамбердиевани туман ободонлаштириш корхонасига, Анора Рашидовани шаҳар совуқ сув таъминоти бўлимига, Лола Шамсиевани “Кўкпатос вольфрам” корхонасига ишга жойлаштирибди.
Гулнора Баҳранова билан суҳбатлашаётганимизда, бир аёл бизга яқинлашиб ўзини таништирди:
— Мен мана шу маҳаллада яшайман, Дилноза Ҳасанова бўламан. Уч фарзандим бор. Сўнгги йилларда учқудуқликларнинг турмуши яхшиланиб боряпти. Яхши яшашимиз, фарзандларимиз таълим олиши, спорт билан шуғулланиши учун барча шароитлар яратиб бериляпти. Бунга жавобан ўғил-қизларимиз ҳам юксак марраларни эгаллашяпти. Ўғлим Фахриёр Шуҳратов мактабнинг юқори синфида ўқийди, шу йил фан олимпиадасининг республика босқичида математика бўйича 2-ўринни эгаллади. Маҳалламизда бўлиб ўтадиган байрам тадбирларида ўғлим каби изланувчан ёшлар доим эътироф этилади. Бунда Гулнора опа ва у каби фаолларнинг алоҳида ҳиссаси бор. Мамлакатимиздаги тинчлик, фаровонлик эса бахтли кунларимиз учун асос бўлиб хизмат қиляпти. Биз, учқудуқликлар муҳтарам Президентимиз олиб бораётган ислоҳотлардан мамнунмиз, — дейди аёл ғурур билан.
Учқудуқ тумани шундай ҳудудки, унинг бир четидан нариги сарҳадига бормоқчи бўлсангиз, бийдек саҳро бўйлаб камида 300-350 чақирим йўл босиб ўтишингизга тўғри келади. Ҳамроҳим — туман нуронийлари раиси Икром ака Раҳимовнинг айтишича, Кўкаяз овули турган жойимиздан 182 километр, Узунқудуқ 150, Мингбулоқ 70 километр олисда экан.
Гапнинг очиғи, тонгги соат тўрт яримда йўлга чиқиб, 366 километр йўл босиб келганимиз учун узоқ овулларга боришни бошқа галга қолдириб, шаҳар четидаги “Навоий” номли маҳаллада бўлдик.
6251 киши истиқомат қилаётган мазкур фуқаролар йиғинида 439 нафар нуроний жиноятчиликнинг олдини олишда, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашда куч-ғайратини аямаяпти экан. Икки нафар юридик, беш нафар жисмоний шахслар томонидан микролойиҳалар амалга оширилгани боис, йил бошида рўйхатга олинган 34 нафар ишсиз фуқаронинг 23 нафари иш билан банд этилибди. Камбағал оилалар сони эса 8 тага қисқарибди. Ўша оила аъзоларидан 2 нафарини маҳалла “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Сафар ака Исановга, шунингдек, фаол нуроний Гулсара опа Бакировага Озода Жўраева, Гулноза Бобоқулова ҳамда Мафтуна Темировалар “маҳалла еттилиги” томонидан бириктирилган экан. Виктория Хабибулина ва Нилуфар Эрмановаларнинг фарзандларига мактаб формаси, стол-стул, 4 турдаги спорт кийимлари етказиб берилибди. Гулсара опа Бакирова Озода Жўраеванинг турмуш ўртоғини Шимолий кон бошқармасига ишга жойлаб, соғлиғида муаммоси бор фарзандини даволатиш учун ҳомий томонидан 10 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилибди. Гулноза Бобоқулова Шимолий кон бошқармасига, Мафтуна Темированинг турмуш ўртоғи Шимолий кон бошқармасига қарашли темир йўл станциясига ишга жойлаштирилибди.
Бу ишлар билан танишар эканмиз, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги нуронийлар каби учқудуқлик нуронийлар ҳам жамиятимиз ҳаётида фаол иштирок этиб, эл-юртимиз хизматига камарбаста бўлаётгани, ўз маҳалласи ёшларига чин маънода ибрат кўрсатаётганига гувоҳ бўлдик.
Худойберди Наврўз,
“Нуроний” мухбири.
“Навоий — Учқудуқ — Навоий”.