Ўтбосар Абдиев,

“Нуроний” жамғармаси

Сирдарё вилояти бўлими раиси.

Кексаларини эъзозлаган, уларнинг тажрибалари ва маслаҳатларига суянган эл асло кам бўлмайди. Чунки улар, чинакам маънода, ҳаёт аталмиш илмнинг аълочилари-ю донишмандларидир.

Шунинг учун ҳам бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари  ташаббуси билан нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, саломатликларини муҳофаза қилишга биринчи галдаги вазифа сифатида қаралмоқда. Бунга жавобан фаол нуроний отахону онахонлар юртимиздаги ислоҳотларни жадаллаштириш, самарадорлигини таъминлаш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқдалар. Айни пайтда “Нуроний” жамғармасининг Сирдарё вилояти бўлимида  ҳам бу борада қатор ташаббуслар илгари сурилиб,  нуроний отахону онахонларнинг ижтимоий фаоллигини таъминланмоқда. Бу жараёнда албатта, вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар юксак самарадорликка эга бўлмоқда.

Вилоятнинг 11 та туман ва шаҳарида жами 221 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, ушбу маҳаллаларда 81346 нафар нуроний истиқомат қилади. Шундан 33030 нафарини эркаклар, 48316 нафарини аёллар ташкил этади. Айни пайтда вилоятда 74 нафар урушорти меҳнат фахрийлари умргузаронлик қилаётган бўлса, 17 нафар  100 ёшдан ошган пиру бадавлат отахон ва онахонлар бор. Уларнинг ҳар бири ўзлари яшаб турган маҳаллаларнинг пиру бадавлатлари, маслаҳатгўйларидир.

Ҳаммамизга маълумки, ёши улғайгани сари инсонлар меҳр ва эътиборни янада кўпроқ қадрлайдиган бўлиб қолишади. Ўтган йили вилоятимизда нуронийларимиздан 30947 нафарига турли ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиб, 17285 нафари бепул тиббий кўрикдан ўтказилди, 8126 нафари  дори-дармон, 1016 нафари  реабилитация воситалари, 2084 нафари  озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.  691 нафар нуроний  соғломлаштириш оромгоҳларига юборилди.

Бундай эъзоз ва ғамхўрлик туфайли нуронийларимиз қалби шукроналикка тўлмоқда. Эл-юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик ва фаровонлик сўраб дуолар қилишмоқда ва маҳаллаларда ҳамжиҳатлик, ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш йўлида куч-ғайратга тўлиб, янги ташаббусларни илгари суришмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  92-сонли Қарорида белгиланган вазифалар юзасидан олиб борилаётган тизимли ишларда фаол иштирок этишмоқда. Жумладан, ўтган йили “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ, 329 нафар нуроний 2835 нафар уюшмаган ва муаммоли ёшга бириктирилиб,  йил давомида олиб борилган амалий  ишлар натижасида 540  нафар ёшнинг бандлиги таъминланди, 834  нафари касб-ҳунарга йўналтирилди. Нуронийларнинг саъй-ҳаракатлари билан муаммоли тоифадан чиқарилган ёшлар сони 2653 нафарга етди. Мирзаобод туманидаги “Деҳқонобод” маҳалласи “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари Жумабой Қосимов “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” танловининг вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритиб, беллашувнинг республика босқичида “Энг талабчан нуроний” номинацияси ғолиби бўлди.

“Нуроний — ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси бўйича 221 та маҳалладаги 358 та муаммоли оилага 393 нафар фаол нуроний бириктирилиб, улар томонидан мунтазам олиб борилган амалий саъй-ҳаракатлар натижасида 358 та оиладан 310 таси муаммоли оилалар тоифасидан чиқарилди.

Фахрий нуронийлар, ўрта авлод вакиллари ҳамда ёшлар иштирокида ўтаётган  “Уч авлод учрашуви” тадбирлари, чин маънода, фарзандларимиз учун катта ҳаёт сабоқларига айланмоқда. Аҳоли ва нуронийларни оммавий спортга кенг жалб қилиш мақсадида шахмат- шашка, мини-футбол, кураш ва теннис турлари бўйича ўтказилган “Ғайратли кексалар” спорт мусобақалари, “Саломатлик учун 5000 қадам” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар кексаларимиз учун ғайрат ва шижоат байрамига, ёшларимиз учун эса ибрат мактабига айланмоқда.

Мамлакатимизда “Камбағалликдан — фаровонлик сари” тамойили асосида олиб борилаётган тизимли ишларда ҳам сирдарёлик фаол нуронийлар муносиб иштирок этишмоқда. Ўтган  йилнинг 1-ярмида   239 та маҳалладан жами 710 нафар нуронийга 3291 нафар камбағал оила, 2-ярмида эса 221 та маҳалладан 635 нафар нуронийга  3085 нафар оила бириктирилган эди.  Амалий ишлар натижаси қувонарли бўлди. 1-босқичда 2760 та оила, 2-босқичда 2509 та оила камбағаллик реестридан  чиқарилди.

Шунингдек, нуронийларимиз ҳар йили октябрь ва ноябрь ойларини орзиқиб кутишади. Чунки “Кексалар ҳафталиги” ва “Кексалар учун туризм ойлиги” доирасидаги тадбирларда улар эъзоз ва ардоқни ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ҳис этишади. Ўтган йили “Кексалар учун туризм ойлиги” давомида 39709 нафар нуроний иштирокида  мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, зиёратгоҳлар, музейлар, театрлар ва  сўлим гўшаларга саёҳат ва зиёрат тадбирлари уюштирилди.  Бундай тадбирлар, албатта, кексалар учун янги куч-ғайрат бериши шубҳсиз.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 июлдаги 3133-сонли Қарорига асосан, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссасини қўшган турли соҳа вакилларининг “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланаётгани ҳам нуронийларимиз учун катта рағбат бўлмоқда. Ўтган йили вилоятимиз ибратли, намунали кексаларидан  41 нафари, шундан 23 нафари 1-даражали, 13 нафари 2-даражали,  5 нафари 3-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди ва Гулистон шаҳридаги “Зомин” тўйхонасида ташкил қилинган тантанали маросимда фахрийларимизга ушбу мукофотлар топширилди.

Албатта, юқорида қайд этиб ўтилган кўрсаткич ва натижалар юртимизда олиб борилаётган оқилона ислоҳот ва янгиланишларнинг амалдаги яққол ифодасидир. Бу жараёнда ташаббускор  бўлиб майдонга чиқаётган фаол нуронийларимиз 2026 йилда ҳам маҳаллалар ободлиги, ёшлар тарбияси ва оилаларнинг аҳиллиги ва тотувлиги борасида муҳтарам Юртбошимизнинг нуронийларга бўлган юксак ишончини оқлаш йўлида астойдил меҳнат қилишмоқда. “Нуроний” жамғармасининг Сирдарё вилояти бўлими ҳам  жорий йил учун ишлаб чиқилган алоҳида дастур ва режалар асосида белгиланган вазифаларни тўлақонли адо этишда вилоят ҳокимлиги, ташкилот ва идоралар, муассасалар билан изчил ҳамкорликда фаолият юритиб келмоқда.

Ишонч билан айтиш мумкинки, сирдарёлик нуронийлар бундан кейин ҳам эл-юрт, халқ манфаатлари йўлида бор куч-имкониятларини сафарбар қилиб, эзгу мақсад йўлида бардавом бўладилар.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan