“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!”
Бугунги кунда дунёда таҳликали мурракаб вазият ҳукм сураётган бир пайтда мамлакатмиздаги тинч-осойишта кунларнинг қадрига етиб, бу дориломон кунларга шукрона айтиб яшаш — жонажон Ўзбекистонимизнинг нонини еб, сувини ичиб юрган ҳар биримиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
“Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, Бирлашсак — Ватанмиз!” деган эдилар мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Ватан тараққиёти йўлида барчамизни бирлашишга даъват этиб. Мамлакатимизнинг барча ватанпарвар инсонлари қатори биз, фахрий-ижодкорлар ҳам бу даъватга “лаббай” деб жавоб бериб, Ватанимиз равнақи ва халқимиз бирлиги йўлида баҳоли қудрат хизмат қилиб келяпмиз.
Зеро, бугун мамлакатимизда фахрийларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган изчил сиёсат юритилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз нуронийларга улкан ишонч билдириб, уларни жадал ислоҳотларимизнинг натижадорлигини таъминлаш, ёшларни баркамол авлод этиб тарбиялаш, амалдаги қонун ва фармон, қарорларнинг тўлақонли ижросини таъминлашда жойларда жамоатчилик назоратини фаол олиб боришга чорламоқдалар. Бунга жавобан фаол фахрий кексалар бир жойда туриб қолмай, “Кексалик — бекорчилик эмас” деган нақлга амал қилиб, ташкилот ва идораларда, муассасаларда бўлиб, зиммаларига юклатилган вазифаларни амалга ошириш йўлида камарбаста бўлмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167-сонли, 2023 йилда 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли қарорлари ва яна қатор ҳужжатларнинг бу борада дастуриламал бўлиб келаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз.
Шуниси қувонарлики, ижтимоий давлат тамойили асосида жойларда инсон манфаатлари таъминланиб келинмоқда. Мамлакатимизда ишга туширилаётган ва қурилаётган корхоналар аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2024 йил 1 июнь куни Бухоро вилоятига ташрифлари давомида Қоракўл туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўриб, бу ерда маҳалла вакиллари билан суҳбатлашганда аҳоли тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш борасида ажойиб фикрларни билдирган эдилар. Жумладан “Маҳаллада “еттилик” ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлса, ишсизлик, жиноят бўлмайди. Бунинг учун уларда етарли ваколат бор. Мутасадди ташкилотларни жалб этиб, одамларнинг даромад топишига ёрдам бериш керак. Мактабда таълим сифатидан хабардор бўлиш, битирувчиларни олий таълимга, даромадли ҳунарларга йўналтириш зарур”, — деган эдилар.
Олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида маҳаллалар, улардаги оилаларнинг турмуш тарзи янада яхшиланиб, оилалар камбағалликдан чиқарилмоқда, ёшларнинг муаммолари бартараф этилиб, тизимли равишда касб-ҳунарга йўналтирилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ёши улуғ инсонлар иштирокида давом эттирилаётган лойиҳалар амалда ўз самарасини бермоқда. Шундай бўлиши ҳам табиий. Негаки, ёши улуғ, пири бадавлат, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиган кексалар бош қўшган ҳар бир иш муносиб мева бериши муқаррардир.
Биз, ижодкор фахрийлар, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Республика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари сифатида “Нуроний” жамғармасининг жойлардаги бўлимлари томонидан ташкиллаштирилаётган “Уч авлод учрашуви”, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул”, “Қўша қариш саодати”, “Китобхонлик — олий фазилат”, “Биз — улуғ аждодлар авлодларимиз”, “Фахрийлар — фахримиз” каби маънавий-маърифий тадбирлар, шунингдек, қатор ижодий кўрик-танловларда иштирок этиб келмоқдамиз. Шу кунларда жадид боболаримиз меросини ўрганиш ва мамлакатимизда ўтказилаётган “Китобхонлик ойлиги” тадбирларида ҳам фаол иштирок этмоқдамиз. Жумладан, жорий йил 10 апрель куни улуғ жадид адибимиз, ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий уй-музейида Ренессанс Университети педагогик жамоаси ва талабалари билан “Абдулла Қодирий асарларида халқчиллик — миллий ўзликнинг ифодаси” номли маънавий-маърифий тадбирда қатнашиб, улар билан бу борада ўз фикр-мулоҳазаларимизни ўртоқлашдик. Бундан ташқари, 15 апрель куни пойтахтимизнинг Яшнобод туман ахборот-кутубхона марказида “Буюклар болалиги” рукнида яратилган “Райҳонли бола ёхуд Берунийнинг ёшлиги” номли китобимнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Тумандаги 153-226-мактабларнинг 7-8-синф ўқувчилари билан ўтказилган “Ижод ва тафаккур учрашуви” деб номланган мазкур тадбирда таниқли нуроний ижодкорларимиз — истеъдодли шоир “Дўстлик” ордени соҳиби Турсун Али, “Шуҳрат” медали соҳиби, ғазалнавис шоир Негмурод Гулиев, қиссанавис ёзувчи ва шоир Самад Дамин ҳамда таниқли болалар шоири, Халқаро “Олтин қалам” мукофоти соҳиби Дилшод Ражаблар иштирок этиб, ўқувчиларга китоб мутолаасининг аҳамияти, ижод масъулияти ҳақида қимматли фикрларини билдирдилар.
Бугунги кунда маҳаллалар ва таълим муассасаларида “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар кенг жамоатчилик — ёшлар, нуронийлар ва фахрийларни бир даврага жамламоқда. Она Ватанга муносиб ўғил-қизлар бўлиш, Янги Ўзбекистонимизда ёшлар салоҳиятини юзага чиқариш йўлида яратилган шароитлардан унумли фойдаланиш бугун фарзандларимизнинг бош мақсадига айланиши зарур. Бу йўлда ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб туриш биз, фахрийларнинг бурчимиздир. Ҳар биримиз ўғил-қизларимиз келажагига масъулият билан қарасак, ушбу йўналишдаги тадбирлар, ишлаб чиқилган режа ва дастурлар тўлақонли даражада ўз ижросини топади ва албатта, кўзлаган мақсадларимизга эришамиз.
Барча фахрийлар, турли соҳалар вакиллари бир ёқадан бош чиқариб, қўлни-қўлга бериб, ўзаро ҳамкорликда иш олиб борар эканмиз, фарзандларимизнинг биздан-да кучли, билимли ва доно авлод бўлиб етишишлари шубҳасиздир. Зеро, барчаси — аҳил ва фаоллигимизга боғлиқ.
Зикрилла НЕЪМАТОВ,
“Дўстлик” ордени соҳиби, 1-даражали
“Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони
соҳиби.