Бугун мамлакатимизда давом этаётган янгиланиш ва ислоҳотлар жараёнида юртимиз фахрийларининг фаолиятига қаратилаётган эътибор ҳамда ғамхўрликни алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳозирги нуронийлар, таъбир жоиз бўлса, узоқ йиллар давлатимиз ва халқимизга хизмат қилиб, фақатгина ёшларни дуо қилиб ўтирадиган фахрийлар эмас, аксинча, уларнинг ёнида енг шимариб, белни маҳкам боғлаб, бутун тафаккури, тажрибаси ва салоҳиятини эл-юрт манфаатларини таъминлашга сарфлашга киришган кексалардир.
Бугун улар ёшлардек шижоатли ва навқирондирлар. Чунки давлатимиз раҳбарияти томонидан кейинги йилларда нуронийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар уларни ана шундай шахдам ва бардам кексаларга айлантирмоқда, албатта.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 167-сонли, 2023 йилда 11 март кунидаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли қарорлари ва яна қатор ҳужжатларнинг бу борада дастуриламал бўлиб келаётганлиги айни ҳақиқатдир.
Бугун юртимизнинг ғайратли, ишбилармон ва донишманд фахрийлари жамланган “Нуронийлар масканлари” юқорида қайд этганимиз каби ўзига хос ютуқларга дебоча бўлмоқда. Қувонарлиси, мамлакатимизда ушбу файзли масканлар сони тобора ортиб бораётир.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Қибрай тумани “Соҳибкор” маҳалласидаги сўлим ва баҳаво гўшада қад ростлаган, чин маънода, кишининг баҳри дилини очадиган ошёнлардан бири бўлган “Нуронийлар маскани” очилди.
Ушбу файзли масканнинг очилиш маросимида доира, карнай-сурнай наволари меҳмонларни ўз ҳузурига чорлади. Йўллар ҳам, бино ва унинг ҳовлиси ҳам Наврўз байрамига монанд безатилган. Дошқозонларда сумалак, ҳалим қайнамоқда. Тандирларда кўк сомсалар ёпилмоқда. Миллий либослардаги йигитлар меҳмонлар учун хизматда. Дастурхонларга баҳорий неъматлар тортилган. Овоз кучайтиргичдан баҳорий куй-қўшиқлар таралмоқда.
Тадбир аввалида Қибрай тумани ҳокими Музаффар Рашидов сўзга чиқиб, “Нуронийлар маскани”ни тантанали очиш учун сўз навбатини Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевга берди. Вилоят ҳокими ҳозирги кунда юртимиз нуронийларини қўллаб-қувватлаш борасида муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган эзгу ташаббуслар хусусида фикр юритди ва айни маскан ушбу амалий саъй-ҳаракатларнинг ёрқин исботи эканлигини таъкидлади. Ўз навбатида, мазкур масканга нафақат туман, балки вилоят миқёсида олдинги ўринда турувчи сўлим ва баҳаво, барча имкониятларга эга ошён сифатида юқори баҳо берди.
Тадбирда меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикасининг илк Бош вазири Абдуҳошим Муталов, “Нуроний” жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси Абдусамад Носиров, туман “Бувижонлар мактаби” гуруҳи раҳбари Дилором Салимова ҳам сўзга чиқиб, юртимиздаги бунёдкорликлар, ободлик ва янгиланишлар ҳақида сўзладилар. Шунингдек, улкан эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбариятига чин дилдан миннатдорлик билдирдилар. Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир томонидан ўқилган шеърлар даврага янада файз киритди.
Шундан сўнг анъанага кўра, фахрийлар томонидан рамзий лента қирқилиб, меҳмонлар ичкарига ташриф буюрдилар. Масканда яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Тантанали очилиш маросимидан сўнг фахрий нуронийлар бир пиёла чой устида маърифий суҳбатни давом эттирдилар. Хушовоз хонандалару созандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ушбу суҳбатга ўзгача завқу шавқ бағишлади.
И.АБДУСАЛОМОВ.