Она табиат неъматларга бой. Унинг бағрида минг бир дардга даво бўлувчи ўсимликлару турфа минераллар жамулжамдир. Фақат уларни англаш, зарарлисини фойдалисидан ажрата билиш ғоят муҳим. Бунда бизга қадимдан шаклланиб, такомил босқичини ўтаб келган табобат илми ғоят асқотади. Шарқ табобатининг отаси, улуғ бобокалонимиз Ибн сино табиатдаги неъматлар қаторида, шолғомнинг ҳам шифобахш хусусиятлари ҳақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган.
Улуғ алломанинг қайд этишича, шолғом уруғи оғриган жойга қўйиб боғланса, оғриқни бартараф этади. Ичини ўйиб, унга мум билан гулмойи солиб, қўрга кўмиб эритилгани тери хасталиклари, совуқдан пайдо бўлган ва ярага айланган ёриқларга наф беради. Гўшт билан пиширилганда, томоқни юмшатади. Уни пишириб ёхуд хомлигича истеъмол қилинса, кўзга фойда келтиради. Нафас йўлини ростлайди. Юрак беҳаловат бўлганда ажойиб малҳам бўлади. Шолғомнинг асал билан аралашган шарбати йўталга барҳам беради. Ҳарорат кўтарилганда, томоқ оғриганда фойда қилади. Ушбу сабзавот ҳам пиёз, саримсоқпиёз, турп каби табиий антибиотик ҳисобланади. Чунки унинг таркибида фитонцидлар мавжуд. Бу модда вирусларга қирон келтиради ҳамда ўткир респиратор вирусли инфекцияларга қарши курашда ижобий таъсирга эга.
Шолғом, одатда, суюқ таомлар билан биргаликда истеъмол қилинади. Унинг шифобахш хусусиятлари бисёр. 100 грамм шолғомнинг калорияси 30 килокалорияга тенг. Унинг таркибида каротин, А, В1, В2, В5, В6, В9 (фолий кислотаси) каби кўпгина витаминлар гуруҳи, К, С ва РР сингари клетчаткалар ҳамда калий тузи, магний, кальций, фосфор, темир, олтингугурт, мис, натрий, марганец ва йод моддаси мавжуд.
Шолғом таркиби микроэлементлар, углевод ва витаминларга жуда бой. Ушбу сабзавотда жуда кам учрайдиган глюкорафанин моддаси мавжуд. У диабет ва саратонни даволашга ёрдам беради. Унинг таркибида редискага нисбатан фосфор кўп. Карамга нисбатан эса С витамини бисёрлиги билан ажралиб туради.
Шолғом жигар фаолиятини яхшилайди. Ўт пуфаги суюқлигининг ишлаб чиқарилишини меъёрлаштиради. Қовуқда тошларнинг пайдо бўлишига тўсқинлик қилади. Таркибидаги целлюлоза ичаклар фаолиятини фаоллаштиради. Меъда-ичак тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Қолаверса, қондаги холестерин миқдорини камайтиради. Қадимдан шолғом сил ва мохов касаллигининг олдини олувчи сабзавот саналган. Ундан тайёрланган мураббо иммунитетни кўтаради. Шолғом қайнатмаси эса ангина (бодомча безлари яллиғланиши) ва тиш касалликларида фойдалидир. Бу сабзавот пиширилганда унинг шифобахшлиги янада ортади. Чунки шолғом пиширилиш жараёнида ундаги глюкозид моддаси хантал мойига айланади. У иштаҳани яхшилайди. Шолғомни хомлигича ейиш қабзиятда фойдали. Меъда ва ичаклар ўткир яллиғланган пайтда, гастрит ва ўн икки бармоқ яраси борларга уни хомлигича ейиш тавсия этилмайди.
Шолғомни ичак яллиғланиши бор инсонлар истеъмол қилмагани маъқул. Чунки кучли ва сурункали гепатит (жигар ҳўжайралари яллиғланганда), холецистит (ўт пуфаги яллиғланиши) ва марказий асаб тизими билан боғлиқ касалликларда ҳам уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Интернет манбалари асосида
Асолат АҲМАДҚУЛОВА тайёрлади.