Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Маҳалламирзаён қишлоғида тинч ва тотув яшаб келаётган Ғанишер ака ва Ҳанифа аянинг хонадонига кириб борганимда, икки нуронийнинг суҳбатлашиб  турганини устидан чиқдим.

— Келинг, келинг, домулло! Қайси томондан қуёш чиқди? Биз томонларга қадам ранжида қилиб қолибсиз?! — кулиб қарши олди Ғанишер ака, мен томон қучоқ очиб келаркан. — Янгангизга шу анжирни еб ол, десам, кўнмайди ҳеч. Биласиз, у анчадан буён ҳаракатлана олмайди.

“Ана садоқат, ана меҳрибонлик!..” — деган ўй ўтади хаёлимдан. Тўғриси, жуда ҳавасим келди уларга. “Кўз тегмасин, кўз тегмасин!” — дея пичирлаб қўяман ўзимга ўзим.

Улар ҳақида мақола ёзиш истагим ҳақида айтарканман, камтар Ғанишер ака бироз ийманди. Кейин суҳбатимиз аста қўр ола бошлади.

— Бизнинг давримизда ҳаёт бутунлай бўлакча эди. Ҳозирги кунлардагидек тўкин-сочинлик, фаровонлик қаерда эди, дейсиз?! — дея ҳикоясини бошлайди суҳбатдошим. — Ҳали балоғат ёшига етмай туриб, оғир ва машаққатли меҳнатнинг юкини елкага олганмиз. Ўқувчилик давримизданоқ колхоз даласига чиқиб ишлаганмиз. Болалигимиз урушдан кейинги қийинчилик йилларига тўғри келган. Тўйиб овқатланиш қаерда дейсиз? Гоҳ тўқ, гоҳ оч, устимиз юпун. Шундай вояга етдик. Ўқидик… Ҳунар эгаллаб, тракторчи бўлдик. Кейинги ҳаётимиз ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилиш билан кечди…

Янгангиз билан ота-оналаримизнинг истакларига кўра турмуш қурдик. Турмушимиз ёмон кечмаган, бир-биримизни тушуниб яшашга ҳаракат қилдик. Рўзғорнинг юкини бирга кўтардик, унинг аччиқ-чучугини биргаликда баҳам кўрдик, бирин-кетин болаларимиз дунёга келди. Уларни едириб-ичириш, кийинтириш ташвиши бизни аҳил бўлишга ундади… Ўн бир нафар бола ва яна иккаламиз, жами ўн уч жонни едириб-ичириш, кийинтириш, тўкинликда тутиб туришнинг ўзи бўладими?! Ҳозиргидек пўрсилдоқ нонлар, ширин-шакар ноз-неъматлар, мева-чева йўқ эди у даврларда. Маккажўхори унидан қилинган зоғора нон, атала, омоч ва макарондан иборат ош-овқат фаровонлик белгиси эмас-да. Мактаб ва боғчаларнинг ерларига ҳам пахта экилган, мева дарахтларига солиқ солинган. Буғдойдан бўшаган ер майдонидан бир сиқим ун қиламан деб бошоқ терган кунларимизни унутиб бўладими?! Қайси бир етишмовчиликни, қайси бир қийинчиликни айтай сизга? Газ, свет деган нарсалар тушимизга ҳам кирмаган. Керосинда ёнадиган еттинчи, саккизинчи лампа ёқиб, қиш кунларида сандалда жон сақлаганмиз. Раҳмат, мустақиллик деган неъматни бизга яратиб берганларга!..

— Янгамни бирор марта хафа қилганмисиз? — деб сўрайман ҳазил аралаш.

— Иби, қизиқмисиз? Қаҳрамон онани ким хафа қилдириб қўяди сизга?! — У киши ҳазилга ҳазил билан жавоб беради. — Қўрқардим янгангиздан. “Нега Қаҳрамон онани хафа қилдинг?”, деб қамаб қўйишади деб қўрққанман.

— Ўзингизда ҳам борми орден, медаллар? Ахир, қирқ йилдан ошиқроқ меҳнат қилганман, дейсиз-ку?!

— Худога шукр, бор, йўқ эмас! Фақат, кичикроқлари — нишонлар, фахрий ёрлиқлар.

— Ғанишер ака, ҳозирги кунда айрим ёшлар миллион-миллион пул сарфлаб, данғиллама тўй қилиб, турмуш қуришади-ю орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, бир ёки икки бола билан ажрашиб кетишади, бунга нима дейсиз?

— Нима дердим? Бундайларда шукр қилмоқ, қаноат йўқ. Бирданига бойиб кетсам, остимда қўша-қўша машинам бўлса, ҳашаматли иморатларда яшасам, деган бўлмағур хаёлларда улар. Оила муқаддас эканини ўйлашмайди. Бу жуда ёмон одат. Боя айтдим, қандай яшаганимизни, умр кечирганимизни. Кўп аёл-қизларимиз кўчага чиқиб, ўзини эр санаган айрим эркаклар уйга кириб қолишди. Бу энди қандай оила бўлсин?! Оиланинг устуни эркак бўлиши керак, аёл эмас!.. Олтмиш йилдан зиёд тинч ва осойишта яшаганимизнинг бош сабабчиси — янгангиз. Боя, оилада уриш-жанжал бўлганми, деб сўрадингиз. Оила бўлади-ю, уриш-жанжал бўлмайдими?! Бўлади, бизда ҳам бўлган. Бироқ, иккаламиз ҳам кечиримли бўлиб яшадик. Янгангиз қанча ранжимасин, тик қараган эмас юзимга, унга раҳмат, бир-биримизни тушуниб, шу дориломон кунларга соғ-омон етиб келдик.

Ҳа, оила деб аталмиш қўрғоннинг ҳар бир ғиштини муқаддас деб билган, айни пайтда Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Маҳалламирзаён қишлоғида тинч ва тотув яшаб келаётган Ғанишер ака ва Ҳанифа аянинг ҳаётини ўрнак сифатида кўрсатсак, арзийди.

Бугун обод Ўзбекистонимизда умргузаронлик қилаётган ҳар бир киши, хоҳ у аёл, хоҳ у эркак бўлсин, бахтнинг, бахтиёрликнинг таъмини тотиб яшашга ҳақли. Юқорида турмушларидан ҳикоя қилганимиз нуронийлар сингари кечиримли бўлса, узоқ ва саодатманд яшаш, ибратли оила қўрғонини бунёд этиш шубҳасиз, албатта. Шундагина мустақил мамлакатимизда бахтли оилалар сони ортиб бораверади.

Самад Муҳаммад ДАМИН,

Бухоро вилояти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan