Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим “Dunyo” АА мухбирига Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламент ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси ҳақида фикр билдирди:

— Янги йилга ҳам қадам қўйдик. 2026 йилга марҳабо дедик. Янги йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва бутун қардош ўзбек халқига омонлик, тинчлик-хотиржамлик ва фаровонлик тилаб қоламан. Туркиядан 85 миллион қардошингиз саломи ва эҳтиромини Сизларга юбормоқдамиз.

Шавкат Мирзиёев Президент сифатида сўнгги 9 йил давомида, яъни 2016 йилдан бугунга қадар улуғвор Янги Ўзбекистон ғояси ила мамлакатни тубдан янгилади. Бу ўзгаришнинг илк нишонасини хорижий валюта бўйича курсни эркинлаштиришда кузатган эдик.

Бошланғичда баъзилар томонидан шубҳа остига олинган бўлса-да, ўрта ва узоқ муддатда мазкур оқилона қарорнинг яққол натижалари кўзга ташланди. Иқтисод барқарор юксалиб борди, инвестициялар миқдори ортди, глобал даражадаги инвесторлар сони юксалди, мамлакатга келиб-кетувчи меҳмонлар-туристлар кескин кўпайди.

Ўзбекистон — дунёга очиқ бир мамлакатга айланди. Рақамлар билан мисол келтирадиган бўлсак, киши бошига миллий даромад 1700 доллардан қарийб 4000 долларгача юксалганини кўряпмиз. Ялпи ички маҳсулот эса, 70 миллиард доллардан 145 миллиарддан юқори рақамларгача етди. Ўзбекистонга келаётган туристлар сони аввалги 2 миллионлардан кескин юксалиб, бугун 10 миллиондан кўпроқ кишини ташкил этмоқда. Буларнинг барчаси — мазкур улуғвор ғоянинг, Янги Ўзбекистон йўлининг ёрқин натижаларидир.

Ўзим шахсан 2017 йилдан бери Ўзбекистонга тез-тез бориб тураман. Ҳар борганимда мамлакат ичидаги ўзгаришларни яқиндан кузатиш имконига эга бўлмоқдаман. Қувонарлиси, Ўзбекистон глобал сармоядорларга ўз эшикларини очгандан сўнг йиллик инвестициялар аввалги бир миллиарддан бугун ўнлаб миллиард долларларга етди. Бу нимани англатади? Бу янада кўпроқ иш ўринлари, иқтисодга янги технологияларнинг кириб келиши, иқтисоднинг ўсиши натижасида халқ фаровонлигининг янада ортиши деганидир.

Ўзбекистон салоҳияти жуда юксак. Аминманки, келгуси йилларда ҳам ислоҳотлар бардавомлиги билан мамлакат мазкур имкониятларни юзага чиқаришда давом этади.

Бугун Туркий давлатлар ташкилотимиз ичида аҳоли сони энг жадал ўсиб бораётган мамлакат йиллик қарийб 1 миллионлик юксалиш (туғилиш) билан Ўзбекистон ҳисобланади. Инсон — энг катта бойликдир. Мол-мулкингиз, моддий бойликларингиз бугун бор, эртага бўлмаслиги мумкин. Аммо инсон ресурслари — ҳеч қачон йўқолмайдиган энг қадрли бойлик саналади. Бу жиҳатдан Ўзбекистоннинг туркий дунёга қўшаётган ҳиссасини кўриб турибмиз. Туркий дунё ичида Ўзбекистон бор экан, истиқбол сари ишончли қадамлар билан илдамлашда давом этамиз.

Ушбу фикр-мулоҳазалар қанотида яна бир бор Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларини ва қардош ўзбек халқини Янги йил муносабати билан самимий қутлайман. Ҳурматли Президент томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар учун туркий дунё номидан, Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар Кенгаши раҳбари сифатида чуқур миннатдорчилигимни билдираман.

Яшасин Ўзбекистон! Яшасин туркий давлатлар ва туркий дунё қардошлиги!

 “Dunyo” АА,

Анқара шаҳри.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan