Рустам СУЛТОНОВ,
“Нуроний” жамғармаси Хоразм вилояти бўлими раиси,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи, биринчи даражали “Ҳурмат белгиси” ва “Дўстлик” орденлари соҳиби.
Мана, янги 2026 йилга ҳам қадам қўйдик. Ўтган 2025 йилни сарҳисоб қилар эканмиз, унинг фаолиятимизда ўзига хос давр бўлганлигини алоҳида қайд этиш жоиз, албатта. Табиийки, ютуқлар ўзимизники, олдинда турган вазифалар эса янада бисёр.
Айниқса, бугунги глобаллашув, ахборот хуружлари кучайган ижтимоий ўзгаришлар даврида миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ёш авлодни соғлом руҳда тарбиялаш долзарб аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Бу борада ўз ҳаётий тажрибаси, заковат ва маънавий камолоти билан халқ ишончини қозонган нуронийларнинг ўрни беқиёсдир. “Нуроний” жамғармаси Хоразм вилояти бўлими ҳам юқоридаги вазифалар ижроси доирасида маҳаллалар, туман ва вилоят даражасида кенг кўламли ишларни амалга ошириб, нуронийларга ижтимоий кўмак кўрсатиб келмоқда.
Бунда маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, туристик саёҳатларни ташкиллаштириш бўйича кенг имкониятлар яратиляпти. Айни тадбирлар давомида ёлғиз ва кам таъминланган нуронийларни аниқлаш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, санаторийларда соғломлаштиришга кўпроқ эътибор қаратяпмиз. Шунингдек, турли ижтимоий тоифадаги нуронийларга моддий ёрдам, маиший кўмаклар кўрсатилиб, тиббий воситалар билан таъминланиб бормоқда. Маълумки, деярли саккиз йилдан бери шаҳар ва туманлар марказларида жамғарманинг “Нуронийлар маскани” фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими томонидан уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилганлар, якка-ёлғизлар, 1-гуруҳ ногиронлари, 100 ёшга кирган ва ундан юқори ёшдаги нуронийлар ҳамда 60-70 йил бирга турмуш кечириб келаётган оила вакилларининг рўйхати шакллантирилди. Улар билан ишлаш юзасидан манзилли режа ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Ҳозирда вилоятда 60 ёшдан юқори бўлган 201 минг нафардан зиёд нуронийлар истиқомат қилишмоқда. Шунингдек, 229 нафар фронт орти иштирокчилари, 28 нафар 100 ёшдан ошганлар, 1627 нафар ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, 328 нафар “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшаётган кексалар, 7807 нафар ногиронлиги бўлган кексалар, 265 нафар якка-ёлғиз яшовчи кексалар бор.
Албатта, бугун маҳаллалар ҳаётини нуронийларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Улар ёшлар тарбияси, оилалардаги муаммоларни ҳал этиш, миллий қадриятларни асраш ва тарғиб қилишда фаол иштирок этмоқдалар. Айниқса, ёш авлодга ҳаётий тажрибани етказиш, уларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, катталарга ҳурмат руҳида тарбиялашда нуронийларнинг ўрни ниҳоятда муҳим.
Кези келганда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, вилоятимиз нуронийлари ҳомийлик ва саховатпешалик ишларида ҳам фаоллик кўрсатмоқдалар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 ноябрдаги “Камбағалликдан — фаровонлик сари” дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 405-қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги “Фаол нуронийларни камбағал оилаларга бириктириш ҳамда маҳаллада соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга жалб этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 892-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида жойларда фаол нуронийлар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоятдаги мавжуд маҳаллаларга 3 нафардан жами 1 минг 593 фаол нуроний 7 минг 965 та оилага бириктирилди.
Ҳозирга қадар фаол нуронийлар томонидан камбағал оила фарзандларига 4 минг 705 та стол, 7 минг 104 та стул, 6 минг 162 та спорт кийимлари ва 3491 та ўқув қуроллари топширилди. Шунингдек, режага кўра маҳаллаларда, мактабларда ва бошқа таълим даргоҳларида ёшлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Нуронийлар доимий равишда спортнинг стол тенниси, миллий кураш, пиёда юриш каби турларига кенг жалб этилмоқда. Уларнинг соғлиқларини муҳофаза этиш, соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган тадбирлар ташкиллаштирилди.
Маънавий-маърифий тадбирларга нуроний отахон ва онахонларнинг фаол иштироки таъминланмоқда. Шаҳар ва туманларда 509 та “Кексалар маслаҳати” ва 195 нафар “Бувижонлар мактаби” гуруҳи аъзолари “Оқила аёллар” ҳаракати, “Аёллар маслаҳат кенгашлари” гуруҳлари билан ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Маҳаллада жойлашган таълим масканларида режага мувофиқ, жонкуяр, ёши улуғ нуроний онахонлар иштирокида “Бувижонлар маърифати” маънавий-маърифий тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу гуруҳ аъзолари ажримларнинг олдини олиш, улғайиб келаётган қизларни тарбиялаш, соғлом муҳитни шакллантириш, аҳоли ўртасида ижтимоий муҳокамага муҳтож хотин-қизлар ва кам таъминланган оилалар ўртасида боқимандалик кайфиятига берилмаслик, ижтимоий фаолликни ошириш, оилавий келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича тарғибот тадбирларини режали ва таъсирчан тарзда ташкил этиб келишмоқда.
Ҳар ойнинг биринчи якшанбасида анъанавий тарзда Хива “Ичан қалъа” музей қўриқхонасига нуронийлар учун зиёрат ташкил этиляпти. Вилоятдаги “Олтин мерос” ва “Қатағон қурбонлари” музейларига 1 минг 300 нафар нуронийнинг ташрифлари уюштирилди. Шу билан бирга, 150 нафар нуроний учун тарихий қадамжолар — Султон Увайс ва Юсуф Ҳамадоний зиёратгоҳлари, Шовотдаги “Катқалъа” текстиль фабрикаси, К.Отаниёзов номли истироҳат боғига саёҳатлар уюштирилди. Шаҳар ва туманлардан 16 минг 800 нафардан зиёд нуроний учун Урганч шаҳри марказида жойлашган Жалолиддин Мангуберди ҳайкали ва шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойларига экскурсиялар ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, “Нуроний” жамғармаси Хоразм вилояти бўлими ҳамкорлигида “Ғайратли кексалар” шиори остида спортнинг қатор турлари бўйича шаҳар ва туманлар, вилоят босқичларида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Ўтган йили бир гуруҳ нуронийларимиз спортнинг шахмат-шашка, мини футбол, кураш турлари бўйича ўтказилган беллашувларда республика миқёсида вилоятимиз обрўсини муносиб ҳимоя қилишди. Айниқса, республикада мини-футбол бўйича бўлиб ўтган мусобақада Хива гуруҳимиз аъзолари 4-ўринни эгаллашга муяссар бўлгани барчамизни қувонтирди. “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” республика лойиҳаси ҳам вилоятимизда самарали давом эттирилмоқда. Маҳаллалардаги 5 минг 500 нафар ишсиз, муаммоли ёшларга 550 нафар фаол нуроний бириктирилган. Ўтган йили уларнинг иштирокида 595 та тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бунинг натижасида 204 нафар ёшларни ишга жойлаштиришга муваффақ бўлдик. 163 нафари эса касб-ҳунарга йўналтирилди, 27 нафар ёш профилактик ҳисобдан чиқарилди, 879 нафарининг турли хилдаги муаммолари ўрганиб чиқилди ва ёрдамлар кўрсатилди. Бўлим томонидан ҳар йили “Бир нуроний — ўн ёшга масъул” лойиҳаси доирасида кўрик-танловнинг шаҳар ва туманлар, вилоят босқичлари бўлиб ўтмоқда. Танлов натижаларига кўра, ғолиблар пул мукофотлари билан тақдирланмоқда.
Ўтган йили кўрик-танловнинг республика босқичида вилоятимиз вакили Абдурасул Жуманиёзов фаол иштирок этиб, 4-ўринни эгаллади. Ушбу тамойил бўйича 1 минг 122 нафар тажрибали нуроний ҳудудларда 1 минг 937 та тарғибот ва ташвиқот тадбирини олиб борди. Ҳамкор ташкилотлар ва ҳокимликлар билан биргаликда ўткаизилган ўрганишлар натижасида 783 нафар оиланинг муаммолари ҳал этилди. Натижада 427 та оилада ажримларнинг олди олиниб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ажрим кўрсаткичи 24 фоизга камайди. Ушбу оилаларнинг 356 таси муаммоли тоифадан чиқарилди.
Юқоридагилардан кўриш мумкинки, бугунги кунда ёш авлодни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, катталарга ҳурмат руҳида тарбиялашда нуронийлар мактаби алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Олдимизда эса бундан-да улкан вазифа ва катта марралар турибди. Албатта, Янги Ўзбекистон деганда, фақат иқтисодий ўсиш ёки инфратузилмавий янгиланишлар эмас, аввало, инсон қадри, маънавий баркамоллик ва авлодлар уйғунлигига таянган тараққиёт моделини тушунишимиз керак. Айни шу улуғ мақсадни рўёбга чиқаришда нуронийлар маҳалла ҳаёти ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда ҳамиша олдинги сафда бўлиши даркор. Биз, хоразмлик кексалар бундан кейин ҳам ўз зиммамизга олган масъулиятни сидқидилдан адо этиб, давлатимиз ва ҳукуматимиз олиб бораётган ислоҳотларни халқ орасида қўллаб-қувватлаш, авлодлар ўртасида маънавий кўприкни мустаҳкамлаш йўлида камарбаста бўламиз.