Янги Ўзбекистонда халқимизни ҳаётдан рози қилиш, мамлакатимизни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ўзининг юксак самарасини бермоқда. Юртимизнинг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва нуфузи мустаҳкамланиб бораётганини нафақат республикамиз, балки халқаро даражадаги мутахассислар ҳам алоҳида эътироф этишмоқда. Дунёнинг ривожланган давлатлари, нуфузли халқаро тузилмалардан юртимизга ҳамкорлик таклифларининг кўлами тобора ортиб бормоқда.
Инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда нуронийлар ҳам давлат ва ҳукумат даражасида қўллаб-қувватланмоқдалар. Шу билан бир қаторда, уларнинг зиммаларига ёш авлод камоли, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида масъулият ҳам юкланмоқда. Кекса фахрийларимиз ҳам ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг юксак ишончидан руҳланиб, эл-юртимиз хизматида камарбаста бўлмоқдалар.
Муҳтарам Президентимиз 2025 йилнинг 26 декабрида Олий Мажлис ва Ўзбекистон халкига Мурожаатномасида “Ислоҳотларимиз самарасини ҳар бир маҳалла, ҳар бир хонадон ва ҳар бир инсон ҳаётида ҳис қилмоқда” деганларида юз карра ҳақ эдилар. Бунинг ёрқин исботини “Нуроний” жамғармаси Бухоро вилояти бўлими, хусусан, бухоролик фаол нуроний отахону онахонлар фаолиятида ҳам кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда вилоятимизда 245021 нафар пенсия ёшидаги фуқаролар мавжуд бўлиб, шундан 27 нафарини 100 ёшдан ошганлар, 4 нафарини Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, 101 нафарини урушорти меҳнат фахрийлари, 861 нафарини ўзгалар парваришига муҳтож якка-ёлғиз ва ёлғиз яшовчи кексалар ташкил қилади.
Биз кексалар манфаатини ҳимоя қилиш, уларга қулай яшаш шароитларини яратиб бериш, муаммоларини бартараф этишда 13 та “Нуроний” жамғармаси туман ва шаҳар бўлимлари, шунингдек, 516 та маҳалла қошида ташкил этилган “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари кучига таянамиз. Олдимизга қўйилган вазифаларни қатъий режа ва тизим асосида амалга ошириб келмоқдамиз.
Хусусан, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида нуронийларимиз муаммоли ва вақтинча ишсиз йигит-қизларни касбга йўналтириш, ишга жойлаштириш, нотинч оилаларда аҳиллик, осойишталикни қарор топтириш, жиноятчиликка мойил ёшларни тўғри йўлга бошлаш учун астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Ўтган 2025 йилда жами 8669 нафар ёш 977 нафар фаол нуронийга бириктирилиб, улар билан доимий тарзда суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб борилгани натижасида 522 нафар йигит-қизларимиз фойдали меҳнатга жалб этилдилар, 2647 нафари касбга йўналтирилди, 924 нафар ёш профилактик рўйхатдан, жами 9271 нафар йигит-қиз муаммоли ёшлар тоифасидан чиқарилди. Нуронийларимиз бу йил ҳам вилоятимиздаги барча маҳаллаларда “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” тамойили асосида муаммоли, вақтинча ишсиз ёшлар билан тизимли равишда иш олиб боришмоқда.
Шунингдек, жойлардаги “Бувижонлар мактаби” гуруҳи аъзолари саъй-ҳаракатлари билан 428 та мактабгача таълим ташкилотига 1284 нафар бувижонлар бириктирилиб, болажонлар тарбиясида уларнинг тажрибаларидан кенг фойдаланиб келинмоқда. Биргина ўтган йили 464 та умумий ўрта таълим мактабига 1394 нафар, 47 та касб-ҳунар мактабига 235 нафар, 11 та олий таълим муассасасига 55 нафар нуроний бириктирилиб, ёшлар билан фаол иш олиб борилди.
“Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурининг биринчи ярим йиллиги бўйича 1632 нафар фаол нуроний танлаб олиниб, 6587 нафар камбағал оилага бириктирилди. Айни дастурнинг иккинчи ярим йиллиги бўйича 1548 нафар фаол нуроний 7272 та камбағал оилага бириктирилди. Олиб борилган қизғин амалий саъй-ҳаракатлар натижасида 6987 та оилани камбағалликдан чиқаришга эришилди.
Ўтган йил давомида 3869 маротаба “Уч авлод учрашуви” тадбирлари ўтказилиб, уларга жами 66455 нафар иштирокчи жалб этилган бўлса, бу йил ҳам ушбу йўналишдаги ишлар тизимли ташкил этилмоқда ва учрашувларда кекса, ўрта ва ёш авлод вакилларининг фаол иштироки таъминланмоқда.
Кексаларимизнинг соғлиғини тиклаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йил май-декабрь ойлари давомида 61 нафар якка-ёлғиз ва ёлғиз яшовчи фуқаролар “Жўйзар” ва “Бухоро” сиҳатгоҳларида бўлиб, ўз саломатликларини тикладилар.
“Ноябрь — Кексалар учун туризм ойлиги” доирасида республикамизнинг Тошкент, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари ва ички туризм йўналиши бўйича вилоятимизнинг диққатга сазовор гўшаларида бўлиб, бўш вақтларини мазмунли ўтказган юзлаб кекса фахрийларимиз мамнуният билан миннатдорлик билдирмоқдалар. Улар қаторида энг фаол “Кексалар маслаҳати” гуруҳи раҳбарлари, “Бувижонлар мактаби” аъзоларидан 100 нафари, кўзи ожиз, ногирон, кар-соқов ҳамда собиқ афғон уруши фахрийлари ҳисобидан 150 нафари Самарқанд шаҳрида саёҳатда бўлиб, шаҳарнинг қадимий ёдгорликлари, муқаддас қадамжолари билан танишдилар.
Фаол нуроний отахону онахонлар саъй-ҳаракати билан 2025 йилда 2738 марта жамоатчилик назорати амалга оширилиб, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига 379 та муаммо бўйича маълумотлар киритилди.
Албатта, эл-юрт манфаатларини таъминлаш йўлидаги фидойи хизмат асло ерда қолмайди, ўзининг муносиб баҳосини олади. Шу маънода айтиш керакки, ўтган йили самарали фаолияти учун жами 60 нафар нуронийларимиз турли даражадаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирландилар.
Жамғарманинг вилоят бўлими “Маҳалла” уюшмаси, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, Спорт, Ёшлар ишлари агентлиги бошқармалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Айни идоралар билан бирга, узоқ йиллардан бери аҳил ва тотув яшаб келаётган 617 нафар жуфтлик аниқланиб, уларнинг бой ҳаётий тажрибасини ёшларга намуна қилиб кўрсатиш мақсадида, “Қўша қариш саодати” маърифий тадбирлари ташкил этилди.
Нуронийларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун зарур шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Вилоят ва туман, шаҳар “Нуронийлар масканлари” олдида алоҳида спорт заллари ташкил этилган бўлиб, уларнинг барчаси спорт анжомлари билан таъминланган. Ҳар чорак якунида “Ғайратли кексалар” шиори остида дартс, стол тенниси, мини-футбол, миллий кураш, шахмат-шашка, бадминтон спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш анъанага айланган.
Ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларида ҳам вилоятимиз фахрийларининг фаоллигини алоҳида қайд этиш жоиз, албатта. Ўтган йил давомида қабристонларни ободонлаштириш, “яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “маҳалла еттилиги” ва “Кексалар маслаҳати” гуруҳи аъзолари ҳамкорлигида ибратли ишлар амалга оширилди. Маҳаллалар, кўчалар, ариқ ва йўллар бўйига минглаб мевали ва манзарали кўчатлар экилиб, уларнинг тизимли парвариши йўлга қўйилди.
2026 йил — “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да ҳам барча саъй-ҳаракатларимиз ислоҳотларнинг бекаму кўст амалга оширилишига қаратилган. Йил бошида вилоятимизнинг “Кексалар маслаҳати” гуруҳи ва “Бувижонлар мактаби” раҳбарлари, фаол нуронийлар иштирокида кечган йиғилишимизда режалар ижроси, уларнинг амалдаги ҳолати ўзаро муҳокама қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб олинган.
Мазкур йилда маънавий-маърифий ишларни янада кенг миқёсда олиб боришни мақсад килиб олдик. Вилоят телерадиокомпанияси ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда “Аҳиллик сири”, “Пиру бадавлатлик сари йўл”, “Қўша қариш саодати”, “Уч авлод учрашуви” каби кўрсатув ва эшиттиришларни фаол тарзда эфирга узатиш, тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш бугун эътиборимиз марказидаги вазифалардан ҳисобланади. Бундан ташқари, узоқ йиллик меҳнатлари билан халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилаш, халқ хўжалигини юксалтириш ишига ҳисса қўшган таниқли инсонларнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида, “Бухоро замини юлдузлари” деб номланган хотира китобини нашрга тайёрлаяпмиз. Насиб этса, ушбу китобимиз истиқлол байрами арафасида дунё юзини кўради.
Бугунги шукуҳли кунларда мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрамини кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик ишлари бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг “2026 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида бу йилги Наврўз айёмида “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот тадбирларини юксак даражада ташкил этиш, уларда юртдошларимизнинг фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Бухоролик нуронийлар ҳам мазкур Қарорда белгиланганидек, юртдошларимизга, ёшларга тинч ва осуда ҳаётимизни қадрлаш, сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, шукроналик туйғусини сингдириш борасида маърифий тадбирлар ташкил этишмоқда. Шунингдек, кекса авлод вакиллари, хусусан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини эъзозлаш, “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган шахслар, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган ва кўмакка муҳтож инсонларнинг ҳолидан хабар олиш, улар учун байрам дастурхонларини ташкил этишда ҳам нуронийларимиз бош бўлиб, маҳалла фаоллари, ёшлар ва хотин-қизлар вакиллари иштирокида саховат ва хайрия тадбирларини ташкил этмоқдамиз.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятимизнинг барча ҳудудларида, кўча ва майдонлар, маҳалла, туман ва шаҳарларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. “Мен ҳам кўчат экаман” акциялари ва умумхалқ ҳашарлари ташкил этилмоқда.
Эл-юртимиз тинчлиги биз учун энг улуғ неъматдир. Мана шундай шукуҳли кунларда эзгу ниятларимиз бисёр. Уларни амалга ошириш учун нуронийларимизда билим, ҳаётий тажриба ва ташкилотчилик, ташббускорлик, барча-барчаси етарли. Жорий йилни ҳам ютуқлар ҳамда эзгу амаллар билан безаб, маҳаллаларда ҳамжиҳатлик, тинчлик, аҳиллик муҳитини асраш, оилаларда тотувликни таъминлаш, ёшларни она Ватанимизга муносиб фарзандлар этиб тарбиялашда Президентимизнинг биз, нуронийларга билдираётган юксак ишончини оқлаш йўлида астойдил ҳаракат қиламиз ва халқимизнинг меҳру муҳаббатига мушарраф бўламиз.
Самойдин ҲУСЕНОВ,
“Нуроний” жамғармаси
Бухоро вилояти бўлими раиси.