Катта авлоднинг шарафли ҳаёт йўли ва бой тажрибаси ёшлар учун ибрат, эзгу анъаналар давомийлигини таъминловчи энг муҳим мезондир. Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган “Уч авлод учрашуви” тадбирларининг асосий мақсади ҳам ана шу эзгу ғояга асосланади. Мулоқотларда турли авлод вакиллари бир даврада жам бўлиб, самимий суҳбат қуриши, устозлар ўгитидан баҳраманд бўлиши алоҳида аҳамиятга эга.
Ана шундай учрашувлар доирасида меҳнат фахрийларини муносиб тақдирлаш эзгу анъанага айланган. Йиллар давомида ҳалол меҳнати, фидойилиги билан эл-юрт ҳурматини қозонган инсонларга кўрсатилаётган эҳтиром ёшлар қалбида ватанпарварлик ва меҳнатсеварлик туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Тошкент шаҳридаги “Табассум” тантаналар мажмуасида ўтказилган навбатдаги “Уч авлод учрашуви” ҳамда меҳнат фахрийларини мукофотлаш маросими ҳам ибратли мулоқот ва эътирофларга бой бўлди. Тантанали тадбирда юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, фарзанд ва набираларини элу юртга содиқ инсонлар этиб тарбиялаган фидойи нуронийларга юксак эҳтиром кўрсатилди.
Гувоҳи бўлмоқдамиз, бир оғиз самимий сўз, ибратли воқеа ёшларга баъзан юзлаб саҳифали китоблардан кўра кўпроқ таъсир қилади. Шу маънода, “Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 426 маротаба “Уч авлод учрашуви” ташкил этилди.
Ушбу тадбирларда 35 мингдан зиёд кекса ва ўрта авлод вакиллари, хусусан, 33,5 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди. Учрашувларда ёзувчи-шоирлар, олим ва санъаткорлар, 260 нафар “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ҳамда турли давлат мукофотлари соҳиблари, шунингдек, таниқли спортчилар, ҳунармандлар ва тадбиркорларнинг фаол қатнашгани мулоқотлар мазмуни ва савиясини оширишга хизмат қилди.
Эътиборлиси, 2018 йилдан буён Тошкент шаҳрида яшовчи 603 нафар нуроний “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган. Бугалги тадбирда эса турли соҳаларда узоқ йиллар ҳалол меҳнат қилган, оилалар мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбиясига муносиб ҳисса қўшган яна 55 нафар фахрийга ушбу мукофотлар топширилди. Нуронийларнинг 21 нафари 1-даражали, 23 нафари 2-даражали, 11 нафари 3-даражали кўкрак нишонига сазовор бўлди.
— Кечагина ота-оналаримиз, устозларимиз изидан юрган, уларнинг маслаҳатларига таяниб иш тутган ёшлар эдик, — дейди Яшнобод туманида яшовчи 95 ёшли Муборак опа Нуритдинова. — Бугун эса ўзимиз ёшларга йўл-йўриқ кўрсатадиган ёшга етдик. 43 йил халқ таълими тизимида ишлаб, ўқувчилар билан бирга, ўқитувчиларга ҳам сабоқ бердим. Бугун 1-даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганимдан бошим кўкка етди. Инсонга меҳнат қилган йиллари эмас, балки уларнинг фидойилик, ҳалоллик билан ўтгани кексаликда шараф ва иззат келтиришини яна бир бор англадим.
Умрини ҳалоллик ва фидокорона меҳнатга бахшида этган бундай инсонлар бугун давлатимиз эътирофида, халқимиз эъзозида. Улар бундан буён ҳам ёш авлодни эзгу йўлларга бошлашда, кеча билан бугунни, бугун билан эртани боғловчи маънавий кўприк бўлишда собит турадилар.
Ҳожиакбар ВАПАЕВ,
“Нуроний” жамғармаси Тошкент шаҳар бўлими бош мутахассиси.