Икромхон Нажмиддинов,

“Нуроний” жамғармаси

Наманган вилоят бўлими

раиси, сенатор.

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 26 декабрдаги Олий Мажлисга ва кўп миллатли ўзбек халқига Мурожаатномасини Тошкент шаҳридаги анжуманда Юртбошимиз билан юзма-юз турган ҳолда, катта ҳаяжон ва масъулият билан тинглар эканман, Ўзбекистонимизнинг 2025 йилдаги оламшумул ривожланиши ва 2026 йил ҳамда яқин беш йилликдаги янги марралари  кўз олдимда гавдаланди.

Дарҳақиқат, мамлакатнинг тараққиёт даражасини белгиловчи кўрсаткичлардан бири,  бу — ялпи ички маҳсулот бўлиб, 2025 йилда унинг ҳажми 145 млрд. долларни ташкил этди. Жорий йилда эса ЯИМ ни 167 млрд. долларга етказиш мақсад қилиб олинди.  Бу рақамлар “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 2030 йилга қадар мўлжалланган марраларга 2026 йилнинг ўзида эришилишини кўрсатмоқда. Шунинг учун ҳам Юртбошимиз томонидан “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш, янада юксакроқ марраларни белгилаб олиш  топшириғи берилди ва янги марра белгиланди, яъни янги беш йиллик охирида ялпи ички маҳсулот 245 млрд. долларни ташкил этади. Бу рақамлар ҳалқимизнинг турмуш даражаси кундан-кунга яхшиланиб бораётганлигини ифода этади, албатта.

Мамлакатимизда охирги 9 йилда эришилган мислсиз ривожланиш ва тараққиёт натижасини Наманган вилоятида инсон манфаатлари йўлида  олиб борилаётган бунёдкорлик, яратувчанлик ишларининг ўзига хос кўламида янада яққол кўришимиз мумкин. Янгидан-янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари, кенг кўламли турар жой бинолари, хизмат кўрсатиш шохобчалари, ГЭС ва сув иншоотлари, равон йўллар, кичик саноат зоналари, Янги Ўзбекистон массивлари вилоят аҳлининг турмуш шароитини янада яхшилаш мақсадларини кўзда тутади.

Вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2025 йилда 107,2 фоизга ўсганлиги соҳаларнинг жадал ривожланаётганлигидан далолатдир. Дастлабки маълумотларга кўра, саноат 109,1 фоиз, хизматлар соҳаси 115,3 фоиз, агросаноат 104,5 фоиз ўсган. Якунланган йилда камбағаллик даражасининг 7,6 фоиздан 2,5 фоизга камайганлиги вилоятда “Камбағалликдан — фаровонлик сари” умуммиллий дастурининг изчил бажарилаётганлигини кўрсатади.

Эришилаётган бу каби ижтимоий-иқтисодий самарадорликлар наманганлик   кекса авлод вакилларини ҳам бирдек хушнуд этиб, улар ҳам бугунги жўшқин ислоҳотлардан куч ҳамда илҳом олган ҳолда, жамиятда кечаётган янгиланишларда фаол иштирок этмоқдалар ва дориломон кунларга чексиз шукроналар айтмоқдалар.

Наманган вилоятида бугун 336,2 минг нафар пенсия ва нафақа  олувчилар,  273,0 минг нафар ёшга доир пенсионерлар, 1901 нафар ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, 235 нафар урушорти меҳнат фахрийлари бўлиб, тўлиқ ижтимоий ҳимояга олинганлар.

“Нуроний” жамғармасининг вилоят бўлими, шунингдек, унинг туман ва шаҳарлардаги бўлинмалари кекса фахрийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини таъминлаш юзасидан қатор тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Рақамларга тўхталадиган бўлсак, ўтган 2025 йилда 4745 та маънавий-маърифий, 2561 та спорт тадбирлари ташкил этилган. “Саломатлик учун 5 минг қадам” акциясида 66,5 минг нафар кексалар иштирок этган. 117,9 минг нафар кексага турли ёрдамлар кўрсатилган. Жумладан,  65,2 минг нафари тиббий кўрикдан ўтказилди, 8077 нафарига дори-дармон, 39,5 минг нафарига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Белгиланган тартибда 1283 нафар кекса авлод вакиллари санаторийларда дам олган бўлсалар, 144,3 минг нафар кекса фахрийларимиз ички туризм имкониятларидан баҳраманд бўлдилар.

Нуронийларнинг бой тажрибасидан ёшларни баркамол авлод этиб тарбиялашда оқилона фойдаланиш мақсадида,  ўтказилганУч авлод учрашуви” тадбирларида 56,8 минг нафар нуроний, 46,5 минг нафар ўрта авлод вакиллари, 126,7  минг нафар ёшлар иштирок этдилар.  “Қўша қариш саодати” бўйича 938 та тадбир ташкил этилиб, 50-60 йил тинч-тотув яшаган оилалар ёш оилаларга намуна этиб кўрсатилди.

Маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида, 16,4 мингта тарғибот ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларда 81,4 минг нафар фаол нуронийлар иштирок этган. “Яшил макон” миллий дастури ва бошқа давлат дастурларининг ижроси бўйича, жамиятдаги айрим камчилик ва нуқсонларни  бартараф этиш мақсадида, 48,6 минг марта жамоатчилик назорати ташкил этилган.

Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси бўйича 2243 нафар нуронийга 22430 нафар муаммоли ёшлар бириктирилиб, тарбиявий ишлар олиб борилди. Натижада уларнинг 99,7 фоизининг тўғри йўлга тушиб олишига эришилди.

Оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларни камайтириш мақсадида, “Нуроний — ҳар бир оилага масъул” лойиҳаси бўйича 1370 та муаммоли оилага бир нафардан нуроний бириктирилиб, олиб борилган тушунтириш, амалий ёрдамлар натижасида айни хонадонлардаги муаммолар ҳал этилиб, ўзаро муносабатлар мустаҳкамланди.

“Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастури бўйича
2 босқичда 13993 та оила камбағалликдан чиқарилиши билан бир қаторда,   улар жамғарма ҳисобидан стол-стуллар, спорт кийимлари ва ўқув қуроллари билан таъминланди.

Албатта, бу каби кўрсаткичлар билан биргаликда, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар ҳам зиммамизга улкан масъулият юклайди.  Юртбошимиз томонидан Мурожаатномада 6 та устувор йўналиш — Маҳаллани ривожлантириш ва инфратузилмасини яхшилаш, Иқтисодиётни янги технологиялар асосида ўстириш, Ички бозорни рағбатлантириш билан аҳоли даромадини ошириш ва турмуш шароитини янада яхшилаш, Касбга йўналтириш ва таълимни ривожлантириш, Экология ва табиатни асраш ҳамда Замонавий давлат бошқаруви ва адолатли суд-ҳуқуқ тизимини жорий этиш юзасидан аниқ мақсадлар  баён этилди.

“Маҳалла меҳр-оқибат ва тарбия ўчоғи бўлиши керак”, дедилар Президентимиз. Ҳар бир маҳаллада 40 тадан ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга оширган ҳолда ишсизликни камайтириб,  камбағалликни 4,5 фоизга тушириш вазифаси қўйилди. Мамлакат иқтисодиётини янги техника ва илм-фан билан ўстириш, экспортбоп ва салмоқли қўшимча қиймат яратадиган маҳсулот ишлаб чиқариш билан 2026 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 млрд. долларга етказиш ва иқтисодиётнинг 6,6 фоизга ўсишига эришиш белгиланди.

Вилоятимизда ҳам янги 2026 йилда инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида, ортга қайтмас ислоҳотларни давом эттирган ҳолда янада каттароқ марраларга эришиш мақсад қилинган. Жумладан, Наманган вилоятида 2026 йилда 4,7 млрд. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштириш мақсадида қиймати 7,3 млрд. долларлик 144 та манзилли ва қиймати 3,0 млрд. долларлик 52 та истиқболли лойиҳалар шакллантирилди. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида қиймати 1,3 млрд. доллар бўлган 934 та лойиҳани ишга тушириш, 35,6 мингта янги иш ўринларини яратиш чоралари кўрилади. Шунга кўра, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг 106,8 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.

Янги йилда ҳам кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш билан бугунги кунларидан мамнун бўлиб умргузаронлик қилишларини таъминлаш, шу билан бирга, жамиятимиздаги фаолликларини янада ошириш билан боғлиқ вазифалар асосий кун тартибидан жой олган.

Маълумки, Мурожаатномада нуронийлар зиммасига янги, масъулиятли ва шарафли вазифа ишониб топширилди. У ҳам бўлса, фарзандларимизнинг гиёҳвандлик гирдобига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида, ёшлар ўртасида, хусусан, мактабларда кенг қамровли тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришдир. 

Ишончимиз комилки, кекса авлод вакиллари давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва ўзбек халқига Мурожаатномасини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш баробарида, вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликлари бошчилигида ҳамкор ташкилот ҳамда идоралар билан биргаликда устувор вазифаларнинг ижросини таъминлашда бор куч-имкониятларини ишга соладилар.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan