1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон спорт ташкилотлари фахрийлари Кенгаши ҳамкорлигида  спорт ва жисмоний тарбия, олимпия ва паралимпия ҳаракати ривожига кўп йиллар давомида муносиб ҳисса қўшиб келаётган 30 нафардан зиёд спорт фахрийси иштирокида тантанали тадбир ташкил этилди.

Байрам тадбирида спорт соҳасида кўп йиллик меҳнати, бой тажрибаси ва фидойилиги билан ёш авлодга ибрат бўлиб келаётган фахрийларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди. Улар билан бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурилиб, самимий тилаклар билдирилди ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов ва Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси Бош котиби Фарруҳ Аҳмедовлар иштирок этдилар.

Учрашув давомида спорт фахрийларининг мамлакатимиз спорти тараққиётидаги муносиб ўрни, уларнинг йиллар давомида орттирган бой тажрибаси, ёш спортчиларни тарбиялашдаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.

Дарҳақиқат, бугун халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган, нуфузли мусобақаларда юксак натижаларни қўлга киритаётган спортчиларимизнинг ҳар бир ғалабаси замирида фидойи устоз ва мураббийларнинг машаққатли меҳнати, спорт фахрийларининг кўп йиллик тажрибаси ва улар йўлга қўйган эзгу анъаналар мужассамдир.

Самимий мулоқот давомида фахрийлар ташкилотчиларга ўз миннатдорликларини изҳор этдилар. Улар мамлакатимиз спортчиларига йирик мусобақаларда  юксак чўққиларни забт этиш, Ватанимиз байроғини халқаро спорт майдонларида янада баланд кўтаришларини тиладилар.

Бундай учрашувлар  спорт фахрийларига кўрсатилаётган эҳтиромнинг ёрқин намунаси бўлиб, авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни мустаҳкамлаш, ёш спортчиларни устозлар анъаналарига содиқлик ҳамда Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда  муҳим аҳамият касб этади.

Ботиржон ИСМАИЛОВ.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan