Бугун юртимиз нуронийлари ўзгача ҳурмат-эҳтиром ва иззат-эътиборда яшамоқдалар. Негаки, мамлакатимизда ёши улуғ кексаларни қадрлаш, уларнинг саломатликларини муҳофаза қилиш, ижтимоий фаолликларини ошириш, улкан билим салоҳиятлари ва тажрибаларидан ёш авлод камоли, халқимиз фаровонлигини таъминлашда оқилона фойдаланиш борасидаги ташаббуслар пиру бадавлатларимизнинг ҳаётига янгича мазмун олиб кирмоқда. Шунинг учун ҳам ҳозирда жойларда фаолият юритаётган нуронийларимиз аввалгилардан кўра, дадил ва шахдам, соғлом ва навқирондирлар.  

Президентимизнинг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 92-сонли қарори асосида  “Нуроний” жамғармаси ва унинг ҳудудлардаги бўлим ва бўлинмалари томонидан амалга оширилаётган ишларни фикримизга яққол мисол дейиш мумкин.

Жумладан, ҳозирда жамғарманинг Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани бўлинмаси томонидан тизимли асосда фаолият ташкил этилиб, эзгу амалий саъй-ҳаракатлар изчил давом эттириб келинмоқда.

Туманимизда 19100 нафар меҳнат фахрийлари бор бўлиб, шундан 13 нафари Иккинчи жаҳон уруши фронторти фахрийлари ҳисобланади. Муборак Рамазон ойида уларнинг ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари билан таъминланди. Шунингдек, улар учун тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилиб, фахрийлар иштирокида ифторлик дастурхонлари ташкил қилинди. 42 нафар ёлғиз ва ўзгалар парваришига эҳтиёжманд фахрийларнинг барчаси давлатимиз томонидан яратилган имтиёз ва имкониятлардан баҳраманд бўлиб келишмоқда.

Ҳаёти ва фаолияти билан барчага ибрат бўлган нуронийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирларда кекса ва ўрта авлод вакиллари ёшларга ҳаёт сабоқларини бериб, уларни яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланишга ундамоқдалар. Маҳалла имом-хатиблари Рамазон ойининг фазилатлари, одоби, нималарга амал қилиш лозимлиги ҳақида гапириб, муборак ойни муносиб ўтказиш ҳақида йўл-йўриқ бермоқдалар.

Бундай тадбирлар Нормурод Тошқулов, Садиқа Кўчимова, Абдусалом Муродқулов, Мавлуда Маҳаммадқуловалар раислик қилаётган “Кўкгумбаз”, “Мулкуш”, “Маданият” ва “Саврук” каби маҳаллаларда, айниқса, мазмунли ўтказилмоқда.

Маълумки, кейинги пайтларда тўйларда дабдабабозликка берилиш, исрофгарчилик ҳолатларига йўл қўйиш, ортиқча анъана ва удумларни жорий этиш каби салбий ҳолатлар кўпайиб кетганини ҳисобга олиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари остида нуронийлар маҳалла фаоллари билан биргаликда маромийлик дастурини ишлаб чиқдик.

Айни дастур асосида “Нуронийлар маслаҳат кенгаши” аъзолари, “Бувижонлар мактаби”, маҳалла отинойилари ўзаро ҳамкорликда  ҳудудларда фуқаролар иштирокида йиғилишлар ўтказдик. Мазкур тадбирларда аҳоли белгиланган тартибларга амал қилмаган тақдирда, жавобгарликка тортилиши хусусида огоҳлантирилди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз томонидан биз, нуронийларга билдирилаётган ишонч ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, ўзимиздаги билим, тажриба ва имкониятларни халқимиз ҳамда келажак авлоднинг  саодатли турмуш тарзи, Ватанимиз равнақи учун сарфлаётганимиздан мамнунмиз.

Шакарбек УМАРОВ,

 “Нуроний” жамғармаси

Ғаллаорол тумани

бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan