Юртимизда “тўқсон билан тўқнашиб, юз билан юзлашиб” юрган отахону онахонлар кўпчиликни ташкил қилади. Уларнинг табаррук сиймосига боққанимизда юз-кўзларида ўзгача меҳр, донишмандлик, вужудларида эса улкан матонатни ҳис этишимиз аниқ. Ана шундай мўътабар онахонларимиздан бири — Тошкент вилояти Оҳангарон туманида истиқомат қилиб келаётган Жаҳоналиева Хилва она табаррук 100 ёшни қарши олдилар.

Шу муносабат билан ташкил этилган маърифий тадбирда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев ҳам иштирок этиб, онахонни самимий табриклади,  онахоннинг ибратли ҳаёт йўлини эътироф этиб, бундай нуронийлар давлатимиз, жамиятимизнинг фахри ва ғурури эканлигини таъкидлади.

Тадбирда иштирок этган нуронийлар ёшларга Хилва онанинг ибратли ҳаёт йўлидан ҳикоялар сўзлаб беришди. Бугунги фаровон ҳаётга етиб келиш осон бўлмагани, бу кунларнинг қадрига етиш, ёшлар учун давлатимиз томонидан яратилаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлигини уқтиришди.

Хилва онанинг ҳаёти чин маънода бугунги авлод учун ибрат ва сабоқ мактабидир. У 1926 йил 3 январь куни тумандаги Охунбобоев (Қорахитой) қишлоғида таваллуд топган. Уруш йилларида юртда  эркаклар фронтга жўнаб кетган бир пайтда хўжалик ишларида фаол қатнашиб, трактор ҳайдаган. Бу эса Хилва онадаги улкан жасорат ҳамда ватанпарварликдан далолатдир.

Машъум уруш йиллари қишлоқда қўлига қурол тутишга яроқли эркак борки, барчаси фронтга жалб қилинган. Колхознинг ишонган тоғлари бўлиб хотин-қизлар, кексалар ҳамда ёш болалар қолган. Бу вақтларда фронт ортини мустаҳкамлаш, озиқ-овқат, кийим-бош ва бошқа зарур маҳсулотлар етказиб бериш биринчи галдаги вазифага айланган эди.

Уруш бошланган кунларда ҳали балоғатга ҳам етмаган Хилва Жаҳоналиева  фронт учун зарур маҳсулотларни етказиб беришдек муҳим ишлардан четда қолмади. Қишлоқда ишга яроқли кишилар қаторида эртадан то қаро кечгача далада меҳнат қилди. Ёш бўлса-да, бошқаларни ҳам шунга даъват этди. Колхоз ерларида буғдой, лавлаги, шоли ва бошқа экинлар экиб, оби-тобида парваришлади. Меҳнат ҳақига берилган бир коса ёвғон шўрва ёки кепак солиб пиширилган аталага қаноат қилиб, ҳам фронтдаги жангчилар, ҳам фронт ортидаги халқнинг қорнини тўйдириш йўлида жонбозлик кўрсатди. Кексаларнинг таъкидлашларича, Хилва Жаҳоналиева ўша пайтлар жуда ёш бўлишига қарамай, уддабурон, серғайрат бўлгани боис, тенгқурлари қатори ёши катталарни ҳам ўз ортидан эргаштира олган, уларнинг кўнглига йўл топа олган шаддод қиз бўлган эди. Бир қарасанг, тизза бўйи лой кечиб шоли ўтаётган, бир қарасанг, омоч судраб ер ҳайдаётган бўлар, аҳён-аҳёнда эса ҳазил-ҳузул қилиб, ён-атрофдагиларни кулдириб, кўнглини кўтариб турар эди.

Энг оғир йилларда эл корига яраб, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган  онахонимиз Хилва Жаҳоналиева бугун юз ёш билан юзлашган бўлсалар ҳам ҳамон тетик, кўзлари бироз хиралашган бўлса-да, дадил боқишлари ҳалиям ўша-ўша. Невара-эвараларининг ардоғида умргузаронлик қилмоқдалар.

Хилва она фидокорона меҳнати ва ибратли ҳаёти давомида қатор орден ва медаллар билан тақдирланган. Ҳа, онахоннинг машаққат ва синовларга тўла умр ҳамда меҳнат йўлини, чинакам маънода, улкан ибрат мактаби дейиш мумкин.

Асолат Аҳмадқулова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan