Давлатимиз мустақиллигининг қутлуғ 35 йиллик байрами олдидан Андижон шаҳрининг муҳташам саройларидан бири — “Кўҳинур” ресторанида вилоятнинг энг фаол ва ибратли нуронийларининг бир гуруҳига “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонларини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Унда “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов иштирок этиб, бугунги кунда юртимизда нуронийларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, фаоллигини ошириш, олтинга тенг тажриба ва билимларидан ёш авлодни камол топтириш, аҳоли фаровонлигини оширишда самарали фойдаланишга катта эътибор берилаётганини алоҳида таъкидладилар. Ўз навбатида, кўкрак нишонлари билан тақдирланганларни чин дилдан муборакбод этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4906-сонли Фармони ҳамда 2017 йил 14 июлдаги “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги 3133-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича мамлакатимизда тизимли ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, турли соҳаларда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган нуронийлар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланаётганлиги кекса авлод вакиллари кўнглини тоғдек кўтармоқда.
Вилоятимизда кўп йиллар турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб, ҳозирги кунда ҳам юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ташаббускор, фидойи нуронийларимиздан 61 нафари “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Мукофотланганларнинг 35 нафарига I, 19 нафарига II ва 7 нафарига III даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонлари ҳамда вилоят ҳокимлигининг совғаларини “Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комиловлар тантанали равишда топширдилар.
“Нуроний” жамғармаси Андижон вилояти бўлими жамоатчилик Кенгаши аъзолари ҳамда фаол ёшлар таклиф этилган “Нуронийларга ҳурмат ва иззат” деб номланган маънавий-маърифий тадбир бир пиёла чой устида нуронийларнинг дилкаш суҳбатлари асосида ўтказилганлиги нур устига аъло нур бўлди.
Юқори савияда ташкил этилган ушбу тадбирда санъаткорлар ўзларининг куй-қўшиқлари билан даврага файз киритдилар.
Маъмуржон Икромов,
“Нуроний” жамғармаси Андижон вилояти
бўлими раиси ўринбосари.