Ота-боболаримиз азалдан оилани табаррук маскан сифатида эъзозлаб келишган. Айниқса, никоҳланувчи ёшларни ҳаётга тайёрлашда кўпни кўрган нуронийларимизнинг ўгитлари асқотади.

Жумладан, “Нуроний” жамғармасининг жойлардаги бўлим ва бўлинмалари  қошида ташкил этилган “Бувижонлар мактаби” фаоллари томонидан ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш юзасидан қимматли маслаҳатлар бериб келинаётганлиги айни муддао бўлмоқда.

Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш маркази”да ташкил этилган   навбатдаги ўқув машғулотида 9 нафар никоҳланувчи ёш жуфтлиги иштирок этди.  Уни “Бувижонлар мактаби” жамоатчилик гуруҳи раҳбари Авазой Тўраева олиб борди.

Ўқув машғулотида ёшларга оила, меҳр-оқибат, муроса-ю мадора   тушунчалари, оиланинг муқаддас даргоҳ эканлиги тушунтирилди. Оилавий қадриятлар, маромийлик, урф-одатлар, қайнона ва келин ўртасидаги муомала, кийиниш маданияти, саранжом-саришталик, тежамкорлик, пазандалик тўғрисида фикр юритилди.

Шунингдек,  оилавий ҳаётга қадам қўяётган ҳар бир никоҳланувчи ёш касб-корли, бирор ҳунар эгаси, китобга ошно, сабр-қаноатли,  ширинсўз бўлиши лозимлиги тушунтирилди.

Учрашувда Қашқадарё вилояти “Нуронийлар” жамоатчилик кенгаши,    Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Шавкат Султонов, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси Ҳамида Собировалар ҳам иштирок этиб, ўз ҳаётий тажрибалари ҳақида гапирдилар. Ўз навбатида, ёшларнинг саволларига атрофлича жавоб бердилар.

Равшан НОРМУРОДОВ,

“Нуроний” жамғармаси Нишон тумани

 бўлими мутахассиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan