Янги Ўзбекистон ҳар жабҳада шиддат билан юксалиб бормоқда. Буни барчамиз шахсан кўриб, тарихий аҳамиятга молик ислоҳотларнинг иштирокчисига айланиб турибмиз. Қайси ҳудудга борманг, ўша жойда янгиланиш ва ислоҳотларни кўрасиз. Жумладан, Хоразм вилояти Хива шаҳрида ҳам асрларга татигулик ишлардан бугун ҳайратга тушаётганлигимиз бор гап.

Масалан, шаҳарга темир йўл тармоғининг келиши, 2026 йил май ойидан Жалолиддин Мангуберди номи билан аталадиган тезюрар поезд қатновининг йўлга қўйилиши, аввало, Хоразм халқи, қолаверса, маҳаллий ҳамда хорижлик сайёҳларга ўзига хос қулайликлар яратди. Хива вокзалидан Урганч аэропортига борадиган пуллик автомобиль йўли, Урганч аэропортидан Урганч темир йўли вокзали орқали Хива темир йўлига келадиган 35 километрли масофада ҳаво, темир йўли ва автомобиль йўли қурилишининг жадал суръатларда олиб борилишини таъбир жоиз бўлса, мўъжиза дейиш мумкин.

Шаҳримизда Президент мактабининг қуриб ишга туширилиши, вокзал атрофида жаҳон стандартларига мос келадиган юлдузли меҳмонхоналарнинг барпо этилиши, шаҳар кўчалари, Ичан-қалъа, Дешон қалъа атрофларининг ободонлаштирилиши, темир йўл истироҳат парки, “Нурулло бой” мажмуасининг қайта ишга туширилиши, “Арда Хива” мажмуаси ҳамда унинг ёнида узукка кўз қўйгандек ярашган “Фаровон” меҳмонхонасини бугунги давр бунёдкорлик ишларининг ёрқин намунаси дейиш мумкин.

Мана шундай тизимли ишларда хивалик нуроний отахону онахонлар ҳам  фаол. Узоқ йиллар турли соҳаларда меҳнат қилиб, ҳозирги кунда эъзозга, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган фахрийлар иштирокида жойларда турли учрашувлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар ташкил қилинмоқда. Ушбу ишларда “Нуроний” жамғармаси Хива шаҳар бўлимининг алоҳида хизматлари бор, албатта. Идора ва ташкилотларда, таълим муассасаларида, жамоат бирлашмаларида, маҳаллаларда “Уч авлод учрашуви”, “Қўша қариш саодати”, “Фахрийлар — фахримиз”, “Камбағалликдан — фаровонлик сари”, “Бир нуроний — ўн ёшга масъул”, “Юз билан юзлашганлар” каби лойиҳалар доирасида қатор тадбирлар ўтказилиб, айни ташаббуслар жараёнида кекса, ўрта ва ёш авлод вакиллари жамланмоқда. Тадбирлар давомида кўпни кўрган нуронийлар ўрта ва ёш авлод вакилларига бугунги ислоҳотларда фаол бўлиш, Ватан ва халқ учун муносиб хизмат қилиш, ўз билими, касб-ҳунари билан юрт тараққиётига ҳисса қўшиш, оилани мустаҳкам тутиш, фарзандларни баркамол инсонлар этиб тарбиялашда масъулиятли бўлиш юзасидан тушунтириш ва тавсиялар бериб, ўзларининг олтин ўгитларидан баҳраманд қилмоқда.

Қатор фахрий унвонлар, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган нуронийлар — Нодир Отажонов, Дилором Рохимова, Отаназар Пирназаров, Шавкат Жуманиязов, Кодомбой Нуниязов, Қурбонбой Холиқов ва яна бошқа фаол нуронийлар жонбозлик кўрсатмоқдалар. Олиб борилаётган ишлар натижасида маҳаллаларда ёшлар касб-ҳунарга йўналтирилиб, уларнинг бандлиги таъминланмоқда, илм-фанга қизиққан ёшларга ёрдам берилиб,  келажакда олий таълим даргоҳларида ўқишлари учун шароитлар яратилмоқда. Амалий ишлар натижасида фаол нуронийларга бириктирилган оилалар камбағаллик рўйхатидан чиқарилиб,  аста-секин моддий фаровонликка эришмоқда.

Шаҳардаги ободончилик, кўркамлик, фаровонлик, инсонларнинг мамнун чеҳрасига боқиб, бугунги дориломон кунлардан беҳад қувониб кетасан киши. Аслида, дориломонлик ҳам бебаҳо бир неъмат. Уни ҳар доим авайлашимиз, қадрига етишимиз керак. Бунинг учун ҳар бир инсон ўз зиммасидаги масъулиятни теран англаши, муқаддас бурчини эса виждонан адо этиши керак. Ана шундагина кутилган натижаларга эришамиз, ҳаётимиз янада гўзаллашиб бораверади.

Полвонназир ОТАЖОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan