Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида яшайдиган Тожихол момо Бобомуродова жорий йилнинг 10 январь куни табаррук 101 ёшни қарши олдилар. Шу куни “Нуроний” жамғармасининг Шўрчи тумани бўлими раиси Ўрол Чўтбоев ва “Элбаён” маҳалласининг “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбари А. Ашуровлар онахоннинг хонадонига ташриф буюрдилар.
Улар учрашув давомида онахонга “Нуроний” жамғармаси республика Бошқарувининг табрикномаси ҳамда туҳфасини етказдилар. Айни ташриф ва эътибордан онахоннинг кўнгли кўтарилиб, йўқловчиларнинг ҳақларига дуолар қилдилар.
— Бугунгидек дориломон кунларнинг қадрига етиш, тинчликни асраб-авайлаш керак. Қаранг, халқимиз учун ҳамма шароит етарли, узоқ манзиллар яқин, борар жойингга пиёда бормайсан, ишлайман деганга иш бор, тадбиркорлик қиламан деганга маблағ. Фақат юракдан чиқариб меҳнат қилиш керак, холос. Президентимиз шарт-шароит яратиб беряптилар, нафақат ёшлар, балки биз каби кексаларни ҳам унутмай, йўқлаб, кўнгилларимизни кўтариб турибдилар, минг бор ташаккур, — дедилар табаррук онахон шукроналик билан.
Бугунги фаровон, тўкис ҳаётни кузатиб туриб, онахон узоқ йиллик умри давомида кўрганлари, бошидан ўтказган қийинчилик дамларини эсга оладилар. Онахон мактабда 4-синфгача ўқиб, кейин оғир йиллар, уруш йиллари фронт ортида машаққатли меҳнат қилиб, ғалабага ўз ҳиссаларини қўшганлар. Урушдан кейинги тикланиш даврида ҳам уруш асоратларини бартараф қилиш, энди оёққа туриб, тикланаётган юртимиз фаровонлиги учун тинимсиз меҳнат қилганлар. Узоқ йиллар колхозда ишлаб, пахта теримида илғор теримчилардан бўлганлар. Гилам ювиш цехида гилам ювиб, ғишт заводида ғишт қуйиб, нимаики оғир меҳнат бўлса, барчасини бажариб, меҳнатдан ҳеч қачон бўйин товламаганлар. Ҳатто, Шўрчи туманидаги энг узун “М-41” йўл қурилишида ҳам ишлаб, елкасида тош ташиб, йўлларнинг равон бўлишига ўз ҳиссасини қўшган инсон бу онахон.
Йигирма ёшида турмуш қурган Тожихол момо бир ўғил, бир қиз фарзанд кўрганлар. Афсуски, фарзандлари жуда ёш пайтида касалликдан вафот этган. Кейинчалик турмуш ўртоғидан ҳам айрилгандан сўнг бошқа турмуш қурмаганлар. Онахон бугунги кунда укасининг оиласида, жиянлари, уларнинг фарзандлари, неваралари қуршовида, эъзозу эътиборда умргузаронлик қилмоқдалар.
Сўзларидан ҳикмат, юзларидан нур ёғилиб турган содда ва самимий онахон билан суҳбатлашган ҳар бир инсоннинг ҳалол меҳнат, бағрикенглик ва шукроналик инсонни муродга, эъзозу эҳтиромга етказишини англаши шубҳасиздир.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА,
“Нуроний” мухбири.