“Бир қоп ун, ичида устун” деган топишмоқнинг жавобини биласизми? Албатта, бу — болалигимиздаги севимли мевамиз жийдадир. Болалигида кеч куз ёки қиш фаслида қишлоқда яшайдиган бобо-бувилариникига меҳмонга борганлар жуда яхши билади унинг тотини. Узун, совуқ қиш кечаларида, иссиқ танчага оёқларини солиб, қуроқ дастурхонга тўкиб қўйилган ўрик, олча туршаклари билан биргаликда жийдани ҳам шимиб, эртаклар тинглаганлар яхши эслайди. Авваллари қишлоқларда ҳар бир уйда бир ёки икки туп жийда дарахти бўлар, кеч кузда меваси қоқиб олиниб, қуритилиб, бошқа меваларнинг туршаклари билан бирга қутиларга солиб қўйиларди. Қиш кечалари узун-узун ҳангома пайтларида туршак, жийда шимиб, чой ичиб ўтириларди. Кейинги пайтларда бу мевага эътибор камайдими, борган сари таомномадан чиқиб кетмоқда. Ўзига яраша таъмга эга бу меванинг фойдали хусусиятлари бисёр, албатта. Унинг бўй ўстириши, ичкетарни даволаши ҳақида кайвони момолар аллақачонлардан бери гапиришади.
Жийда — жийдадошлар оиласига мансуб дарахт ёки бута бўлиб, Жанубий Европа, Марказий ва Шарқий Осиё, Шимолий Америкада ўсадиган 40 га яқин турга эга. Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистонда унинг қарға жийда, тиканак жийда, нон жийда турлари бор. Гули сариқ, хушбўй, эфир мойли, меваси унсимон, таркибида қанд, оқсил, кислота, витаминлар бор. Шунингдек, витамин С, витамин В1, витамин В2, темир, мис, фосфор, магний, кальций, калий борлиги аниқланган. Табобатда ошқозон-ичак фаолиятини даволашда ишлатилади. Ёғочидан турли буюмлар ясалади. Парфюмерия саноатида гулидан эфир мойи олинади. Жийда сувсизликка чидамли, ер ости сувлари юза, шўр тупроқли ерларда ҳам ўсаверади. Данагидан, илдиз бачкисидан ва қаламчаларидан кўпаяди. 3-5 йилда ҳосилга киради. Май-июнь ойида гуллайди, меваси сентябрь-октябрь ойида пишади. Бир тупи 50 килогача ҳосил беради. 60-80 йил яшайди. Тупроқни азот билан бойитади. Озуқавий қуввати 34 килокалорияни ташкил этади. Юрак-қон томир касалликлари, инсульт, инфарктнинг олдини олишда, шунингдек, уйқу, асаб тизимини тинчлантиришда ҳам фойдаланилади.
Унинг янги меваси турли пишириқлар, десертда ишлатилади, шунингдек, мураббо ва жемлар тайёрлаш мумкин. Жийда халқ табобатида кенг қўлланилади. Унинг меваси, гули, барги, новда, ҳатто пўстлоқлари ҳам дармондорилар таркибида ишлатилади. Мевасининг дамламасидан овқат ҳазм қилишда, гулидан оғизни чайишда, баргларидан радикулит, падаграни даволашда кенг фойдаланилади. Меваси бавосилни даволашда фойда беради. Пўстлоғи қон кетишини тўхтатиш хусусиятига эга.
Асолат АҲМАДҚУЛОВА тайёрлади.