“Нуроний” жамғармаси республика Бошқаруви, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази ҳамда Олмазор туманида жойлашган “Қуёш” маҳалласи кутубхонаси ҳамкорлигида ўтказилган ижодий кеча ўзининг серқирра фаолияти, маданиятимиз ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси билан халқимиз ардоғига сазовор бўлган шоира ва адиба — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони, “Олтин қалам” Миллий мукофоти соҳибаси Муқаддас Абдусаматова ижодига бағишланди.
Тадбирда Тошкент шаҳар “Билим” ахборот-кутубхона маркази жамоаси, туманлардаги ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари, Муқаддас Абдусаматованинг яқинлари, касбдошлари, шогирдлари, “Нуроний” жамғармаси Олмазор тумани бўлими, маънавият бўлими вакиллари, “Қуёш” маҳалласи кутубхонаси китобсеварлари, маҳалла фаоллари, таниқли ёзувчилар, шоирлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Муқаддас Абдусаматова 1941 йил 28 апрелда Тошкент шаҳрида зиёли оиласида таваллуд топган. Умрининг илк йилларидан бошлаб, илмга чанқоқлик, сўзга муҳаббат Муқаддасхоннинг қалбида чуқур илдиз отди. 1960 йили пойтахтдаги 22-ўрта мактабни муваффақиятли тамомлаган қалби орзуларга тўла қиз ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультети журналистика бўлимига ўқишга кириб, уни муваффақиятли тамомлади.
Ижодкорнинг меҳнат фаолияти 1966 йилдан бошланган. “Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасининг адабиёт ва санъат бўлимида адабий ходим сифатида иш бошлаган Муқаддас опа қарийб 30 йилдан ортиқ вақт давомида ушбу бўлимнинг мудири вазифасида меҳнат қилиб, ўзбек журналистикаси ва адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшди. Опанинг раҳбарлиги остида минглаб ижодкор ёшларнинг қалами чархланди, уларнинг ижоди кенг жамоатчиликка етказилди.
Муқаддас Абдусаматованинг бадиий ижоди сермаҳсулдир. Унинг қаламига мансуб “Умр лаҳзалари”, “Оналик бахти”, “Фазилатим — фозилалигим”, “Умр — ипга терилган маржон”, “Шукрона”, “Сайланма”, “Ортда қолган излар”, “Уйғоқ туйғулар”, “Оила — муқаддас”, “Бунча ширинсан, ҳаёт!” каби қатор шеърий ва насрий китоблари чоп этилиб, китобхонлар меҳрини қозонган. Ушбу асарлар инсон руҳиятининг энг нозик қирраларини, она Ватанга муҳаббат, оила муқаддаслиги ва инсоний фазилатларни теран тараннум этиши билан ажралиб туради.
Тадбирда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмасининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи Гулнора Йўлчиева, “Нуроний” жамғармаси Олмазор тумани бўлими раиси Мирзиёд Мирпўлатов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулчеҳра Умарова сўзга чиқиб, аёл — нафақат оиланинг файзи, фарзанднинг тарбиячиси, балки у жамият кўзгуси эканлиги, айниқса, Муқаддас опа каби ижодкор аёллар жамиятимиз фахри, ғурури эканлиги, уларнинг ҳар бир сатрида Ватан туйғуси, инсоний қадриятлар тараннум этилиб, сатрларидан она ерга чексиз садоқат ва аёллик латофати барқ уриб туришини таъкидладилар.
Муқаддас Абдусаматова эътибор ва эътироф учун улкан миннатдорлик билдириб, иштирокчиларга ўз шеърларидан ўқиб берди ва адабиёт ихлосмандлари билан дилдан суҳбат қурди. Шунингдек, ёшлар тарбияси, уларни камолга етказиш, бу жараёнда нуроний отахону онахонларнинг ўзига хос ўрнига тўхталиб, фикрларини ҳаётий ҳикматлар ва ўз фалсафий қарашлари билан изоҳлади. Айниқса, Муқаддас опанинг дутор садолари остида ижро этган куй- қўшиқлари иштирокчиларга янада кўтаринки кайфият улашди.
Ҳафиза КАРИМОВА,
Тошкент шаҳар “Билим” АКМ директори,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори.