Кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди
Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг республика босқичига бу йил Наманган вилояти мезбонлик қилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорларида нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ёшлар тарбиясида уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида нуронийларнинг ёшлар тарбиясидаги фаоллигини ошириш борасидаги ишлар мамлакатимизда ўзига хос қадриятлар тантанасига айланди. Мана, бир неча йилдирки, нуронийларнинг ёшлар билан олиб бораётган ишлари сарҳисоби — “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танлови анъанавий тарзда ўтказилиб, ғолиблар тақдирланмоқда.
Жорий йилда ҳам Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва барча вилоятлар бўлимлари томонидан давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг туман (шаҳар) ҳамда вилоятлар босқичлари юқори уюшқоқлик билан ташкил этилди. Уларнинг барчасидан муваффақиятли ўтиб, ҳудудий босқичда ғолиб бўлган 14 нафар иштирокчи республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Кўрик-танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг ҳудудий босқичлари ғолиблари, фахрий меҳмонлар ва фаол нуронийларни наманганлик мезбонлар байрамона кайфиятда, карнай-сурнай садолари остида Наманган шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида кутиб олишди.
Тадбир аввалида Наманганда яшаб ижод қилган тарихий шахслар, маърифатли инсонлар, алломалар, фозилу фузалолар, жадидчилар, олимлар ва иқтидорли ёшлар ҳаётидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Наманган вилояти ҳокими ўринбосари Жамшид Хатамов тадбирни кириш сўзи билан очиб, вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг нуронийларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Шундан сўнг “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси ўринбсари Шуҳрат Усмонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, эътибор ва ҳурмат натижасида нуронийлар жамият ҳаётида кундан-кунга фаол бўлиб бораётганини таъкидлади ва “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиевнинг кўрик-танлов иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.
Кўрик-танлов иштирокчилари учта шарт бўйича беллашувлари бошланди. Беллашувларни ҳакамлар ҳайъати раиси, Иқтисодиёт университети ҳузуридаги Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш илмий асослари ва муаммолари илмий марказининг сектор мудири, иқтисод фанлари доктори, профессор Баҳодир Умрзақов, ҳайъат аъзолари — Ёшлар ишлари агентлиги директори маслаҳатчиси Умиджон Баҳромов, Республика Маънавият ва маърифат маркази бошқарма бошлиғи, ҳайъат аъзоси Бегмат Очилов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси бўлим бошлиғи, ҳайъат аъзоси Илёс Достонов, Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Раҳима Мирхолиқовалар баҳолаб боришди.
Нуронийлар барча шартларда фаол иштирок этдилар. “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” тамойили доирасида амалга оширган ишлари юзасидан тайёрлаган альбом ва ёзма маълумотларида, “Нуронийлар беллашуви” шартида ўзларига бириктирилган уюшмаган, муаммоли 10 нафар ёшларни тўғри йўлга қайтариш ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасида амалга оширган ишларини баён этишди.
Бу йилги беллашувлар жуда қизғин тус олди. Айниқса, Наманган вилояти Уйчи тумани “Боғ кўча” маҳалласидан Саида Убайдуллаева, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани “Султония” маҳалласидан Мавлуда Абдуқодирова, Бухоро вилояти Бухоро тумани “Шодлик” маҳалласидан Ҳамида Жўраева, Навоий вилояти Нурота тумани “Ғафур Ғулом” маҳалласидан Бахтиёр Ҳалимовнинг чиқишлари тадбир меҳмонларида катта таассурот қолдирди.
Жиззах вилояти Зарбдор тумани “Тошкескан” маҳалласи фаол нуронийси Асрорхон ота Шодиев миллий урф-одатларимизни саҳна кўриниши тарзида томошабинлар эътиборига ҳавола қилганида залда гулдурос қарсаклар янгради. Қорақалпоғистон Республикаси Шуманай тумани “Мами” маҳалласи фаол нуронийси Сарбийке она Қаллашова саҳнага кўтарилганидаёқ томошабинлар эътиборини қозонди. Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани “Эски қишлоқ” маҳалласи фаол нуронийси Чори ота Раимов, Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Ўзбекистон” маҳалласи фаол нуронийси Мастура ая Якубова, Хоразм вилояти Хива тумани “Парчанхос” маҳалласи фаол нуронийси Абдурасул ота Жуманиязов, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани “Деҳқонобод” маҳалласи фаол нуронийси Жумабой Қосимов, Самарқанд вилояти Ургут тумани “Юқори қайроқли” маҳалласи фаол нуронийси Акром Суюнов, Қашқадарё вилояти Нишон тумани “Навбаҳор” маҳалласи фаол нуронийси Шавкат Султонов, Андижон вилояти Андижон шаҳри “Ғайрат” маҳалласи фаол нуронийси Ғуломиддин Абдуллаевнинг чиқишларини ҳам томошабинлар катта қизиқиш билан кутиб олишди. Фарғона вилояти Қува тумани “Қува” маҳалласи фаол нуронийси Ғофиржон ота Қорабоев саҳнага ўзи билан нурли алломалар сиймоларини яратган нуронийлар билан чиққанида зални гулдурос қарсаклар тутиб кетди.
Қизғин беллашувлар якунида ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Наманган вилояти Уйчи тумани “Боғ кўча” маҳалласи фаол нуронийси Саида Убайдуллаева фахрли 1-ўринга сазовор бўлди ва унга бош совринни вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов топширди.
2-ўринни эгаллаган Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани “Султония” маҳалласидан Мавлуда Абдуқодировага мукофотни “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Усмонов топширди.
Бу йилги баҳсларда нуронийлар шу қадар фаоллик билан иштирок этишдики, ҳакамлар ҳайъати икки иштирокчига 3-ўринни беришди. 3-ўрин соҳибларидан бири Бухоро вилояти Бухоро тумани “Шодлик” маҳалласи фаол нуронийси Ҳамида Жўраева ҳамда яна бир 3-ўрин совриндори — Навоий вилояти Нурота тумани “Ғафур Ғулом” маҳалласи фаол нуронийси Бахтиёр Ҳалимовга мукофотларни “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов топширди.
Кўрик-танлов иштирокчиларининг барчаси турли номинациялар бўйича ғолибликка эришдилар.
Наманганлик санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар кўрик-танловга ўзгача файз бағишлади. Тадбир якунида Наманган вилояти ҳокимлиги нуронийларни шаҳардаги “Шодиёна” тўйхонасига бир пиёла чойга таклиф этди. “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” кўрик-танлови нуронийлар учун чин маънода шодиёнага айланиб кетди.
Ҳамрохон Мусурмонова,
Абдурашид Болтабоев.