“Нуроний” газетасининг 2026 йил 23 сентябрдаги 38-сонида чоп этилган Мурожаатни ўқиб…

Мамлакатимизда нуронийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ишлар, кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор фаол нуронийларга куч-ғайрат бағишламоқда ва улар  жойларда кечаётган жадал ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни юқори талабчанлик билан адо этиб келмоқдалар.

Маълумки, “Нуроний” газетасининг 2026 йил 23 сентябрдаги 38-сонида “Нуроний” жамғармасининг камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатида фаол иштирок этишлари учун юртдошларимизга “Юртнинг кучи бирликда, қадри эса тинчликдадир” шиори остида Мурожаати йўлланди.

Мурожаатни катта ҳаяжон ва масъулият ҳисси билан қайта-қайта ўқиб чиқдик. Ўта таъсирчан мазмунга эга ушбу мурожаат туман (шаҳар) бўлимларида, маҳаллаларда муҳокама этилиб, нуронийлар ўзларига долзарб вазифаларни белгилаб олмоқдалар.

Мурожаат матни жамғарманинг Наманган вилояти бўлимининг барча бўлинмаларига етказилиб, жойларда унинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка, хусусан, нуронийларга етказиш, белгиланган вазифаларни амалга оширишга қатъий киришиш топширилди. Ушбу Мурожаат “Камбағалликдан — фаровонлик сари” умуммиллий ҳаракатида янги тўлқин бўлиб, барчани фаолликка чорлаши шубҳасиз, албатта.

Мурожаатда ҳақли таъкидланганидек, боқимандалик кайфиятига тушган хонадонлар фарзандлари ҳам ушбу иллатга ўрганиб қолмоқда. Уларга фарзандлари бахту саодати учун ҳаракат қилишлари, касб-ҳунар ўрганиб, шу орқали оиласига барака олиб киришлари кераклигини, биз — Иккинчи жаҳон урушининг энг оғир йилларида ҳам жуда катта меҳнат эвазига жанггоҳлардаги миллионлаб аскарларни озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаган халқнинг фарзандлари эканимизни тушунтиришимиз лозим.

Ҳақиқатан ҳам, амалий саъй-ҳаракатлар жараёнида боқимандаликни “касб” қилиб олган хонадон эгалари билан бевосита ишлаб, уларнинг дунёқарашини тамомила ўзгартириш, онги ва қалбида меҳнатга, ишлашга иштиёқни ошириш, аниқ бир эзгу мақсад йўлида ҳаракатга келтириш, таъбир жоиз бўлса, уларни “уйғотишимиз” зарур. Бунинг учун  ўзимиздаги бор билим-малака ва тажрибадан шу қадар усталик билан фойдаланишимиз лозимки, улар “давлат ва ҳукумат менга нима берди” деб эмас, балки “мен ўз кучим, билим, иқтидорим ва меҳнатим билан аввало, оиламга, ундан кейин маҳалламга, Ватанимга нима бера олишим мумкин” деган саволни кўндаланг қўйиши керак.

Мурожаатда давлат ва жамоат  ташкилотлари ва идоралари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар аниқ белгиланганки, уларни амалга ошириш учун биздан фақат ва фақат  ғайрат-шижоат ҳамда фаоллик талаб қилинади.

Абдурашид Болтабоев,

Наманган вилояти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan