Аёл… бу сўз замирида гулдан-да нозиклик ҳисси, бўрондан-да кучли матонат туйғуси, олмосдек кескир тафаккур ва донишмандлик, мўъжизалар яратгувчи қалб мужассамдир. Ҳар нафасида, ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида ўз эътиқоди, аҳди ва фаолиятида собит туриб, оиласини кўз қорачиғидек асраб, эл-юртимиз равнақи йўлида фидойилик кўрсатган, халқимизнинг ардоқли фарзандига айланган хотин-қизлар жуда кўп.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор, тиббиёт фанлари доктори, профессор Наима Маҳмудова ҳам шубҳасизки, халқимизнинг ана шундай фарзандларидан бири эди. Олима аҳолининг саломатлиги, айниқса, соғлом оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қўшган ҳиссаси ортидан эзгу хотиралар билан эсланади.
Наимахон Маҳмудова 1928 йил 10 августда Тошкент шаҳрида туғилган. Отаси Маҳмуд Ҳодиев Боту тахаллуси билан ижод қилган, шунингдек, партия ва давлат органлари таҳририятида ишлаган.
Афсуски, Наимахонимнинг болалиги ота-она дийдоридан узоқда кечади. 1930 йилда Маҳмуд Ҳодиев миллатчиликда айбланиб, 1938 йилда отувга ҳукм қилинади. Ҳатто аёли ҳам таъқиб остига олиниб, Сибирга сургун қилинган. Наимахон бу пайтда ҳали икки ёшли қизалоқ эди, уни бобоси Мақсуд ота ва бувиси Тўхтахон ая тарбия қиладилар. Тўхтахон ая кичик Наимага ўзбек халқ эртакларидан ўқиб берар, бу бевосита Наимахоннинг ўзбекона қадриятлар, миллий тамаддун ҳақидаги қарашларини шакллантириб борарди. Бобо-бувиси Наимани замонавий тиллар ўқитиладиган мактабга беришади.
1944 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тайёрлов, сўнг шарқшунослик факультетига ўқишга киради. Унинг таълим олишида амакиси Содиқ Ҳодиевнинг ҳам алоҳида ўрни бор. У Наимага оталарча меҳр бериб, ғамхўрлик кўрсатарди. Наима 1945 йилда амакисининг ташаббуси билан Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент давлат тиббиёт академияси)га ўқишга киради. Гарчи ота-онасидан узоқда ўсиб-улғайса-да, оилавий муҳит, яқинларининг қўллаб-қувватлови сабаб, Наима одамлардан, жамиятдан узилиб қолмади. Аксинча беморларнинг дардига шифо топиш, касалликларни даволашга эътибор қаратди.
Наима Маҳмудова институтни тамомлагач, Ўзбекистоннинг энг чекка ҳудуди — Хоразм вилояти Хива шаҳрига ишга юборилади. Ўша пайтда Хивага етиш учун на учоқ, на темир йўл бўлган. Наимахон онаси (Сибирга сургун қилингач, 10 йилдан кейин қайтган) билан Туркманистоннинг Чоржўй тумани орқали юк поездида Урганчга, кейин эса юк машинаси кузовида Хивага етиб олади. Шаҳардаги поликлиникада невропатолог бўлиб иш бошлайди. Асаб касалликлари мутахассислигини чуқурроқ ўрганиш мақсадида, 1952 йилда Тошкент малака ошириш курсида ўқийди. У айнан шу ерда турмуш ўртоғи — самарқандлик Умар Қурбонов билан танишган. У билан турмуш қуришгач, Ургут тумани санитария-эпидемиология хизматида бош шифокор, кейинроқ Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош шифокори вазифаларида ишлаган. 1963 йилдан 1971 йилгача Ўбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган. Бу даврда у болалар ва оналар саломатлиги йўлида салмоқли ишларни амалга оширган. Педиатрия ва акушер-гинекология илмий-текшириш институтининг қурилиши ва ишга туширилишида, Тошкент педиатрия тиббиёт институтини ташкил этишда Наима Маҳмудова асосий ташаббускорлардан бири бўлган.
Наима Маҳмудова болаларда мия фалажи касаллиги бўйича 2 та монография яратган. Шунингдек, ўз изланишлари давомида кўп тармоқли шифохоналар, ихтисослаштирилган туғуруқхоналар, амбулатория ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизматлари, санатория тармоғи, оналик ва болалар тиббиёт муассасалари тармоғини жадал кенгайтириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соғлом авлод етиштиришда она ва болаларни муҳофаза қилиш, айниқса, туғилган чақалоқларнинг жисмоний ривожланишига эътибор бериш, қишлоқ жойларда аёллар ва болаларга тез тиббий ёрдам кўрсатишни ривожлантириш, аҳолининг саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни даволаш йўли билан бартараф этиш ҳақида қайта-қайта таъкидлаб ўтган. Унинг бу каби тадқиқот ва ташаббуслари соҳа тизимида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишга улкан ҳисса қўшган.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Наима Маҳмудова 2017 йил 7 июнда 88 ёшида вафот этган. Узоқ йиллик самарали меҳнатлари эътироф этилиб, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор” унвони, I даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган.