Рамазон — меҳр-саХоват ойидир. Бу ойда  инсонлар рўза тутиб покланадилар, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб, яхшиликлар,  эзгуликларга йўлдош бўладилар. Эҳтиёжманд оилаларга эҳсонлар қилиб, кўнгилларни обод қиладилар. Моҳи Рамазоннинг ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланиб, ибодату зиёратда бўладилар.

Жорий йилда ҳам ушбу айёмни юқори савияда ўтказиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори қабул қилинган. Қарорга асосан, ой давомида “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш; маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш; ер, сув, ҳаво ва табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва  қабристонларни обод этиш; Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкор ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида инсонпарварлик тамойилларига асосланади, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар марказида инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда биродарлик муҳитини шакллантириш каби эзгу мақсадлар туради. Бу, айниқса, Рамазон ойида тўлақонли намоён бўлмоқда. Хусусан, жойларда нуронийлар, якка-ёлғиз яшовчи ва эҳтиёжманд фуқаролар, беморлар ҳолидан хабар олинмоқда. Оғир аҳволга тушиб қолган оилаларга амалий кўмак кўрсатилмоқда.

Жумладан, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ҳам эҳтиёжманд ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида хайрия ифторлик тадбири ташкил этилди. Тадбир доирасида “Оқсарой” тантаналар мажмуасида 300 нафардан зиёд рўзадор фуқаролар учун ифторлик дастурхони ёзилди. Унда нуронийлар, кам таъминланган оилалар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.

Фарғона вилояти Бувайда туманида ёзилган ифторлик дастурхонида туман маҳаллалари аҳолиси ҳамда нуронийлар жам бўлиб, самимий суҳбат қурдилар. Йиғилганлар юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб, дуо қилдилар.

Шунингдек, Наманган вилоятида ҳам “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” шиори остида хайр-эҳсон тадбирлари ташкил этилмоқда. Янги Наманган туманидаги “Камолхон ота” миллий таомлар марказида ёзилган навбатдаги ифторлик дастурхонига 100 нафар нуроний, меҳнат фахрийлари ва жамоат фаоллари таклиф этилди. Самимий ва файзли руҳда ўтган ифторлик давомида нуронийлар Юртбошимизни дуо қилиб, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги ва Ватанимиз равнақи бардавом бўлишини тиладилар.

Бу каби тадбирлар жамиятда ижтимоий бирдамлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатликни қарор топтириши баробарида муборак Рамазон ойининг фазилатлари, ахлоқий-маънавий мазмун-моҳиятини тарғиб этиши билан янада аҳамиятлидир.

Суғдиёна Собирова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan