Ҳаётда шундай кишилар борки, улар ўзларининг хайрли ишлари, солиҳ амаллари, панду насиҳатлари билан доимо одамларнинг ҳурмат-эътиборида бўлишади. Хоразм вилоятининг Қўшкўпир тумани Ўзбекёп қишлоғидаги “Қоровул” маҳалласида яшовчи 101 ёшни қаршилаган Вапо ота Искандаров ҳам ана шундай эл ҳурматига эришган нуронийлардан биридир.
— Туманимизда 16 минг нафарга яқин нуроний истиқомат қилади, — дейди “Нуроний” жамғармаси Қўшкўпир тумани бўлими раиси Султонназар Ўразметов. — Икки нафар 100 ёшдан ошган нуроний — туманимиз фахри. “Дўстлик” маҳалласида умргузаронлик қилаётган 106 ёшни қаршилаган Бакпошша ая Сапоева ҳамда Вапо ота Искандаровнинг мазмунли умр йўллари ёшлар учун ибратдир.
Вапо ота Искандаров 1925 йилда Қўшкўпир туманида туғилиб вояга етган. Унинг ёшлик йиллари Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келди. Мактабни тугаллагач, туман ҳарбий комиссариатидан чақирув қоғози келганида эндигина 18 ёшни қаршилаган Вапо 1943 йилнинг март ойида ҳарбий хизматга чақирилиб, бир муддат ҳарбий тайёргарликдан ўтгач, фронтга юборилди. Украина, Польшада давом этган урушда қатнашди. Кўрсатган жасорати учун бир неча орден ва медаллар билан тақдирланди.
1946 йилда ҳарбий хизматдан қайтгач, 1960 йилгача қолхоз (хўжалик)да ишлади. 1960-1961 йилларда касб-ҳунар билим юртида ўқиди. Экскаваторчилик курсини битиргач, узоқ йиллар шу касбда ишлаб, обрў-эътибор топди. 1985 йилда пенсияга чиққан отахон айни пайтда кексалик гаштини сурмоқда.
Вапо отанинг бир-биридан зукко фарзандлари бобо атрофида парвона. Айни пайтда кенжа фарзанди Фахриддин Искандаров хонадонида истиқомат қилади. Келини Марғуба Собирова 29 йилдан буён Вапо отанинг хизматида. Отахон 20 нафар набира, 25 нафар эваранинг суюкли бобоси. Фарзандлари Баҳодир узоқ йиллар Кўшкўпир туманидаги 28-мактабда ишлаб, пенсияга чиқди. Фарҳод фермер хўжалиги раҳбари, қизи Дилором тумандаги “Амирқум” маҳалласидаги мактабгача таълим ташкилоти раҳбари. Наргиза уй бекаси. Фахриддин Искандаров шифокор, Урганч туман тиббиёт бирлашмасида травматолог бўлиб ишламоқда.
Ҳаёт синовлардан иборат. Тўнғич фарзанди Собиржоннинг бевақт вафоти Вапо отанинг қаддини букиб қўйди. Фарзанд доғини кўтара олмаган Солижон ая 2020 йилда 86 ёшида омонатини топширди…
Кўксини шода-шода орден ва медаллар безаб турган Вапо бобо Искандаров хонадонидан меҳмонлар аримайди. Катта ҳаётий тажрибага эга бўлган отахон узоқ-яқиндан келганларга ўзининг панду насиҳатларини беради.
“Нуроний” жамғармаси Хоразм вилояти бўлимидан олинган маълумотга кўра, айни пайтда вилоятда 20 нафар 100 ва ундан ошган нуроний отахон ва онахонлар истиқомат қилиб, улар бугун иззат-эътиборда. Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов, “Нуроний” жамғармаси Хоразм вилояти бўлими раиси Рустам Султоновлар вақти-вақти билан улуғ ёшдаги нуронийлар ҳузурида бўлиб, уларнинг ҳолида бохабар бўлишмоқда.
— Президентимизнинг нуронийларга кўрсатаётган ғамхўрликларидан чексиз миннатдормиз, — дейди Вапо отанинг кенжа фарзанди — шифокор Фахриддин Искандаров. — Зеро, улуғларимизнинг босиб ўтган умр йўллари ёшларимиз учун улкан ҳаёт дорилфунунидир.
Шавкат СУЛТОНОВ,
“Нуроний” мухбири.