Кўчадан ўтаётиб, дарвозага илинган: “Ушбу хонадонда “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланган оила истиқомат қилади” деган ёзувга кўзингиз тушса, беихтиёр ушбу хонадон соҳибларининг ҳаёт тарзи, жамиятда тутган ўрни ва ибратли фаолияти ҳақида ўйлайсиз. Ана шундай намунали оилалардан бири Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Кумушкент” маҳалласида истиқомат қилаётган Мансуровлар оиласидир.

Мазкур оилада маънавий муҳит, ўзаро ҳурмат ва соғлом турмуш тарзига устувор қадрият сифатида қаралади. Оила бекаси Майрам Шаймуродова узоқ йиллар таълим соҳасида самарали меҳнат қилган. Бугун эса нафақада бўлишига қарамай, ўзининг бой ҳаётий тажрибасини ёш авлод тарбиясига бағишлаб келмоқда.

Онахон Вобкент туманидаги 4-сонли умумтаълим мактаби “Фахрийлар кенгаши” раиси сифатида ўқувчилар билан учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ва турли давра суҳбатларини мунтазам ташкил этиб, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга садоқат ҳамда соғлом турмуш тарзига даъват этмоқда.

Халқаро оила куни муносабати билан “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирланган Майрам Шаймуродованинг яна бир эътиборга молик жиҳати — спортга бўлган чексиз меҳридир. Ая нуроний ёшда бўлишига қарамай, жисмоний фаолликни кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айлантирган. Мунтазам машғулотлар орқали соғлиғини мустаҳкамлаб, атрофдагиларга ҳам соғлом турмуш тарзининг афзалликларини намоён этмоқда.

Майрам опа нуронийлар ўртасида туман ва вилоят миқёсида ўтказиладиган спорт мусобақаларида фаол иштирок этиб, бир неча бор фахрли ўринларни қўлга киритган. Унинг спортдаги ютуқлари нафақат шахсий муваффақият, балки ёши улуғ инсонлар учун ҳам фаол ва мазмунли ҳаёт кечириш мумкинлигининг ёрқин исботидир. Онахон ҳар бир мусобақада ўзини қатъият, ирода ва соғлом турмуш тарзининг ҳақиқий тарғиботчиси сифатида намоён этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ислоҳотлар жадал тус олган ҳозирги янгиланиш  ва бунёдкорлик даврида Мансуровлар оиласи миллий қадриятларни ўзида мужассам этиб, маҳалла аҳли ва ёшлар учун чин маънода ибрат мактабига айланиб келмоқда.

Дилафруз ОБЛОҚУЛОВА.

By Behzod

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan