Урганч шаҳар “Мини аккумулятор” масъулияти чекланган жамиятИга кираверишда чап тарафида чиройли қилиб тарашланган арча дарахтлари ажиб манзара касб этган. Салобатли ва қатор арчалар орқасида унча катта бўлмаган ҳовуз, ундан кейин мевазор боғ ҳам ҳудудга гўзаллик бахш этади.
Корхонада кўксини “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик” орденлари ва қатор медаллар безаган салобатли, ёшига нисбатан анча чаққон, юзидан нур ёғилиб турган Арслон ака Қаландаров бизни яхши кайфиятда кутиб олдилар.
Арслон аканинг болалик вақти Урганч шаҳрида ўтган. Ёшлигидан авиацияга қизиқди. Шаҳардаги “Ёш авиатехниклар” гуруҳида таълим олган. У тўгаракда самолёт макетини кўздан кечирар экан, турли саволлар фикру хаёлини банд этарди. Унинг самолётга қизиқиши авиация билим юртига етаклади. У имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, Россиянинг Тамбов вилояти Кирсанов шаҳридаги авиация билим юртида таҳсил олди.
…Собиқ тузум даврида ким нима билан шуғулланишини, қайси самолётдан нима мақсадда фойдаланилишини фақат марказ ҳал қиларди. Урганч аэропортида меҳнат қилган Арслон аканинг кўп вақти сафарда ўтарди. Йигирма тўрт ёшида Арслон авиация соҳасидаги шартномаси тугагач, бўш юрмади. У “Узсельхозтехника” Хоразм вилоят бошқармасида турли раҳбарлик вазифаларида — дастлаб транспорт бўлимининг бошлиғи, кейинчалик эҳтиёт қисмлар бўлими муҳандиси, кейин эса чорвачилик ускуналарини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўлими ва моддий техника таъминоти бўлими бошлиғи вазифаларида самарали меҳнат қилди.
1986 йилда “Узсельхозтехника” Хоразм вилояти бошқармаси қошида Урганч таъмир механика заводининг ишга туширилиши зарурати туғилди. Арслон аканинг юксак салоҳиятидан хабар топган бошқарма раҳбарияти уни заводнинг таъмир механика бўлимига бошлиқ ўринбосари лавозимига тайинлашди.
Ишбилармон Арслон ака вақт топди дегунча далага — меҳнаткашлар ёнига отланар, муаммоларини ҳал этарди. Унинг меҳнатсеварлигини кўрган бошқа ташкилотлар раҳбарлари у билан ишлашни истар эдилар. Шулардан бири “Средазтрансгаз” давлат корхонаси эди. Мазкур корхонанинг вазифаси узоқ ўлкаларни газ билан таъминлашдан иборат бўлиб, вақт ўтиши билан газ ҳайдаш компрессорида ишлатиладиган барча техникаларнинг аккумуляторлари эскириб, жавҳари тугаб қоларди. Айниқса, қиш кунлари бу муаммо кўпроқ учрар, аккумулятор эҳтиёжи ҳаётий заруратга айланган эди.
— Бир муаммо бизни кўп вақтдан буён қийнаб келмоқда. Юқори ташкилотлардан юборилган аккумуляторлар етарли эмас. Техникаларнинг бетўхтов ишлашини таъминлай олмаяпти. Аккумуляторларни Россия давлатидан олиб келишимиз керак. Бу топшириқни фақат сиз уддалай оласиз, — деди бошқарма бошлиғи Арслон акага.
Бу вақтга келиб, Арслон Қаландаров ҳаётий тажрибага эга, ҳар қандай машаққатларга бардош бера оладиган ходим бўлиб етишган эди. Унинг фалсафаси шундай. Фақат қалбан меҳнаткаш инсонгина машаққатлардан қўрқмайди. Арслон ака сафарлардан катта таассуротлар билан қайтарди. У сафар чоғида заводдаги ҳар бир станокнинг вазифасини, ундан фойдаланишни ўрганарди.
Унга ўзи туғилиб ўсган юрти — Урганчда аккумулятор заводини ташкил этиш фикри тинчлик бермасди. Шу боис ҳам Хабаровск ўлкасида жойлашган Комсомольск на Амуре шаҳарчасидаги заводда аккумулятор ишлаб чиқариш сир-асрорларини ўрганди ва кредит ҳисобига мазкур аккумулятор заводидан йилига 100 000 дона аккумулятор ишлаб чиқариш қудратига эга бўлган линияни олиб келди. Кичик завод ишончни оқлади. Режада белгиланган маҳсулотлар ўз вақтида ишлаб чиқарилиб, республика бўйлаб тарқатилди.
Орадан йиллар ўтиб, тадбиркорларни шахсан Президент қўллаб-қувватлаётгани, уларга ишонч билдираётгани, бу борада қатор имтиёз ва имкониятлар яратилаётгани Арслон акага янада шижоат бағишлади. Маҳсулот турини кўпайтириш учун Хитой давлатига сафар қилди. Мижоз бўлиб борган Арслон ака улардан кўп нарсаларни ўрганди. Шартнома асосида керакли маҳсулотларни олиб келди.
Ҳозирда мини завод Жиззах аккумулятор заводи билан ҳамкорликда ишламоқда. Бугунги кунда турли дизайндаги моноблоклар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, Хоразмда ишлаб чиқарилаётган “Damas” русумли автомобиллар учун ишлатиладиган 5 турдаги маҳсулотларни етказиб бериш ҳам йўлга қўйилган.
Хоразм — муқаддас қадамжолар юрти. Бу ердаги тарихий обидалар барчани ҳайратга солади. Мамлакатимиз раҳбарининг ички туризмни ривожлантириш тўғрисидаги қарорлари талабларини бажариш ҳамда чет давлатлардан келадиган сайёҳлар учун қулай шароит яратиш мақсадида корхона қошида 50 ўринли замонавий меҳмонхона қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қурилиш-бунёдкорлик ишлари юқори суръатларда давом этмоқда. Урганч “Мини аккумулятор” масъулияти чекланган жамиятида сув қувурларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Совуқ ва иссиқ сув учун мўлжалланган 20 миллиметрдан то 60 миллиметргача ўлчамга эга бўлган қувурлар учун талаб жуда юқори.
Қаҳрамонимиз мамлакатимизда экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тадбиркорларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган танловларнинг фаол иштирокчисидир. Республикада “Энг яхши тадбиркор” деб топилган Арслон ака айни пайтда саховатпешаликда ҳам кўпчиликка ўрнак бўлиб келмоқда. У 120 нафар оилани газ, чироқ ва сув билан таъминлашда ёрдам берди. 20 дан ошиқ ташкилот ва ўқув юртларига ҳомийлик ишларини амалга оширди.
Унинг хонадони жамиятимизнинг энг ибратли оилаларидан бири ҳисобланади. Турмуш ўртоғи Зумрадхон опа билан 5 нафар фарзанднинг севимли ота-онаси, 17 невара, 6 эваранинг эъзозли бобоси ва бувисидир. Улар 57 йиллик оилавий ҳаёт мобайнида турмуш қийинчиликларини бир-бирларига далда бўлиб, матонат билан енгиб келдилар. Бугунги саодатли кунлар шундай елкадошликнинг мукофотидир.
Хулосамиз шуки, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари, қатор медаллар соҳиби бўлган Арслон Қаландаров умрини фидойилик, мардлик билан безаган инсон.
Муҳиддин НАВРЎЗАЛИЕВ,
Хоразм вилояти.