дейди 93 ёшли фахрий журналист Абдумалик Тошбеков.

Матбуот шундай сеҳрли оламки, унга бир бор қадам қўйган инсоннинг бутун ҳаёти қоғоз ва қалам, ҳақиқат ва масъулият билан йўғрилиб кетади. Юртимизда ушбу соҳада узоқ йиллар ижод қилиб, эл-юртимиз ҳурматига сазовор бўлган фахрий журналист отахону онахонлар кўпчиликни ташкил қилади. Бугун сочларига қор қўнган бўлса-да, нигоҳларида ижод, яратиш завқи жўш уриб турган фидойи инсон — Наманган вилоятининг энг кекса журналисти, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдумалик ота Тошбеков ана шундай юртдошларимиздан биридир. Бугун унинг тажриба мактаби ёшларга, чин маънода, ибрат бўлиб келмоқда.

“Нуроний” жамғармаси Учқўрғон тумани бўлими ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими вакиллари 93 баҳорини қарши олган Абдумалик ота Тошбеков хонадонида бўлиб, устознинг ҳолидан хабар олишди.  Бир пиёла чой устида кечган мулоқотда устоз ўзининг ҳаётий тарибалари билан ўртоқлашди. унутилмас таассуротларга бой бўлди.

Абдумалик ота 1933 йилда Наманган вилояти Учқўрғон туманида  деҳқон оиласида туғилган. Меҳнат фаолиятини 1952 йилда “Пахтачи” газетасида мусаҳҳиҳликдан бошлаган. Кейинчалик ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика бўлимида таҳсил олиб, соҳанинг сир-асрорларини пухта эгаллаган. Учқўрғон ва Норин туманлари газеталарида узоқ йиллар бош муҳаррир вазифасида ишлаб, ҳудуд солномасини яратишга улкан ҳисса қўшган.

Устознинг  кучли хотираси ва матбуотга бўлган чексиз меҳр-муҳаббати бизга жуда катта сабоқдир, — дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими “Ёш журналистлар билан ишлаш” жамоатчилик кенгаши раиси Жаҳонгир Тўхтасинов. — Абдумалик Тошбековнинг муҳаррирлик мактаби ва ўзига хос ижодини чуқур ўрганиш бугунги ёш ижодкорлар учун жуда манфаатлидир. Устознинг шогирдлари ҳозирда эл-юртимиз манфаати йўлида хизмат қилмоқдалар. Бугун жавонлардан жой олган “Талабалик сурури”, “Нориндек жўшқиндир аҳли қаламкаш” каби китоблари устознинг сермаҳсул ижод намуналаридан бўлиб, ёш қаламкашлар учун маҳорат дарслиги бўлиб хизмат қилмоқда.

Суҳбат давомида Абдумалик ота бугунги шиддатли матбуот жараёнларини  диққат билан кузатиб бораётганлигини таъкидлади. “Норин овози” газетасининг маҳорат мактабидан баҳраманд бўлган Сабоҳат Ҳожибоева, Равшанбек Мирзаолимов, Шаҳло Тошбекова, Гулчеҳра Бувамирзаева каби ижодкорларнинг ютуқларини фахрланиб эътироф этади.

— Инсон қадри азиз бўлган юртда яшаяпмиз. Ҳурматли Президентимиз, вилоят ва туман раҳбарларидан ғоят миннатдорман. Бугун биз, кексалар эътибор ва эъзозни ҳис этиб яшаяпмиз. Йўқлаб келганингиз учун сизларга ҳам катта раҳмат, — деди Абдумалик Тошбеков дуога қўл очар экан. — Айниқса, бугунги кун ёшларининг улкан ютуқлари, жаҳонга юртимиз номини танитаётганликлари барчамизга чексиз мамнуният бағишламоқда. Албатта, ёшларимиздан умидимиз катта…

Устознинг самимий дуосидан баҳраманд бўлар эканмиз, у кишидаги  шукроналик ва шарафли касбга нисбатан чексиз садоқат барчамиз учун яна бир карра ибрат мактаби бўлиб хизмат қилди десак, асло муболаға бўлмайди.

Абдужаббор  Набиев,

Учқўрғон тумани

Нуронийлар кенгаши аъзоси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan