Юртимизда сўнгги йилларда рўй бераётган ўзгаришлар каттаю кичикни бирдек қувонтирмоқда. Бунинг боиси, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, энг аввало, инсон қадрини улуғлаш тамойилига асосланганлигидир. Ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун  зарур шароитлар яратиш, шу орқали меҳнат бозорида рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигига эришиш мақсадида туб ўзгаришларни дастлабки нуқта — маҳаллалардан бошлаш нафақат фуқароларнинг турмуш шароитлари, онги ва дунёқарашини ўзгартирмоқда, балки юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий-технологик салоҳиятининг юксалишига ҳам замин ҳозирламоқда.

Бугун дунё ҳамжамиятида тинчлик, дўстлик алоқалари мувозанатдан чиқиб, ўзаро урушлар, минтақавий зиддиятлар хавфи кучайган бир пайтда давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсат олиб бораётганликлари алоҳида эътирофга сазовордир. Жумладан, Ўзбекистон аҳил қўшничилик алоқаларининг мустаҳкамланишида ташаббус кўрсатаётгани, дунё давлатлари билан дўстона дипломатик алоқаларнинг йўлга қўйилгани, аввало, халқ манфаатлари ўйланганидан далолатдир.

Тинчлик, омонлик ҳукм сураётгани учун ҳам Ўзбекистонда байраму тантаналар хотиржам, бош омонликда, ҳузур-ҳаловатда катта шодиёналар билан нишонланмоқда.

Жорий йил юртимизда Наврўз умумхалқ байрами ва Рамазон айёмининг уйғун келганлиги янада хайрли бўлди. Эзгу анъанага мувофиқ, бу йил ҳам пойтахтимиз ва республикамиз вилоятлари бўйлаб ифторлик йиғинлари ташкил этилди. Барча ҳудудларда ёзилган ифторлик дастурхонлари атрофида нуронийлар, меҳнат фахрийлари, уламолар ва зиёлилар, турли дин ва конфессиялар вакиллари, ногиронлиги бор ҳамда эҳтиёжманд юртдошларимиз жамландилар.

Сариосиё туманида ҳам  қутлуғ айёмлар муносабати билан маданий-маърифий тадбирлар, халқ сайиллари давом этмоқда. Меҳр-оқибат, хайр-саховат, бағрикенглик сингари юксак инсоний фазилатлар намойиш этилиб, эҳтиёжманд оилаларга моддий-маънавий кўмак берилмоқда.

Биз, сурхондарёлик  нуронийлар юртимизда кексаларга кўрсатилаётган эҳтиромдан ғоят мамнунмиз. Улкан эътибор ва ишонч ғайратимизга ғайрат қўшиб, масъулиятимизни оширмоқда. Бугунги улуғ айём кунларида барча нуронийлар дуога қўл очиб, муҳтарам Юртбошимизга омонлик, куч-қувват тилаб, мамлакатимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраётирлар. Тилагимиз шуки, тинчлигимиз абадий бўлсин! Байрамлар байрамларга уланаверсин!

Салом ҚОСИМОВ,

“Нуроний” жамғармаси

Сариосиё тумани бўлими раиси.

Юртимизда байрамлар байрамларга уланиб кетди. Бундан халқимиз ғоят мамнун. Барчанинг қалбида шукроналик. Наврўз байрамидан бир қувонсак, Рамазон шукуҳи руҳимизга ўзгача ҳаловат бағишламоқда. Ҳайит байрами арафасида муҳтарам Юртбошимиз раҳбарликлари остида мамлакатимизда анъанага мос равишда ташкил қилинган ифторлик дастурхонида иштирок этдик ва ўзгача ҳурмат-эҳтиром, эътибордан мамнун бўлдик.

Онлайн ташкил қилинган мулоқотда мамлакатимиз Президенти кейинги йилларда республикамизда амалга оширилган бунёдкорлик ва янгиланишлар, инсон қадрини улуғлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш борасидаги ташаббуслар ҳамда уларнинг амалдаги самараларини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Эътироф этиш жоизки, эришилаётган ўзига хос ютуқларда бугунги кунда юртимизда иш олиб бораётган фаол нуроний отахону онахонларнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Улар ҳозирда жамиятимизнинг ҳар бир жабҳасида ўзларининг ҳаётбахш ташаббуслари билан қизғин иштирок этиб, аҳоли фаровонлигини ошириш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларнинг муаммоларини тизимли ҳал этишда жонбозлик намуналарини кўрсатиб келмоқдалар.

Албатта, ҳали олдинда ўз ечимини кутиб турган масалалар бисёр. Ишонч билан айтамизки, ғузорлик нуронийлар бундан кейин ҳам билдирилган юксак ишончни оқлаш йўлида масъулият билан фаолият олиб борадилар.

Зеро, ўз Ватани ва халқининг гуллаб-яшнаган, фаровон ва хотиржам ҳаётини кўриш, ўзини-да ана шу бахтли ҳаёт бағрида ҳис этиш ҳар бир нуроний кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Наврўзи олам ва Рамазон ҳайити айёмлари муносабати билан чин дилдан муборакбод этамиз. Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Ҳасан Қаҳҳоров,

“Нуроний” жамғармаси 

Ғузор тумани бўлими раиси. 

Юртимизда ўзгача айём шукуҳи ҳукм сурмоқда. Бир томондан Наврўз — янгиланиш ва яшариш байрами, иккинчи томондан — Моҳи Рамазон, ҳайит айёмининг завқу шавқи мамлакатимизга ажиб бир тароват, юртдошларимизга олам-олам қувонч, ҳаловат ва хотиржамлик улашмоқда.

Ҳурматли Юртбошимиз иштирокида ташкил этилган файзли тадбир — ифторлик дастурхони мамлакатимиздаги нуроийларни қалбан бир даврага жамлади, десам муболаға эмас. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эъзоз, эҳтиромни ҳис этиб, биз — барча нуронийлар жаннатмакон юрт, қонун устувор, адолат барқарор бўлган жамиятда яшаётганлигимизга шукроналар айтдик. Бу юксак эътибор бизга янада куч-қувват берди.

Дунё майдонида турли зиддиятлару нотинчликлар, урушлар кечаётган бир вақтда мамлакатимизда тинчлик ва фаровонликнинг барқарор бўлиб турганлиги республикамизда тинч-осуда ҳаёт, элимиз бахт-саодати йўлида  имкониятларнинг тўлақонли ишга солинаётганлигини кўрсатади, албатта.

Мамлакатимизда кечаётган ислоҳот ва янгиланишларда турли соҳалар вакиллари қаторида биз — нуронийларнинг ҳам олдинги сафларда бораётганлигимиз, ижтимоий фаол бўлиб, баркамол авлод камоли, халқимиз фаровонлигига баҳоли қудрат ҳисса қўшаётганлигимиздан ҳар лаҳзада  фахру ифтихор ҳиссини туймоқдамиз.

Бугун сирдарёлик фаол нуроний отахону онахонларнинг  шижоати    олдингидан анча баланд. Жорий йилда ҳам улар ўз зиммаларидаги вазифаларни юқори талабчанлик билан адо этишда бардавом бўлиб, халқимизнинг фаровонлигини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда олиб борилаётгн хақчил ислоҳотларга лаббай деб жавоб бермоқдалар, шарафли хизмат йўлида камарбаста бўлиб келмоқдалар.

Расул Вейсалов,

“Нуроний” жамғармаси

Сирдарё туман бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan