Бугун таниқли жамоат арбоби, педагогика фанлари номзоди, доцент Фарида Йўлдошевна Абдураҳимова қутлуғ 76 ёшни қаршилади.

Фарида Абдураҳимова 1950 йил 11 августда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1974 йилда Тошкент давлат университетининг Журналистика факультетини тамомлаган.

Илк меҳнат фаолиятини “Ёшлар овози” илгариги (“Ёш ленинчи”) газетасидан бошлаган. Кўп йиллик сермаҳсул фаолияти давомида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги бўлим раҳбари ҳамда Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси каби қатор масъулиятли лавозимларда сидқидилдан хизмат қилган.

Давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллиги боис 2004 ва 2009 йилларда II ва III чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси ҳамда Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши депутати этиб сайланган.

Зукко ижодкор ва моҳир журналист сифатида оила ҳамда фарзанд тарбиясига бағишланган «Оила — маънавият ва қадрият бешиги», «Аёл ўзи бир дунё», «Оила қўрғонини мустаҳкамлаш — жамият фаровонлиги», «Фахрия аёллар — юрт таянчи» каби кўплаб китоблар, илмий-оммабоп мақолалар муаллифидир.

Унинг драматик асарлари Тошкент театрларида муваффақиятли саҳналаштирилган. Эл-юрт олдидаги фидойи хизматлари ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ҳиссаси учун у «Дўстлик», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони, Мустақиллик эсдалик нишонлари ҳамда I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган.

Биз Фарида Йўлдошевнани “Нуроний” газетаси ва “Кексалик гашти” журнали жамоаси номидан муборак 76 ёши билан қутлаб, мустаҳкам соғлиқ, хонадонига файзу барака ва масъулиятли фаолиятида зафарлар тилаймиз!

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan