Бугун таниқли давлат ва жамоат арбоби, филология фанлари номзоди, доцент, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси ўринбосари Усмонов Шуҳрат Ғиёсович табаррук 80 ёшга тўлди.

Устознинг мазмунли ва ибратли ҳаёт йўли, илм-фан, таълим, маданият ва жамоат ишлари соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнатлари, нуронийлар ва фахрийларнинг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш,  манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фидокорона фаолияти алоҳида эътирофга лойиқдир.

Шуҳрат Усмонов 1997 йилдан “Нуроний” жамғармаси Марказий Кенгашида бўлим бошлиғи, раис ўринбосари, раиснинг биринчи ўринбосари, 2016-2017 йилларда Марказий Кенгаш раиси лавозимларида ишлаган.

Мустақиллик йилларида “Нуроний” жамғармасининг фаолиятини янгидан ташкил қилиш, фаолиятини ривожлантиришда Шуҳрат Ғиёсовичнинг алоҳида хизматлари борлигини эътироф этиш жоиз.

Уларнинг бевосита масъуллигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4906-сонли Фармони ҳамда 2022 йил 15 мартдаги ПҚ-167-сонли ва 2023 йил 11 мартдаги ПҚ-92-сонли Қарорлари ишлаб чиқилиб, ҳозирда ушбу ҳужжатларнинг ижроси муносиб таъминланмоқда.

Шуҳрат Усмоновнинг қарийб 30 йиллик умри, фаолияти мазкур жамғарма тизими билан боғлиқ бўлиб, ушбу давр мобайнида кўплаб шогирдларни тарбиялади. Бугун улар давлатимиз ва ҳукуматимиз бошқаруви органларида турли вазифаларда хизмат қилмоқдалар.

Шуҳрат Усмоновнинг бевосита раҳбарлигида Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳалок бўлган ва бедарак йўқолган 20 минг нафар ўзбекистонлик жангчилар номи аниқланиб, “Хотира” китобининг қўшимча 35- ва 36-жилдлари нашр қилинган.

“Истеъдоднинг олмос қирралари”, “Дўстлик саҳифалари”, “Ҳаёт гулшани” каби рисолалар, 60 дан зиёд илмий-оммабоп мақолалар филология фанлари номзоди, доцент Шуҳрат Усмонов қаламига мансублиги билан бир қаторда, устоз ижодкор “Эл ардоғида”, “Йиллар ва тақдирлар”, “Фидойи умр гулдастаси” каби китобларга ҳаммуаллиф ҳисобланади.

2009 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Афв этиш масалалари бўйича комиссияси аъзоси, 2023 йилдан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси сифатида жамоатчилик ишларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Шуҳрат Усмоновни табаррук 80 ёши билан муборакбод этиб, ҳамиша бугунгидек бардам ва шижоатли бўлиб, фарзандлар, шогирдлар ардоғида, ҳамкасблар даврасида 100 ёш билан юзлашиб юринг, дея тилак билдирамиз.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan