Қибрай туманида бир гуруҳ нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак

нишони тантанали топширилди

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги “Нуронийлар маскани”да “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонига сазовор бўлган бир гуруҳ фахрийларга мазкур мукофотларни топширишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев, “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раиси, сенатор, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, жамғарма раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев иштирок этдилар.

Маълумки, мазкур кўкрак нишони Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 июлдаги тегишли қарори асосида мамлакатимиз иқтисодиёти, ишлаб чиқариш, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш, юриспруденция ва бошқа соҳаларда кўп йиллар давомида ҳалол, фидокорона ва самарали меҳнат қилиб, юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, оилада юксак маънавий муҳитни қарор топтирган, фарзандларини Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаган табаррук отахону оналаримизни муносиб рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.

— Бу йил Тошкент вилоятининг фаол фахрийларидан 70 га яқин кишига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари топширилди. Бу мукофотни олган фахрийларнинг хонадони эшигига “Бу уйда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби … яшайди” деган темир лавҳ ўрнатилади. Бу эса уларга  ўзгача фахру ифтихор бағишлайди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бугуннинг фахрийлари — энг бахтли фахрийлар. Чунки улар муҳтарам Юртбошимизнинг эътиборлари ва ғамхўрликлари остида, — дейди Шароф Убайдуллаев.

— Юксак мукофотга менинг ҳам номзодим муносиб кўрилганидан ҳурсандман, — дейди “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Фарида Йўлдошева. — Муҳтарам Президентимизга бунинг учун улкан миннатдорлик билдираман. Ҳақиқатан ҳам, маданият ва маънавият барқарор жойда инсон қадри улуғ бўлади. Ўзим таълим соҳасида 40 йиллик тажрибага эга ўқитувчиман. Бугун биз, бувижонлар, нуронийлар бундай эҳтиромдан ғоят бахтлимиз. Шунга жавобан ўз ишимизда ёшлар билан яқин ҳамкорликда ишлаб, уларга саодатли оила сирларини ўргатиб бормоқдамиз.

Тадбир давомида нуронийлар бир дастурхон атрофида ширин суҳбат қуриб, санъаткорлар томонидан ташкиллаштирилган бадиий дастур, дилрабо куй-қўшиқлардан баҳраманд бўлдилар.

Майсара Назарова,

“Нуроний” мухбири.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan