Умримиз — мураккаб кечмишлар силсиласи. Унда синовлар, сабоқлар, йўқотиш ва ютуқларимиз бор. Аммо инсон сифатида яшамоқнинг ҳақиқий баҳосини фақат шахсий муваффақиятлар билан эмас, балки ортда қоладиган излар — хушхулқ авлод, мустаҳкам оила, қарор топган бардавом қадриятларга боғласак, мезонни тўғри қўйган бўламиз.

“Қўша қариш саодати” лойиҳаси доирасида Тошкент вилояти Паркент туманидаги 29-сонли болалар мусиқа ва санъати мактабида ўтказилган “Уларнинг ҳаёти биз учун ибрат” мавзусидаги маънавий-маърифий учрашув айни ҳаёт ҳақиқатини яна бир бор ёдимизга солди. Унда иштирок этарканмиз, оила — жамиятнинг энг муҳим таянчи, унинг барқарорлиги миллат маънавияти пойдеворини мустаҳкамлашдаги асосий омиллардан бири эканлиги амалда яққол намоён бўлди.

Зотан, бундан кўзланган асосий мақсад ҳам шу — салкам ярим аср давомида елкама-елка туриб умр кечираётган, қўша қариш бахтига эришган ибратли оилаларни жамоатчиликка танитиш, шу орқали аҳоли, айниқса, ёшларда оила институтига нисбатан масъулият ва эҳтиром туйғусини янада юксалтириш.

Тадбирда Тошкент вилоятининг турли гўшаларидан келган меҳмонлар, жумладан, “Нуроний” жамғармаси ҳамда “Бувижонлар мактаби”нинг вилоят ва туман-шаҳар тузилмалари вакиллари, Паркент тумани ҳокимлиги масъуллари, мутасадди идора ва ташкилот раҳбарлари иштирок этдилар. Учрашув аввалида ҳудудда истиқомат қилувчи еттита ибратли оила номи ўқиб эшиттирилиб, даврага таклиф этилди.

“Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси Абдусамад Носиров сўзга чиқиб, айни кунда юртимиз, хусусан, Тошкент вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари аҳолининг ижтимоий фаровонлигини ошириш, маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида салмоқли натижалар бераётганини таъкидлади. Шунингдек, нуронийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирига алоҳида тўхталиб, ажримларнинг олдини олиш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, дабдабабозлик ва боқимандалик каби иллатларга қарши курашишда фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини урғулади. Шу билан бирга, жамоатчилик фаолларига билдирилган ишончни амалий ишлар билан оқлаш, тарғибот ва тушунтириш ишларини янада кучайтириш заруратини мисоллар асосида баён этди.

Шундан сўнг Ўзбекистон халқ шоири, сенатор, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Маҳмуд Тоир бу каби учрашувлар жамият маънавий иммунитетини кучайтиришга хизмат қилишини алоҳида қайд этди. Шундай экан, ёшларни асраш, уларни миллат камолоти йўлида собитқадам бўлишга даъват этиш ҳар бир зиёлининг бурчи эканини  таъкидлади. Маҳмуд Тоир ўз шеърларидан ўқиб, даврага ўзгача илиқлик ва руҳий кўтаринкилик улашди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Раҳматилла Шералиев ҳам бугунги тезкор ва ахборот оқимлари кучайган даврда оилавий қадриятларни асраш нафақат ижтимоий, балки стратегик вазифага айланаётганини эслатиб ўтди.

Дарҳақиқат, оила мустаҳкам бўлса, жамият ривожланади, жамият ривожланса, давлат тараққиёти барқарор тус олади. Қадриятлар асралган муҳитда маънавий парокандаликка ўрин қолмайди.

— Биз тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида ибратли оилаларни танлаб олдик, — дейди туман “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари Раъно Файзиева. — Эътибор берган бўлсангиз, уларнинг барчаси ўзаро ҳурмат ва ишонч асосида оилавий бахт пойдеворини яратганлар. Қолаверса, севги моҳияти ҳозирги ёшлар наздидек, моддий барқарорлик, ҳашамат ва доимий изҳорлар билан эмас, балки узоқ йиллар давомида меҳр, матонат ҳамда бағрикенглик билан барпо этиладиган неъмат эканлиги яққол тушунтириб берилгани ёшларимизга чуқур таъсир қилди.

Саҳна тўридан жой олган нуронийлар умр йўлини ҳалол меҳнат, садоқат ва оилавий барқарорлик билан безаган, жамият учун ибрат бўлиб келаётган қутлуғ инсонлардир. Хусусан, Аъзамҳожи ота Рўзитоев ва Меҳри ҳожи она Рўзитоева туманнинг “Гулистон” маҳалласи фахри. Аъзамҳожи ота узоқ йиллар давлат бошқаруви тизимида масъул лавозимларда ишлаб, туман ҳаётида фаол иштирок этган тажрибали раҳбарлардан. Меҳри ҳожи она эса таълим соҳасида самарали меҳнат қилиб, неча авлод ўқувчиларига сабоқ берган фидойи устоздир. Улар тўрт нафар фарзандни вояга етказиб, барчасига олий таълим олиш имконини яратган.

Бугун 14 нафар набира, 6 нафар эвара ардоғида. Мирҳожи ота Мирхалилов ва Арофат Мирхалиловалар “Кичикқўрғон” маҳалласида обрў-эътибор қозонган зиёлилар оиласи. Мирҳожи ота умрини таълимга бағишлаган тажрибали педагог. Арофат опа ҳам меҳнат фаолияти давомида жамоат ишларида фаол бўлган. Етти нафар фарзандни камолга етказган бу хонадонда барча фарзандлар олий маълумотли, турли соҳаларда самарали меҳнат қиляпти. 28 нафар набира ва 8 нафар эвара қалбларини қувончга тўдирган.

Аҳмадҳожи ота Корабоев ва Анора ҳожи она Корабоева “Янги Санганак” маҳалласида узоқ йиллар меҳнат қилган фидойи инсонлардир. Аҳмадҳожи ота алоқа соҳасида муҳандис сифатида ишлаб, туман инфратузилмасининг ривожига катта ҳисса қўшган. Анора ҳожи она эса тикувчилик соҳасида меҳнат қилган. Тўрт нафар фарзандни тарбиялаб, уларнинг барчасини олий маълумотли қилиб вояга етказишган.

13 нафар набира ва бир нафар эвараси бор. Абдуманноп ҳожи ота Абдуллаев ва Раиса Абдуллаевалар “Кумушкон” маҳалласида катта ҳурмат қозонишган.  Абдуманноп ҳожи ота йўл қурилиши соҳасида муҳандис бўлиб ишлаган, Раиса опа эса хизмат кўрсатиш тизимида фаолият юритган. Олти нафар фарзандни тарбиялаб, уларнинг барчасини олий маълумотли этиб камолга етказишган. 16 нафар набира ва 4 нафар эварали бахтли хонадонлардан.

Иброҳим Булалов ва Шоира Булалова “Ўчоқ” маҳалласида фаол жамоатчилик ва илмий муҳитда ўз ўрнига эга бўлган оила. Иброҳим ота илмий соҳада ва маҳалла фаолиятида самарали меҳнат қилган, Шоира она эса ишлаб чиқариш соҳасида фидойилик кўрсатган. Беш нафар фарзандни ҳаётда ўз йўлини топган, олий маълумотли инсонлар сифатида тарбиялашган. 16 нафар набирага бош.

Тоштемир Муродов ва Меҳри Муродовалар Чанги қишлоғида меҳнат ва садоқат билан обрў топган инсонлар. Тоштемир ота қишлоқ хўжалиги соҳасида раҳбарлик лавозимларида ишлаб, ҳудуд тараққиётига ҳисса қўшган. Меҳри она тиббиёт соҳасида ҳамшира сифатида узоқ йиллар аҳоли саломатлиги йўлида меҳнат қилган. Саккиз нафар фарзандни камолга етказган, 30 нафар набира ва 10 нафар эварага эга бу хонадон серфарзанд оиланинг ёрқин намунасидир.

Ҳусниддин Тўқсонов  ва Майсара Тўқсоновалар “Мозорҳожи” маҳалласида маънавият ва санъат аҳли сифатида эътироф этилган оила. Ҳусниддин ота санъат соҳасида фаолият юритиб, ҳозирга қадар ёш авлодга мусиқа сирларини ўргатиб келяпти. Майсара она ҳам меҳнат фаолияти орқали оила равнақига ҳисса қўшган. Тўрт нафар фарзанд, 11 нафар набираси бор.

Саидғани Эгамбердиев ва Пориха Эгамбердиева  “Боғбон” маҳалласидан.

Саидғани ота илмий соҳада катта тажрибага эга мутахассис, Пориха она эса тилшунослик йўналишида таълим бериб келаётган устоз. Беш нафар фарзандни олий маълумотли қилиб тарбиялашган. 15 нафар набира ардоғида яшаб, ярим асрдан зиёд қўша қариш саодатини бошдан кечиришяпти. Саидғани отанинг меҳнат фахрийси сифатида эътироф этилиши бу оиланинг жамият олдидаги хизматини яна бир карра тасдиқлайди. Тадбир давомида санъат мактаби устозлари ижросида янграган мусиқалару дилрабо қўшиқлар даврага янада файз киритди. Якунда ибратли оилаларга ҳамкор ташкилотларнинг Ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Ҳа, улар нафақат ўз фарзандлари, балки бутун маҳалла ва жамоатчилик учун ҳаёт мактаби бўлиб келмоқда. Қўша қариган оилаларга бош бўлган нуроний отахону онахонларнинг фикрлари, ҳаёт синовларидан ўтган мулоҳазаларини тинглар эканмиз, шоирнинг “Ҳар ерда бахтиёрдир уйида бахти борлар” деган сўзлари нечоғли ҳақиқат эканлигини юрак-юракдан ҳис этдик. Чунки бахт тасодиф эмас. У сабр билан парвариш қилинади, меҳр билан мустаҳкамланади, ҳурмат ва садоқат билан асралади. Шу маънода, бундай тадбирларда иштирок этган жамоатчилик фаоллари ўз ҳудудларига бориб, шундай ибратли оилалар сафини кенгайтиришни мақсад қилса, ёшлар ва ўрта авлод вакиллари сабр ва қаноатнинг олтин ҳосиласини англаб етса, жамиятда барқарор, маънан мустаҳкам оилалар сони ортиб бораверади.

Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ. 

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan