“Нуроний” жамғармаси Ёзёвон тумани бўлимининг фаол нуронийси,  бу йил табаррук 80 ёшга тўлган Аҳмаджон бобо Исмоиловни “Жадид бобо” дейишади. Отахоннинг ибратли ҳаёт йўли, фаоллиги ёшларга чин маънода ўрнак бўлмоқда.

—   2016 йил 30 декабрь куни телевизорда ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг республика олимлари билан учрашуви ва суҳбатини кўриб қолдим. Анжуманда давлатимиз раҳбарининг фикрлари  мени ҳайратга солди  ва ҳаётимда бурилиш ясади, — деб гап бошлади Аҳмаджон ака биз билан суҳбатда. — Ўшанда Президентимизнинг олимларга мурожаати менга шундай таъсир қилдики, йиғилиш тугаши билан қўлимга қоғоз-қалам олиб, таассуротларимни қоғозга туширдим. Ижодий ҳамкорим Алишер Тошқулов бу фикрларимни  ўша пайтда нашрга берилаётган китобимиз — “Тошҳовуз ва тошҳовузликлар”га киритиб юборибди. Фаоллигим ана шундан бошланган.

Бугун фахрийлар ва нуронийларга давлатимиз томонидан берилаётган эътибор Аҳмаджон бобо Исмоиловнинг ҳам ғайратига ғайрат қўшмоқда. Шу боис, Республика Маънавият ва маърифат маркази Ёзёвон тумани бўлинмаси бошлиғи Фахриддин Юлдашев уни маърифат тарғиботчилари гуруҳига таклиф қилганида жуда хурсанд бўлди. Ўқувчилар, талабалар, маҳалла фуқаролари, нуронийларни кўрганимда жуда яйрайман. Уларга ҳозир Ўзбекистонимизда кечаётган жараёнлар, эл-юртимиз фаровонлиги йўлида Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ишлар, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ортиб бораётган обрўси ҳақида кўпроқ билдиргим келади.

Бир неча йил олдин бир улуғ инсон оламдан ўтиб қолдилар. У кишининг фотиҳасида ўтириб, хаёлимга бир фикр келди: Нега шундай улуғ инсонлар ҳақида ёзилмайди?! Агар бирор амалдор ўтиб қолса, дарҳол таъзияномалар ва хотираномалар ёзамиз. Марҳум оддий инсон. У киши тракторчи, иморатсоз уста, ошпаз, гўрбон бўлганлар, комил инсон эдилар. Кишиларга ҳар томонлама ибрат бўлганлар. Бу ҳақда ижодкор дўстларим билан маслаҳатлашдим. Кечаси ўтириб ёздим. Мақолани туман газетаси — “Марказий Фарғона”да чоп этишди.

Шундан сўнг ижодкор дўстларим билан  туман тарихини  бирга ёзишни маслаҳатлашдик. Аввалига “Ёзувчи эмасман-ку, ёзишни билмасам” деган андишам  бор эди. Бироқ дўстим “Ёзиш мана шу-да”, деб менга газетадаги мақоламни кўрсатди. Шу кундан ижодим бошланди.

— Сизни ёзёвонликлар “жадид бобо” дейишади, бунинг сабаби нимада? — дея сўрайман Аҳмаджон  акадан.

— Бизнинг Тошҳовуз қишлоғимизда Уста Маҳмуджон исмли шоир, тарихчи, ўта билимдон уламо инсон ўтганлар. Дастлаб “жадид” деган сўзни ўқувчилик пайтимда ўша улуғ зотдан эшитганман.  У киши “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” китоблари ҳақида гапириб, ёзувчи Абдулла Қодирийни жадид бўлган, уни ана шу жадидлиги учун отиб ташлашган деган эдилар. Шундан кейин менда жадидлар кимлигини билишга қизиқиш кучли бўлган. Бу орзуимга муқаддас неъмат — мустақиллик туфайли эришдим. Телевидение ва матбуотда жадид боболаримиз ҳақида кўрсатувлар, мақолалар берила бошланди. Мен бу кўрсатув ва мақолаларни кўп йиллар кутганим учун қолдирмай кўришга, ўқишга ҳаракат қилдим. Улар ҳақида чиққан китобларни тўпладим. Президентимиз ташаббуси билан “Жадид” газетасининг чоп этила бошлангани  мен учун айни муддао бўлди.

2024 йил 1 январь куни “Маданият ва маърифат” телеканалидаги “Жадид” гезетасининг таъсис йиғилишини қўлимда ручка ва блокнот ушлаган ҳолда тикка туриб хаяжон билан тинглаганман. Йиғилиш тугаши биланоқ  “Мен жадидман” деб сарлавҳа қўйиб, таассуротларимни ёзганман. Ўшандан бери “Жадид” газетасининг ашаддий ўқувчиси ва тарғиботчисиман. Ўз ташаббусимизга кўра, бир дўстим билан пойтахтдаги тарих институтида улуғ жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 150 йиллигига бағишлаб ўтказилган конференцияда иштирок этдим. Мени “Жадид бобо” деб аташлари билан фахрланаман. “Миллий тикланиш” газетасининг 2023 йил 13 декабрь сонида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг “Жадидлар” шеърини ўқиб қолдим. Бу шеър менга ёқиб қолди ва ўйлантириб қўйди. 2023 йил 26 декабрь куни  Тошкент шаҳрида Республика маданият соҳаси ходимларининг кенгайтирилган кенгаш йиғилишида Президентимиз қатнашиб, “Жадидлар” шеъри ҳақида илиқ фикрлар билдирдилар. Мен ушбу шеърни ёдлаб, ўқиб, ижтимоий тармоқларда машҳур ҳам бўлдим. Шу шеър туфайли машҳур жадидшунос олим Баҳодир Карим билан танишдим, — дейди Аҳмаджон ака.

Аҳмаджон ака томорқадан унумли фойдаланиш бўйича ҳам ибратли ишларни амалга оширмоқда. Унинг  26 сотих лимонзори бор.

— 1980 йили томорқага лимон экканман, — дейди Аҳмаджон ака. —10 йилча олдин ўғилларим мени бу соҳада ҳам “нафақага” чиқаришди. Бўш қолдим. Кунларнинг бирида мени 34-мактабга чақириб қолишди. Мактабларда кузатув кенгаши ташкил бўлиб, мени унга раис этиб сайлашди. Шундай қилиб, мактаб ва дарс жараёнларини кузата бошладим. Маълумки, Президентимиз халқ таълими, илм-фан ривожига катта эътибор бермоқдалар. Шундан келиб чиққан ҳолда, вилоятимиз ҳокими Хайрулло Бозоров халқ таълими соҳасининг сифатини кўтариш мақсадида, нуронийлар фаолияти, тажрибасидан самарали фойдаланишни кўзлаб, туманларда халқ таълими бўйича маслаҳатчи вазифасини жорий қилди. Менинг 34-мактабдаги кузатув ишларимдан хабар топган туман ҳокими Дилшоджон Жалилов ўзига маслаҳатчи қилиб тайинлади. Бу менинг ҳаётимга янги мазмун киритди. Ҳозир туманимиздаги 40 та мактабни яхши биламан. Мактабдагилар ҳам мени яхши танишади. Халқ таълими бўлими билан ҳамкорликда ўқиш ва ўқитиш ишларини Президентимиз айтганларидек юқори савияга кўтариш учун юракдан  меҳнат қилмоқдамиз. Бугунги Янги Ўзбекистонимизда меҳнат қилган, изланганнинг қадри баланд, албатта. Қисқа вақт ичида мени биринчи даражали “Меҳнат фахрийси”, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонлари,  “Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан мукофотлашди. Ҳозирда шу юртнинг фарзанди сифатида унинг юксалиши учун оз бўлса-да, ҳисса қўшаётганимдан беҳад бахтиёрман.

Муҳаммадрасул Кимсанбоев,

Фарғона вилояти.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan