Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, кексаларнинг соғлигини тиклаш, ёшларни спортга қизиқтириш, аҳолининг тиббий-ижтимоий ҳамда маданий даражасини ошириш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. 

2026 йил 7 апрель куни Юртбошимиз раислигида ўтказилган “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Зарбдор тажрибаси” дея эьтироф этилганлиги бизни янада руҳлантирди. Бундан оммавий спортнинг аҳамияти ва бажариладиган ишлар кўламини кенгайтириш лозимлигини ҳис қилдик. Жисмоний тарбия машғулотлари, мусобақалар, спорт тадбирлари — ёш танламайди.  Ҳудудимиз нуронийлари ҳафтанинг ҳар жума кунини — спорт куни сифатида кўтаринки руҳда ўтказишади. Тадбирлар давомида соғлом рақобат, жамоавий муҳитнинг илиқлигини кўриб қувонасан киши.  Айниқса, жорий йилнинг 23 апрель куни ўтказилган “Туман ҳокими кубоги” кекса авлод вакилларининг фаоллигини янада оширди.

Кексаларнинг ёшини ҳисобга олган ҳолда турли ижтимоий-маданий тадбирлар ўтказилаётганлиги — юртимиздаги барча нуронийларнинг саломатлигини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва узоқ умр кўриш даражасининг ошиб боришига қаратилган ғамхўрликнинг юксак намунасидир. Бу борада муҳтарам Президентимиз томонидан аниқ йўналиш ва мақсадли вазифалар белгилаб берилган. Бу вазифалар ижросини таъминлаш ва ҳаётга тадбиқ этиш мақсадида туман ҳокимлиги,  тиббиёт бирлашмасининг хизмат кўрсатиш бўлими, Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси  ҳамда “Нуроний” жамғармаси туман бўлимлари ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Жумладан, тадбиркор Бекзод Тошпўлатов ташаббуси билан спортнинг волейбол, шахмат, шашка турлари бўйича ўтказилган беллашувлар ўз аҳамияти билан ажралиб турди.

Бундан ташқари,  тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни дабдабали ўтказишнинг олдини олиш борасида Республика маънавият ва маърифат маркази туман бўлими, Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг туман вакили, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси туман бўлими, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими иштирокида имзоланган “Маромийлик” лойиҳаси доирасида дабдабали тўйлар ва бошқа оилавий тадбирларни ихчамлаштириш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ҳамжиҳатлик ва маромийлик кайфиятини кенг тарғиб этиш вазифаларига асосий эътибор қаратилди. Аҳоли ва кенг жамоатчилик иштирокида тарғибот ишларини йўлга қўйиш мақсадида, 90 кунлик чора-тадбирлар дастури  тасдиқланиб, ҳозирда фаол нуронийларимиз томонидан бу борадаги вазифалар амалга оширилмоқда.

Абдулла АЗИМОВ,

“Нуроний” жамғармаси

Зарбдор туман бўлими раиси.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan