Халқимиз азалдан меҳр-мурувват, бағрикенглик, инсонларга яхшилик қилишдек умумисоний фазилатларни улуғ санаган. Ҳаётда ва турмушда эзгу, хайрли ишлар қилишни ўз бурчи деб билган. Муборак Рамазон ойи халқимиз севган, қадрлаган, ундан улкан маънавий руҳ, қувват олган гўзал қадриятларимиздан биридир. Бу ой ўз шукуҳи ва файзи билан ҳаётимиздан ажралмас ўрин олган, албатта.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Унда мамлакатимизда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, хусусан, “Рамазон — меҳр-мурувват, аҳиллик ва шукроналик ойи” деган эзгу ғоя асосида кам таъминланган, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш; маҳаллаларни ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш; ер, сув, ҳаво ва табиий муҳитни асраш, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳ ва  қабристонларни обод этиш; Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларни исрофгарчиликка йўл қўймасдан, ихчам, мазмунли ва тежамкорлик асосида ўтказишга алоҳида эътибор берилиши таъкидланган.

Шунга мувофиқ, мамлакатимиз ҳудудларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, ҳашар каби хайрли ишларга қўл урилиб, йўқлов тадбирлари ўтказилмоқда. Ўз навбатида, жойларда ушбу ташаббусга кекса нуронийлар бош бўлиб, ҳашарда муносиб фаоллик кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган ҳамда халқаро аҳамиятга эга “яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида юртимизда ҳар йили куз ва баҳор мавсумида миллионлаб дарахт кўчатлари экилиши анъанага айланиб улгурган. Шунга кўра, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини экишга старт берилиб, “долзарб 10 кун” доирасида кенг жамоатчилик сафарбар этилган. Мамлакатимизнинг жанубий ҳудуди — Сариосиё туманида баҳор фаслининг эрта кириб келиши сабабли кўчат ўтқазишни қисқа муддат ичида самарали, тизимли ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади. Шуни инобатга олган ҳолда, Сариосиёнинг Янги Ўзбекистон массивида навбатдаги кўчат экиш тадбири ўтказилди. Унда туман ҳокими, мутасадди раҳбарлар, кекса нуронийлар,  фуқаролар иштирок этди, шунингдек, кўчат ўтқазиш тадбирига “Мендан кетгунча, эгасига етгунча” қабилида қарамаслик, уларнинг барқарор ривожланишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш каби вазифалар ҳам белгилаб берилди.

Наманган вилояти Косонсой тумани маҳаллаларида  муборак Рамазон ойини муносиб кутиб олиш мақсадида кенг кўламли ҳашар тадбирлари ташкил этилди. Кўчалар тозаланиб, ариқ-зовурлар тартибга келтирилди, қабристон ва зиёратгоҳлар, маҳалла атрофлари ободонлаштирилди. Унда нуронийлар, маҳалла фуқаролари ва ёшлар ҳамжиҳатлик намунасини кўрсатдилар. Бу хайрли ташаббус нафақат ҳудудлар ободлигига, балки қалблар поклиги ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Фарғона вилоятининг Бувайда туманида ҳам ободонлаштириш ишлари бошланган. Хусусан, найманликлар томорқани даромад манбаига айлантиришни мақсад қилиб, маҳаллада мавжуд 1017 та хонадоннинг 790 таси кўчатчилик билан шуғулланмоқда, мавсумий бандлик ва барқарор даромадга эришмоқда.

790 та хонадонда ташкил этилган иссиқхоналарда ёқилғисиз, органик чиқиндилар асосида кўчат етиштирилади. Ушбу агрономик усул намлик ва ҳароратни табиий равишда сақлаб, харажатларни кескин камайтиради. Кўчатлар йиғиб олингач, чиқиндилар қайта сотилиб, қўшимча даромад келтирмоқда. Иссиқхоналарда помидор, булғор қалампири, карам, аччиқ қалампир ҳамда бақлажон кўчатлари тайёрланади. Натижада 1 сотих томорқадан ўртача 19 миллион сўм даромад олиниб, аҳолининг турмуш фаровонлиги ошмоқда.

Шунингдек, мазкур туманда ҳудудларни ободонлаштириш ва маҳаллаларда янада қулай муҳит яратиш мақсадида ташкил этилган умумхалқ ҳашарлари доирасида “Шўр” ва “Қум” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи кенг жамоатчилик вакиллари жалб этилган. Ариқлар тозаланиб, бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур ташаббуслар ободонлаштириш ва маҳалла бирдамлигини мустаҳкамлашга қаратилган бўлиб, жорий йил мазмун-моҳиятига ҳамоҳанг тарзда аҳолининг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини намоён этмоқда.

Қолаверса, жойларда якка-ёлғиз яшовчи кексалар, беморлар ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, нуронийлар, масъуллар ва савобталаб кишилар ҳамкорлигида уларга Рамазон ҳадялари тарқатилмоқда.  Зарур ҳолларда моддий-маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Шунингдек, ички бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш, аҳоли истеъмоли учун сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотларни расталарга чиқариш мақсадида назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Бу каби хайрли ишларда сариосиёлик, бойсунлик, узунлик, қўнғиротлик, косонсойлик, шунингдек, Фарғона тумани, пойтахтнинг бир нечта маҳаллалари етакчи нуронийлари, масъуллар ва кўнгиллилар ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Суғдиёна Собирова,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan