Мамлакатимизда авлодлар ўртасидаги ришталарни мустаҳкамлаш, кексаларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёш авлод тарбиясида унумли фойдаланиш, оилавий ҳамда миллий қадриятларни асраб-авайлаш, шунингдек, уларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, ёшларни ватанпарварлик, аждодлар хотирасига, меросига эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, “Уч авлод учрашуви” маърифий тадбирлари айни шу мақсадга йўналтирилган бўлиб, жойларда кексалар ҳамда ёшлар ўртасида самимий суҳбат ва учрашувлар тизимли ўтказиб келинмоқда.

 Хусусан, пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида жойлашган 566-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида “Бувижонлар мактаби” аъзолари иштирокида навбатдаги “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Учрашув давомида бувижонлар болажонларга эртаклар ўқиб беришди ва уларга сингдирилган ўзбекона қадриятлар, анъаналар, хусусан, яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам жавобсиз қолмаслиги, ҳалол ва тўғрисўз одамнинг мукофотланиши, меҳнатсеварликнинг роҳати, ота-онага ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши лозимлиги ҳақида тушунтиришди. Тадбирда болажонлар иштирокида миллий қадриятларни ўзида акс эттирувчи саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда касбга меҳр, меҳнатга ҳурмат ва ҳаётий қадриятларга садоқат туйғуларини шакллантиришда катта ҳаётий тажрибага эга нуронийларнинг ўрни беқиёс. Айниқса, авлодлар ўртасидаги самимий мулоқот ёшлар учун ўзига хос ҳаёт мактаби вазифасини ўтайди.

Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманидаги 1-сонли техникумда ҳам ёшлар, устозлар ва нуронийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қораўзак тумани Кенгаши раиси Р.Қармисова, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қораўзак тумани бўлими бошлиғи Ж.Нуратдинова ҳамда кўп йиллик меҳнат тажрибасига эга нуроний, устоз П. Жубанова иштирок этди. Учрашув давомида нуронийлар ёшларга ўзларининг узоқ йиллик меҳнат фаолияти, босиб ўтган ҳаёт йўли, касбий тажрибалари ҳамда юртимиз тараққиётига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлаб бердилар. Ҳаётнинг турли синовлари, меҳнатнинг инсон камолотидаги ўрни, танланган касбга садоқат ва масъулият билан ёндашиш борасидаги фикр-мулоҳазалар ёшлар учун айниқса қизиқарли бўлди.

Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, тажрибали устоз ва нуронийлардан атрофлича жавоб олдилар. Суҳбат давомида                        “устоз — шогирд” анъаналарини изчил давом эттириш, катталарнинг ҳаётий тажрибасидан унумли фойдаланиш ва ёш авлодга муносиб тарбия бериш муҳимлиги таъкидланди.

Тадбирда Ватанга садоқат, эл-юрт манфаатларига дахлдорлик, касбга меҳр ва ўз танлаган соҳасини пухта ўрганиш ҳар бир ёшнинг ҳаётий мезонига айланиши лозимлиги алоҳида қайд этилди.

Суғдиёна Собирова.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan