Мамлакатимизда “Китобсевар миллат” шиори остида ўтказилган VI Республика китобхонлик ҳафталиги, чин маънода, китобсевар миллатимизнинг ёрқин вакилларини кашф этди.
Ҳафталик доирасида ўтказилган учрашув ва мулоқотлар иштирокчиларга улкан маънавий-маърифий сабоқ бериш билан бир қаторда, ёш авлодни эзгу мақсад-вазифалар сари янада руҳлантирди.
Айни тадбирларда юртимиз хотин-қизлари билан учрашиш, улар иштирокида қизғин суҳбатлар ташкил қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
— Онахонлар, опажонлару сингиллар билан учрашувларимиз Ватан ва кўнгил ободлиги ҳақидаги ниятлар билан янада чиройли ўтди, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фалсафа фанлари доктори, шоира Сайёра Тўйчиева. — Қарши шаҳри, тумани, Чироқчи, Кўкдала туманларидаги учрашувлар аёлнинг жамиятдаги ўрни, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилалар фаровонлигини таъминлаш борасидаги ниятлар, таклифлар ва тавсияларга бой бўлди. Юртдошларимиздаги кўтаринки кайфият, ўзига хос шукроналик ҳисси кўнглимизни ёритди. Азиз ҳамроҳларим — Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари — оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоеванинг самимий суҳбатлари, ҳаётий таҳлиллари ҳар бир тадбирга ўзгача мазмун бахш этди…
Шаҳрисабз давлат педагогика институтида “Маьрифатли қизлар” мавзусида бўлиб ўтган учрашувда қизларни илм-маърифатга чорлаш, оилада маънавият-маърифат тарғиботи, хотин-қизларни илм ва ижод сари руҳлантириш хусусида фикр юритилди. 36 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган қашқадарёлик лидер қизларнинг муваффақият сирларига оид гурунглари талаба қизларга ўзига хос мотивация бўлди.
Жиззах вилояти Шароф Рашидов номидаги ахборот-кутубхона марказида ҳафталикнинг тантанали ёпилиш маросими ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, фалсафа фанлари доктори, шоира Сайёра Тўйчиева, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнора Нормуродова, Жиззах шаҳар “Оқила аёллар ҳаракати” ва “Бувижонлар мактаби” етакчилари иштирок этдилар.
Тадбирда ҳафталик мобайнида амалга оширилган маънавий-маърифий ишлар сарҳисоб қилиниб, китобхонликни кенг тарғиб этиш, жамиятда мутолаа маданиятини юксалтириш борасидаги муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Шунингдек, ҳафталик давомида ўтказилган тадбирларда фаоллик кўрсатган вакиллар, танловлар ғолиб ва совриндорлари тантанали тақдирландилар.
Б.ВАЛИЕВ.