Мамлакатимизда  нуронийларга кўрсатилаётган меҳр, эътибор ва ғамхўрлик қадимий ва навқирон Қўқон шаҳрида яшаётган пиру бадавлат отахон ва онахонлар ҳаётида ҳам ўз ифодасини топмоқда. Нуронийлар қадрланиб, уларга чексиз ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинмоқда. “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими раиси Манзуржон Жавдатович Абдуллаев ташаббуси ва раҳбарлигида шаҳар нуронийлари ҳар йили Республикамизнинг турли шаҳарлари ва диққатга сазовор хушманзара жойларига саёҳатларга олиб борилмоқда.

Манзуржон Абдуллаев 2019-2020 йилларда “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими раиси, 2020-2023 йилларда эса Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш Қўқон шаҳар бўлими бошлиғининг нуронийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифаларида масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда фаолият кўрсатди. 2023 йил 1 майдан буён яна “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлимига раҳбарлик қилиб келмоқда.

Дарвоқе, Манзуржон Абдуллаев 1946 йил 22 октябрь куни Қўқон шаҳрида фаол ижодкор-ҳажвий шеърлари билан элга танилган Жавдат Абдулла хонадонида таваллуд топган. Онаси Баҳрипошшо Тўразода ўз даврининг ўқимишли аёлларидан бўлган. Улар фарзандларини ватанпарвар, меҳнатсевар ва илмли қилиб тарбиялашга катта эътибор беришган. Отаси Жавдат Абдулланинг ташаббуси билан 1937 йилда Қўқон шаҳрида Ёзувчилар уюшмаси ташкил этилган эди.

Манзуржон Абдуллаев ана шундай маърифатли инсонлар оиласида улғайди. Умумий ўрта таълим мактабини битиргач, 1964-1965 йилларда шаҳардаги электр машинасозлиги заводида чилангар бўлиб ишлади. Сўнгра Тошкент политехника институтининг кундузги бўлимида ўқиб, олий маълумотли инженер-электромеханик мутахассислигига эга бўлиб, Фарғона шаҳридаги политехникумда ўқитувчи, темирйўл бўлимида муҳандис вазифаларида ишлади. Сўнг бир йиллик ҳарбий хизматни ўтагач, Қўқон механика заводида муҳандислик қилди, икки йил шаҳар ёшлар қўмитасида котиблик вазифасида фаолият кўрсатди. 1974-1983 йилларда эса “Фарғона нефтгаз ишлаб чиқариш” бошқармасида марказий хизмат  бошлиғининг ўринбосари, бош муҳандис ўринбосари, Қўқон пармалаш ишлари бошқармасининг ишлаб чиқариш базаси бошлиғи ўринбосари, ўқув-курс комбинати директори, 1983-1991 йилларда эса Қўқон нефть ва газ техникуми раҳбари вазифаларида самарали фаолият кўрсатди.

Шуни таъкидлаш керакки, Манзуржон Абдуллаев қаерда ва қандай вазифада ишлаган бўлса, зиммасидаги вазифа масъулиятини ҳамиша чуқур ҳис этган ҳолда виждонан бажариб, ҳурмат-эътибор қозонган. У фаол жамоатчи сифатида мустақилликнинг дастлабки йилларида турли оқим ва сиёсий харакатларга билиб-билмай аралашиб қолган ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини изчил олиб бориб, ёшлар тарбиясида жонкуярлик намунасини кўрсатган. Натижада кўплаб ёшлар хатоларини англаб, тўғри йўлни танлашган.

Ҳозирги пайтда Манзуржон Абдуллаев “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати сифатида фаолият олиб бормоқда.

Эътироф этиш керакки, қаҳрамонимиз Қўқон шаҳрининг жонсарак фарзандларидан. У мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаёқ шаҳарда тадбиркорлар уюшмасини таъсис этиб, 300 нафардан ортиқ тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказишга муваффақ бўлган.

Манзуржон Абдуллаев билан Фарғона вилояти ва Қўқон шаҳрида бўладиган маънавий-маърифий тадбирлар: китобхонлар конференциялари, халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашининг сессиялари, “Уч авлод учрашуви” тадбирларида кўпинча бирга қатнашамиз.

У ишсиз ёшларни иш билан таъминлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатишдек савобли ишларга бош-қош бўлмоқда. Бу борада маҳаллалардаги фаол нуронийлардан Соҳибжон Алиев, Анваржон Ҳакимов, Муҳсинжон Ҳайдаров, Солижон Шокиров, Муҳаммаджон Жўрахўжаев, бувижонлардан Муҳаббатхон Назарова, Санобархон Алимова, Ҳикматой Ғиёсова, Афғон уруши қатнашчиси Илҳомжон Мансуров кабилар Манзуржонга яқиндан ёрдам бериб келмоқдалар.

Манзур Абдулаевнинг кўп йиллик самарали меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб тақдирланиб,  2024 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган. Унинг кўксини 1-даражали “Меҳнат фахрийси”, “Маҳалла ифтихори”, “Меҳр-саховат” кўкрак нишонлари, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги”, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллиги”, “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишонлари безаб турибди.

Шуни ҳам айтиш керакки, Манзуржон  Абдуллаев таниқли ижодкор — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Унинг “Нигоҳ”, “Йиллар тилга кирганда”, “Вақт”, “Взгляд”, “Кокандский ветер”каби китоблари адабиёт мухлисларига манзур бўлган.  Адибнинг кўплаб шеър ва хикоялари океан ортида — Америкада ҳам эълон қилинган.

Халқимизнинг дарду ташвишларини худди ўзиникидек ҳис қилиб яшаётган жонсарак инсон Манзуржон Жавдатович Абдуллаевни табаррук 80 ёши билан самимий қутлаймиз ва унга мустаҳкам саломатлик ҳамда ижодий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз.

Ёрбек Тиллабоев,

Фарғона вилояти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan