Инсон ҳаётида авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқлик, ҳаётий тажриба ва эзгу мақсадларнинг авлоддан-авлодга ўтиши жамият тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Кекса авлоднинг бой ҳаётий тажрибаси, ўрта авлоднинг ташаббускорлиги ва ёшларнинг шижоати бир мақсад йўлида бирлашса, бундай ҳамжиҳатлик юрт тараққиётининг мустаҳкам таянчига айланади.
Тошкент шаҳар Юнусобод туманининг “Биллур” маҳалласида “Ягона халқ, ягона Ватан, ягона мақсад!” шиори остида навбатдаги “Уч авлод учрашуви” тадбири бўлиб ўтди.
Унда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси ўринбосари Шуҳрат Усмонов, жамғарманинг Тошкент шаҳар бўлими раиси, сенатор Рустам Калонов, Юнусобод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Тўлаганов, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Иқболхон Ашрапова, нуроний отахону онахонлар, ўрта ва ёш авлод вакиллари иштирок этдилар.
Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ташкил этилган тадбирда “Биллур” маҳалласида истиқомат қилувчи 85 ёшли олим, техника фанлари доктори, профессор, фантаст ёзувчи ва рассом Қудрат Дўстмуҳаммад ўзининг ҳаётий тажрибаси ҳамда ибратли сабоқлари билан ўртоқлашди. Шунингдек, спортнинг бешкураш тури бўйича халқаро мусобақалар ғолиби, мактабни олтин медаль билан тамомлаб, бугунги кунда Тошкент давлат юридик университетида давлат гранти асосида таҳсил олаётган иқтидорли ёшлардан бири Самира Абзалова ўз ютуқлари, мақсад ва режалари, ҳозирда ёшларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида сўз юритди.
Ҳозирда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда фаол нуронийлар иш олиб бормоқдаларки, уларнинг бевосита иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ўзининг муносиб самараларини бермоқда.
Бунинг ёрқин исботини жойларда ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви” маънавий-маърифий тадбирларида яққол кўришимиз мумкин. Ушбу тадбирлар ўрта, айниқса, ёш авлод вакиллари учун ўзига хос ибрат, ҳикмат ва рағбат бўлиб хизмат қилаётганлиги айни ташаббусларнинг аҳамиятини янада оширмоқда.
Шунингдек, пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги 202-сонли умумталим мактабида ҳам “Уч авлод учрашуви” тадбири ўтказилиб, унда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси ўринбосари Шухрат Усмонов, пойтахтлик фаол нуроний ва ёшлар иштирок этишди.
Мулоқотлар давомида нуронийлар ёшларга ўзларининг бой ҳаётий тажрибаларидан сўзлаб, Ватанга садоқат, она юртга чин дилдан хизмат қилиш, халқ манфаатлари йўлида фидойилик кўрсатиш муҳимлигини айтиб ўтдилар.
Уларда иштирок этган ёшлар олам-олам таассуротларга эга бўлиш билан бир қаторда, ўз мақсадларини янада аниқлаштириб, келгусидаги режаларини яна бир карра мустаҳкамлаб олдилар.
Ҳожиакбар Вапаев,
Тошкент шаҳри.