“Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида умумхалқ ҳашари юртимиз бўйлаб уюшқоқлик билан ташкил этилди. У халқимизнинг бирлиги, уюшқоқлиги тимсолига айланмоқда.

Юртимизда Наврўз байрами олдидан умумхалқ ҳашари уюшқоқлик билан ўтказилиши анъана тусига кирган. Жорий йилда ҳам мазкур анъана муносиб давом эттирилиб, 13-14 март кунлари Вазирлар Маҳкамасининг 72-сонли фармойишига мувофиқ, “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламли умумхалқ ҳашари ташкил этилди.

Ҳужжатга кўра, “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш” йилида амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда “яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Юрт ободлиги, аввало, маҳалладан бошланади!” шиори остида маҳаллалар, хиёбонлар, аҳоли турар жойлари, зиёратгоҳлар, қабристонлар ҳамда болалар майдончаларини ободонлаштириш тадбирларини амалга ошириш, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни тарғиб қилиш, халқимиз учун эзгулик, бирдамлик, олийжаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган қутлуғ Рамазон ойида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган.

2026 йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши ҳар қандай ўзгариш ва янгиланишларни маҳаллалардан бошлаш вазифасини кун тартибига чиқарди. Шу маънода, Рамазон ҳайити ва шарқона яшариш, янгиланиш айёми — Наврўз байрами арафасида маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, аҳоли ўртасида бирдамлик, аҳиллик, бағрикенглик кайфиятини уйғотиш, байрамни муносиб кутиб олиш мақсадида умумхалқ ҳашарлари жойларда тизимли ташкил этилди.

Хусусан, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар, ободонлаштириш бўлими ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан маҳалла ва кўчаларда, аҳоли турар жойлари атрофида, қабристон ва зиёратгоҳларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, кўчалар ва йўл бўйлари тартибга келтирилиб, чиқиндилардан тозаланмоқда, дарахт ва гул кўчатлари экилиб, мавжуд яшил ҳудудлар парвариш қилинмоқда.

Умумхалқ хайрия ҳашари доирасида Фарғона вилояти Фарғона тумани “Оқтом”, “Шарқ ҳақиқати” маҳалла фуқаролар йиғинларида кенг кўламли ҳашар ва ободонлаштириш ишлари ташкил этилди. Унда нуронийлар, ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этиб, ҳудудни обод қилишга ўз ҳиссаларини қўшдилар. Тадбир давомида қабристон ҳудудлари чиқиндилардан тозаланиб, тартибга келтирилди. Шунингдек, ариқлар кенгайтирилиб, тозалаш ишлари олиб борилди ҳамда дарахт ва кўчатларга агротехник ишлов берилди.

Жиззах вилояти Бахмал туманининг “Новқа” маҳалласида ташкил этилган “Меҳр ҳашари” давомида маҳаллалардаги эҳтиёжманд, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда кам таъминланган оилалар хонадонларида кўнгилли ёшлар ва нуронийлар  иштирокида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Ҳашар давомида ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва саховат анъаналари яна бир бор намоён бўлди.

Пойтахтимиз бўйлаб давом этаётган “яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Юнусобод туманида “Мен ҳам кўчат экаман” акцияси юқори савияда ўтказилди. “Тикланиш” маҳалласида ташкил этилган тадбирда туман ҳокими, ташкилот ва корхона ходимлари, “маҳалла еттилиги” ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Акция давомида ҳудуд иқлимига мос бўлган жами 550 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди, ҳар бир экилган ниҳолга масъуллар бириктирилиб, уларни парваришлаш тизими йўлга қўйилди. Ҳозирда туман ҳудудларида “яшил макон” лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ва ободонлаштиришга қаратилган ҳашар тадбирлари уюшқоқлик билан давом эттирилмоқда.

Наманган вилояти Уйчи тумани маҳаллаларида ҳам кўча, маҳалла, масжид, қабристон ва зиёратгоҳлар, атроф-муҳитнинг озода ва саришталиги таъминланмоқда. Айниқса, “Исломобод”, “Истиқлол”, “Қўрғонча” маҳаллалари ҳудудидаги “Қипчоқ”, “Машҳад”, “Биродарлик” қабристонларида тозалов ишлари ҳамжиҳатликда ташкил қилинди.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Кесканёр”, “Ҳожиобод”, “Янгиер”, “Янгиҳаёт” маҳаллалари ҳудудидан ўтган темир йўл бўйлари  ҳамда дала четларида 15 минг тупдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Ҳашарда ободонлаштириш бўлими ходимлари, ёшлар, маҳалла фаоллари ҳамда тумандаги барча ташкилотлар фаол иштирок этмоқда.

Наманган шаҳрида муқаддас қадамжолар ва қабристонлар ҳудудини ободонлаштириш, уларни тартибли ва файзли масканга айлантириш борасидаги ишлар изчил давом этяпти. Шаҳардаги “Мавлоно” қабристони ҳудудида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошланди.

Мазкур хайрия ҳашарида Наманган шаҳар ҳокими Аюбхон Камалов ҳамда “Нуроний” жамғармаси Наманган вилояти бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов бошчилигида шаҳарнинг бир қатор фаол нуронийлари, маҳалла фаоллари ҳамда шаҳар ташкилотларининг кўнгилли ходимлари иштирок этдилар.

Юртимизга кириб келган баҳор фасли, Наврўз байрами ҳамда муборак Рамазон ҳайити муносабати билан ташкил этилган ҳашар аввалида ўтганлар ҳақига фотиҳа ўқилди. Шундан сўнг қабристон ҳудудини ободонлаштириш мақсадида иш бошлаб юборилди. Хусусан, ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида қабристон атрофи ва ички қисмида кўчатлар экилди, йўлаклар тартибга келтирилди, чиқиндилардан тозаланди. Бундай хайрия ҳашарлари нафақат муқаддас масканларни обод қилиш, балки жамиятда ҳамжиҳатлик ва эзгулик муҳитини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Хоразм вилоятида икки кунлик ҳашарда 1 миллион 120 минг нафардан ортиқ ҳашарчи иштирок этиб, 22 мингдан ошиқ кўчалар атрофи ободонлаштирилди, дарахтлар суғорилиб, чиқиндилар махсус жойларга олиб чиқиб кетилди. Мазкур воҳада амалга оширилган ишлар кўламини қуйидаги рақамларда ҳам кўриш мумкин.

— Ҳашар давомида 1782 гектардан ортиқ ҳудудлар ободонлаштирилди, 1554 тоннадан ортиқ маиший чиқиндилар чиқариб ташланди. Шунингдек, 1089 километр ариқлар тозаланди. Бундан ташқари, 580 та қабристон ва 25 та зиёратгоҳлар тартибга келтирилди, — дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бўлими бош мутахассиси Муҳаммад Аҳмедов. — 2166 та оиланинг уй-жойлари таъмирланиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2018 та эҳтиёжманд оилага моддий ёрдам кўрсатилди.

Дарҳақиқат, ҳудудларда ўтказилган умумхалқ ҳашари нафақат маҳаллалар қиёфасини ўзгартириб, хонадону кўча-кўйга файз-барака олиб кирмоқда, балки аҳоли ўртасида меҳр-мурувват, аҳиллик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик муҳитини яратиб, кенг жамоатчилик вакилларини атроф-муҳитни асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, экологик мувозанатни барқарорлаштириш, экологик маданиятни юксалтириш масалаларида яхлит, бир бутун куч эканини амалда ифода этмоқда. Халқимиз учун катта шодиёна бўлган Наврўз айёми олдидан, айниқса, аҳолининг фаоллиги, ғайрат-шижоати айни тадбирларда яққол намоён бўлаётир.

Сўғдиёна Собирова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan