Инсон қадри меҳнатда тобланади. Юртимизда инсон шаънини улуғлаш ва меҳнат аҳлини эъзозлаш давлат сиёсатининг бош мезонига айланган ҳозирги кунда ўз умрини соҳа равнақига бахшида этган фидойиларга эътибор самараси янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда. Ана шундай юртдошларимиздан  бири — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор, ғузорлик Ўткир Жумаевдир.

Ғузор заминидаги моҳир чорвадорлар ҳақида сўз кетганда, Ўткир Жумаев номи эҳтиром билан тилга олинади. Сабаби, унинг ҳаёт йўли — сабр, матонат ва касбга садоқатнинг намунасидир. Қарийб ярим асрдан зиёд вақт давомида тумандаги машҳур “Пачкамар” қоракўлчилик ва наслчилик хўжалигида фаолият юритиб, унинг 35 йилини мазкур даргоҳга раҳбарлик қилишга бағишлаган Ўткир ота хўжалик тарихидаги “олтин давр”ни бошқарди. Боиси, шу муддатда қўй-қўзилар сони 40 минг бошга етказилди.

Шунингдек, ҳар юз бош совлиқдан 110 тадан ортиқ наслли қўзи олишга эришилди. Энг асосийси, жун ва қоракўл тери тайёрлаш режалари изчил равишда ортиғи билан бажарилди. Бу кўрсаткичлар, албатта, илм, тажриба ва тинимсиз изланишнинг маҳсули. Ўткир Жумаев наслчиликни илмий асосда ташкил этиш ва чўпонлар меҳнатини муносиб рағбатлантиришни фаолиятининг бош мезони этиб белгилади.

— Чўпоннинг фаолияти  табиат билан чамбарчас боғлиқ, — дейди Ўткир Жумаев. — Қишнинг қаҳратонида ҳам, ёзнинг чилласида ҳам чорва бошида бўлиш, ҳар бир қўзичоқнинг соғлом ўсиши учун жон куйдириш муҳим ҳисобланади. Бизнинг давримизда яйловларда ҳозиргидек шароитлар йўқ эди. Аммо кўнглимизда соҳага бўлган чексиз садоқат бор эди. Биласизми, қоракўлчилик, бу — санъат. Терининг гули, ранги ва товланишини сақлаб қолиш учун наслчилик илмини мукаммал эгаллаш керак. Мен ҳар бир чўпонга нафақат мол боқиш, балки ҳар бир жонзотга меҳр билан  қарашни уқтираман. Чунки чорвадорнинг баракаси — унинг меҳнатидаги ҳалоллиги ва ҳайвонга бўлган шафқатидадир.

Дарҳақиқат, 1964 йилда ташкил этилган “Пачкамар” ва “Қоракамар” яйловларида иш бошлаш осон кечмаган. Сувсизлик, жазирама иссиқ ва қаҳратон совуқларда сурувни шакллантириш ҳақиқий матонатни талаб қиларди. Ана шу машаққатли мактабда Бойхон Ҳолиқулов, Ҳомид Эргашев каби моҳир чорвачилар етишиб чиқди. Бугунги кун мутахассислари, хусусан, хўжалик зоотехниги Ботир Тошмуродов таъкидлаганидек, Ўткир ака яратган талабчанлик ва тажриба мактаби ҳанузгача соҳа ривожига хизмат қилмоқда.

Ўткир Жумаев 1992 йилда хўжаликда чўпонларнинг махсус тарихий музейини ташкил этди. Бу маънавий маскан саҳро заҳматкашларининг шарафли йўлини муҳрлаган эҳтиром обидаси. Музейда сақланаётган ноёб фотосуратлар ва ҳужжатлар ёш авлодга қишлоқ меҳнаткашининг нақадар улуғ инсон эканлигини уқтиради. Бугун Ўткир Жумаев нафақада бўлса-да, ҳамон соҳа билан ҳамнафас. Туман Нуронийлар жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида ёшларга йўл-йўриқ кўрсатиб келмоқда.

Унинг кўп йиллик заҳматлари давлатимиз томонидан юксак баҳоланди — 2020 йилда Президентимиз Фармонига кўра, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор” фахрий унвони билан тақдирланди. Ҳа,  Ўткир Жумаев ҳалол меҳнат билан эл ардоғига сазовор бўлган юртдошларимиздан бири. Унинг ҳаёт ва фаолият йўли замондошларимиз ва келгуси авлодлар учун садоқат ҳамда фидойилик мактаби бўлиб қолаверади.

Ҳасан ҚАҲҲОРОВ,

“Нуроний” жамғармаси

Ғузор туман бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan