Янги Ўзбекистон истиқболи сари: янгича руҳ, янгича ислоҳотлар билан — юртимизда байрам шодиёналари давом этмоқда
Заминда янгиланиш ва яшариш фасли ҳукм сураётган бир пайтда инсон кайфиятида ҳам кўтаринкилик, бунёдкорлик, янгиликка интилиш истаги пайдо бўлиб, уни янгидан-янги марралар томон етаклайди. Шунинг баробарида, аҳоли халқ сайиллари воситасида тарих, миллий тамаддун асослари, анъана ва қадриятларга янада кўпроқ яқинлашади. Бундай тадбирларда ўзбек халқига хос ишбилармонлик, донишмандлик, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, бағрикенглик ва меҳмондўстлик анъаналари яққол намоён бўлади. Юртимиз бўйлаб қизғин давом этаётган шодиёналар, чин маънода, инсон қадрини улуғлашга қаратилган.
Хусусан, Наманган вилояти Уйчи туманида жойлашган “Чўртук”, “Иттифоқ”, “Янги ҳаёт” маҳаллаларида “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир” ғояси асосида умуммиллий халқ сайли ўтказилди. Унда Республика ишчи гуруҳ вакиллари, маҳалла аҳли, нуронийлар ва ёшлар иштирок этиб, миллий қадрият ва урф-одатларни ўзида мужассам этган кўргазмалар намойиш қилинди. Шунингдек, “Уч авлод учрашуви”, “Қўша қариш саодати”, “Камбағалликдан —фаровонлик сари”, “Инсон қадри учун”, “Экспресс кутубхона”, “Миллий спорт ўйинлари” каби лойиҳалар ҳамда мусиқий чиқишлар тадбир дастуридан ўрин олди.
Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Севинч” маҳалласида фаол нуронийлар, бувижонлар, маҳалла аҳли ва ёшлар иштирокида миллий анъаналаримизни тарғиб этувчи “Сумалак сайли” ташкил этилди. Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизга тинчлик-тотувлик, халққа фаровонлик, юртга ободлик ва барака тилаб, тинчликнинг қадрига етиш зарурлигини таъкидладилар.
Наманган шаҳрида жойлашган “Сумалак гузари” маҳалласида байрам муносабати билан қатор маданий-маърифий тадбирлар ҳамда давра суҳбатлари ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ишчи гуруҳ аъзолари, Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов, маҳалла фаоллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилиб, унда ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва миллий ҳунармандчилик анъаналари тақдимот қилинди. Шунингдек, спорт мусобақалари, миллий қадриятларимизни акс эттирувчи кўргазмалар, Наврўзга хос удумлар ҳамда санъатга ихлосманд ёшларнинг куй-қўшиқлари ва чиқишлари байрамона кайфиятга кайфият қўшди. Тадбир якунида ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи бир гуруҳ ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга байрам совғалари топширилди.
Хоразм вилоятида ҳам байрам юқори савияда нишонланди. Бу ҳақда “Нуроний” жамғармаси Хива шаҳар бўлими раиси Қурбонбой Холиқов шундай дейди:
— Бу йилги Наврўз илгаригиларидан ҳам кўпроқ шод-хуррамлик улашмоқда. Сабаби, юртимизда кечаётган муҳим воқеликлар — янгиланиш ва бунёдкорлик ишларидан ёшу қари бирдай хурсанд. Биргина Хива шаҳри мисолида оладиган бўлсак, жуда катта қурилиш ишлари олиб борилмоқда. “Хива Арда” учун 120 миллион доллар миқдорида маблағ сарфланган бўлса, шу йилнинг ўзида Хивага 400 миллион доллардан зиёд маблағ ажратилиб, ишлар янги босқичда давом эттирилмоқда. Буларнинг ҳаммаси халқимизнинг фаровонлигини таъминлаш, мамлакатимиз салоҳиятини юксалтириш, хусусан, Хиванинг туризм истиқболини ошириш учун, албатта. Бунинг учун Юртбошимизга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Дарҳақиқат, кўп миллатли халқимизнинг Наврўзи олам байрамини юқори кайфиятда, шукроналик руҳида, тинчлик-омонликда нишонлаши ушбу айёмнинг халқимиз тарихидаги беқиёс ўрнини янада яққол намоён этмоқда.
Мазкур байрам уч минг йиллик тарих қатидан чиқиб, халқимизнинг маънавиятига кўзгу тутмоқда, эзгулик, тинчликсеварлик, элпарварлик, ободлик ва аҳилликни тамсил этиб, Ўзбекистоннинг қиёфасини дунёга танитмоқда. У халқимизни миллати, тили, динидан қатъи назар, бирлаштирувчи, Янги Ўзбекистоннинг яхлит овози эканини кўрсатувчи ўлмас қадриятларимиз дурдонасидир. Наврўз — умрбоқийдир.
С.Собирова.