Қашқадарё — буюк замин. Ушбу табаррук гўша дунё тамаддунига Соҳибқирон Амир Темурни туҳфа қилган. Унинг ҳар бир нуқтаси улуғ саркарданинг жасорати ва матонатига гувоҳ бўлган. Айниқса, бугун туризм марказларидан бирига айланган Шаҳрисабз шаҳри, чин маънода, жаҳонгашта бобомизнинг куч-қудратини бутун бўй-басти билан ўзида намоён этиб, нафақат юртимиз, балки жаҳон сайёҳларини ҳам оҳанрабодай чорлаб турибди. 

Амир Темур бобомиз таваллудининг 690 йиллиги Қашқадарё вилоятида ҳам ўзига хос байрамга айланди. Эрта тонгдан Шаҳрисабз шаҳридаги Оқсарой томондан янграган карнай-сурнай садолари барчани майдонга чорлади.

Тантана марказида вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигида ҳокимлик, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, “Нуроний” жамғармаси вилоят ва туман бўлимлари фаоллари,  корхона ҳамда ташкилотлар вакиллари, ёшлар жам бўлдилар. Соҳибқирон  хотираси ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси янгради.

Вилоят ҳокимлиги, ҳарбий бўлинмалар, корхона, ташкилот, ўқув юртлари вакиллари Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйдилар.

Тадбир давомида меҳмонлар майдонда ташкил қилинган каштачилик, ҳунармандлик, миллий либослар, баҳорий таомлар кўргазмаси билан яқиндан танишдилар.

Туманлардан ташриф буюрган фолъклор-этнографик жамоалар томонидан ташкил қилинган чиқишлар барчада катта таассурот қолдирди.

Шавкат СУЛТОНОВ,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan