Ўзбекистон Республикаси Президентининг “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ушбу сана кенг нишонланмоқда.
Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги “Хонобод” маҳалласида ҳам “Бурч, жасорат, матонат!” шиори остида инсонийлик ва ватанпарварликнинг юксак намунасини ифода этган “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. Унда Афғон урушида мардларча ҳалок бўлган ҳарбий десант қўшини оддий аскари Акром Каримов хотираси ёдга олинди.
Тадбирда Оҳангарон шаҳар ҳокими Садриддин Шоқосимов, нуронийлар, Афғон уруши фахрийлари ҳамда ёшлар қатнашишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, хотирасига юксак эҳтиром кўрсатиш, ёши улуғ фахрийларни эъзозлаш, уларнинг ижтимоий ва маънавий фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини алоҳида таъкидладилар.
Нуронийлар ўз ҳаётий тажрибаси ҳақида сўзлаб, ёшларни бугунги тинч ва дориламон кунлар, яратилган имкониятларнинг қадрига етишга чорлашди. Тадбир давомида марҳум Акром Каримов ҳақига дуо қилиниб, оила аъзоларига эҳтиром кўрсатилди.
Шавкат Комилов,
“Нуроний” жамғармаси
Оҳангарон шаҳар бўлими раиси.